Линклар

Кимлардир мақсадида етди

  • Озодлик

Россиядан бошпана излаётган ўзбекистонлик Рустам Мўминов мамлакат қонунларини бузганликда айбланиб, кутилмаганда ўз мамлакатига экстрадиция қилинди.

26 октябрь куни Москва шаҳри суди уни Россиядан чиқариб юбориш тўғрисидаги қарорга қарши киритилган шикоят аризани кўриб чиқиши керак эди. Сешанба куни эса Страсбургдаги инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Р.Мўминовнинг экстрадициясини тўхтатганди.

17 октябрь куни Россиянинг “Фуқаровий кўмак” инсон ҳуқуқлари ташкилоти идорасидан ушлаб кетилган Р.Мўминов Москва шаҳри ички ишлар бошқармасининг депортацияга ҳукм қилинган хориж фуқароларини сақлаш марказида ушлаб турилганди. Мазкур марказ ходимаси Юлия Пигарина “Озодлик”ка берган интервьюсида Р.Мўминов Москва шаҳри прокуратураси қарорига кўра Ўзбекистонга экстрадиция қилинганини билдирди.

“(Р.Мўминов) қачон ва қайси вақтда чиқариб юборилганини айта олмайман, аммо экстрадиция қилингани аниқ. Мен шу идоранинг ходимиман. Сизга экстрадиция қилинди, дедимми, демак бу маълумот тўғри”, - деди Ю.Пигарина.

Аммо Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати раҳбари Светлана Ортиқова бу ҳақда маълумотга эга эмаслигини таъкидлади.

Страсбург суди ходими эса бу ҳақда ҳеч қандай изоҳ бермаслигини айтди.

“Кечирасиз-ку, аммо бу вазиятни шарҳлай олмаймиз. Бундан ташқари, биз Россия ҳукуматига юборган мактубимизга ҳеч қандай жавоб олганимиз йўқ”, - деди Европа суди ходими.

“Халқаро амнистия” ташкилоти ходимаси Фридерика Бер куни-кеча Р.Мўминов Ўзбекистонга экстрадиция қилинса, уни оғир мусибатлар кутиши мумкинлигидан ташвиш билдирган эди.

“Фуқаровий кўмак” ташкилоти раҳбари Светлана Ганнушкина эса Р.Мўминовнинг экстрадиция қилинганини эшитиб ларзага келганини билдирди.

“Мен ҳар куни қонунбузарликларга дуч келаман, аммо ҳали қонунбузарликнинг бундай даражасини учратмаган эдим. Ҳамма унинг эктрадиция қилинишини тўхтатиш ҳақида шикоят арзизаси берилгани, Европа судига ҳам шикоят аризаси юборилганини билар эди. Мен қандай мамлакатда яшаëтганимни билар эдим, аммо менинг давлатим қонунни бу даражада писанд қилмаслигидан хабарим йўқ экан”, - деди С.Ганнушкина.

У Р.Мўминовнинг сешанба куни кечки рейс билан Ўзбекистонга жўнатиб юборилганини маълум қилди.

“У кеча соат 19.20 даги рейс билан Ўзбекистонга жўнатилди. Бу пайтда эса Россия расмийлари экстрадицияни тўхтатиб туриш ҳақидаги Европа судининг қароридан хабардор эди. Чунки бу пайтда Европада кеч тушиб қолганди. Демак иш вақти тугаган. Факс эса иш пайтида жўнатилган эди. Бундан ташқари, Ўзбекистон бизга жуда яқин эмас, шунинг учун расмийлар парвоз вақтида ҳам экстрадицияни тўхтатса бўларди”, - дейди С.Ганнушкина.

Унинг сўзларига кўра, миграция хизмати ва Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари Р.Мўминовни у ушлаб турилган Москва шаҳри ички ишлар бошқармасининг депортацияга ҳукм қилинган хориж фуқароларини сақлаш марказидан олиб кетган.

Асли сурхондарёлик Р.Мўминов 2003 йилдан Россиянинг Липецк вилоятида қонуний рўйхатдан ўтган ҳолда маҳаллий қаҳвахоналаридан бирида ошпаз бўлиб ишлаган. У 2005 йил ноябрь ойида Россия ички ишлар ходимлари томонидан қўлга олинган ва бу Ўзбекистон томони сўрови билан амалга оширилгани айтилган. Ўзбекистон уни конституциявий тузумга тажовуз қилиш, ноқонуний диний экстремистик ташкилотларга аъзолик, улар фаолиятига оид материалларни тарқатишда айбламоқда.

2006 йил 21 мартда Россиянинг НТВ канали орқали Р.Мўминов ҳақида махсус репортаж тайёрлаган ва у Андижон исёни иштирокчиси, хавфли террорчи сифатида кўрсатилган эди.

Аммо шу йил 29 сентябрь куни Россия Бош прокуратураси уни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш тўғрисидаги қарорни бекор қилган ва 8 ойлик ҳибсдан сўнг озод этганди.
XS
SM
MD
LG