Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:29

А.Вешняков ўзбекистонлик ҳамкасбларига нимани ўргатади ёки ўрганадими?


Тошкентга ташриф буюрган Россия Марказий сайлов комиссияси раиси Александр Вешняков Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси ва Олий Мажлис мулозимлари билан учрашди.

Ўзбекистон МСК ходимаси “Озодлик” мухбири билан суҳбатда А.Вешняков Тошкентда учрашувлар ўтказганини тасдиқлади, аммо ташкилот матбуот котиби раҳбарининг изнисиз бу музокаралар тафсилотлари ҳақида маълумот бера олмаслигини билдирди.

Ўзбекистон Олий Мажлисининг халқаро муносабатлар ва парламентлараро алоқалар бўлими бошлиғи Файзулло Абдувакилович сўзларига кўра, А.Вешняков билан учрашувлар Ўзбекистон парламентининг юқори палатасида ҳам бўлиб ўтган. Шунингдек, ўзбекистонлик депутатлар ва МСК ходимлари россиялик политтехнологлар ташкил қилган амалий семинарда қатнашган.

Лондонда яшаётган ўзбекистонлик таҳлилчи Алишер Илҳомов фикрича, А.Вешняковнинг Ўзбекистонга ташрифи мамлакатда сайловлар мавсуми Россия ҳомийлигида бошланганидан даракдир.

“Бугун Россия Ўзбекистон учун бошпаноҳ, ҳомий ота ролини ўйнамоқда. Бу нарса шу пайтгача расмий Тошкент иддао қилиб келаëтган мустақиллик ҳақидаги муждаларга зид тарзда юз бермоқда. Мажозий қилиб айтсак, от айланиб қозиғини топяпти. Биз яна катта рус оға бағрига қайтмоқдамиз”, - дейди А.Илҳомов.

Россиянинг қўшни мамлакатларга, масалан, Украинадаги сайловларга фаол аралашгани зарғалдоқ инқилобни келтириб чиқарган эди. Россиянинг Ўзбекистондаги сайловга аралашиши ҳам Кремль учун кутилмаган натижаларга олиб келмайдими?

“Айни пайтда Украина ва Қирғизистондаги каби воқеалар Ўзбекистонда ҳам рўй беради, деб олдиндан айтиш қийин. Ўзбекистонда фуқаровий жамият ривожи ибтидоий ҳолатда. Мухолифат етакчилари мамлакатдан қувилган. Мамлакат ичида сайловга таъсир қилиши мумкин бўлган мухолиф кучлар оëғига кишан урилган. Бу жимжит ҳудудда сиëсий ўзгариш бўлмайдигандек. Аммо тақдир ҳазили ëки тарих эврилиши, деган нарса бор. Россия Ўзбекистонда қош қўяман, деб кўз чиқариши мумкин”, - дейди А.Илҳомов.
XS
SM
MD
LG