Линклар

Пьер Морелнинг Тошкентга сирли ташрифи

  • Фаррух Юсуфий

Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича вакили Пьер Морел бошчилигидаги делегация Ўзбекистонда сирли ташриф билан бўлди. Бу ҳақда дастлаб “Рейтер” агентлиги хабар тарқатди.

Бу делегациянинг Тошкентга сафари ҳақида ҳеч қаерда эълон қилинмади. Ўзбекистон матбуоти европалик олий мартабали меҳмонлар ҳақида лом-мим дегани йўқ.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси “Озодлик” мухбири билан суҳбатда ЕИ делегацияси ҳақиқатан ҳам Тошкентга келганини тасдиқлади.

Пьер Морелнинг котибаси Мари Топли эса бошлиғи аллақачон Тошкентдаги учрашувларини якунлаб, Ўзбекистонни тарк этганини маълум қилди.

Ўтган йили ЕИ Андижон воқеалари юзасидан мустақил текширув ўтказишга рухсат бермаган Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан санкциялар жорий қилган эди. Жазо чораларида Ўзбекистон ҳукуматининг 12 мулозимига виза чеклови ҳамда мамлакатга қурол-яроғ эмбаргоси назарда тутилган.

14 ноябрда Брюсселнинг Тошкентга нисбатан қўллаган жазо чораларининг муддати тугайди ва Европа комиссияси сакнцияларни кучда қолдириш ёки бекор қилиш масаласини ҳал этиши керак.

Бир йиллик санкциялар муддати тугаши арафасида ЕИ расмийлари бўзчининг моккисидай Тошкентга келиб кетадиган бўлиб қолди. Пьер Морел етакчилигидаги делегация сўнгги бир неча ҳафта ичида Европадан Тошкентга келган меҳмонларнинг бешинчи ёки олтинчи гуруҳи бўлди.

Аксарият ҳолларда бу ташрифлар махфий тарзда амалга ошириляпти ва меҳмонлар мезбонлар билан нимани муҳокама қилгани сир сақланмоқда. Кузатувчилар европалик олий мартабали меҳмонлар ҳар қалай Тошкентга палов егани келмаётганини қайд этмоқда.

Россиялик Марказий Осиё масалалари бўйича таҳлилчи Виталий Портников Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан қўлланган чоралар кутилган натижа бермагани боис, ЕИ ўз позицияларини қайтадан кўриб чиқиш йўлини тутаётганини айтади.

“Бугунги кунда Ўзбекистонда амалдаги режимга муқобил куч йўқ. Бошқа томондан эса Ғарбнинг сиёсий вазифалари бор, бу вазифалар Марказий Осиёдаги ўз мавқеини сақлаб қолиш, террорчиликка қарши кураш, террор таҳдидига қарши биргаликда курашдан иборат. Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистонга нисбатан жазо чоралари қўлланиши ЕИнинг жиддий хатоси бўлди, чунки Тошкент билан мулоқот қилиш имкониятлари йўққа чиқди. Бугунги кун воқелиги эса бу мулоқотнинг тикланиши лозимлигини тақозо қиляпти. Андижон фожеаси каби воқеалар такрорланмаслиги учун бу режим билан гаплашиш керак”, - дейди В.Портников.

Ўзбекистон “Эрк” демократик партияси етакчиси Муҳаммад Солиҳ эса ЕИнинг Тошкент режимига нисбатан қўллаган жазо чоралари натижа бермагани ростлиги, бироқ бунинг сабаби Ғарбнинг эгаллаган мавқеи кескин бўлганида эмас, аксинча санкцияларнинг етарли даражада бўлмаганида эканини таъкидлади.

Тошкентга нисбатан жазо санкцияларини кучда қолдириш ёки бекор қилиш масаласи келаси ойнинг ўрталарида Европа комиссиясида муҳокама қилинади. Германия расмийлари ЕИ мамалакатлари орасида Ўзбекистонга қарши санкцияларни бекор қилиш ғоясини илгари сурмоқда. Бунинг асосий сабабларидан бири Европа Ўзбекистоннинг энергия бойликларидан баҳраманд бўлиш ниятида экани билан изоҳланмоқда.

Россиялик таҳлилчи В.Портников ана шу фикрни илгари сураётганлардан бири.

“Бу ҳам масаланинг асосий жиҳатларидандир. Европа учун энергия мавзуси бугунги кунда долзарб ҳисобланади. Россия энергия бойликларига мутлақ тобеълиги вазиятида Европа ўзининг энергетик мустақиллигини кафолатлай оладими-йўқми, деган савол кўндаланг қўйилмоқда. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Европа учун энергия бойликларининг муҳим муқобил манбаси ўлароқ қаралмоқда. Бу жиҳатдан ҳам энергетика соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш учун мулоқот даркор. Тўлақонли мулоқот ўрнатиш учун эса Европа мамлакатлари И.Каримов ҳукумати билан муроса қилиши керак”, - дейди В.Портников.

Муҳаммад Солиҳ эса И.Каримов режимининг Ғарб билан очиқ мулоқотга бориши ва хусусан, Европа учун энергия воситаларининг ишончли манбаси бўла олишига шубҳа билдирди.
XS
SM
MD
LG