Линклар

Ироқдаги вазият Жорж Бушни қониқтирмаяпти

  • Ҳасанжон

АҚШ президенти Жорж Буш Ироқдаги вазият уни қониқтирмаслиги, у ердаги қуролли тўқнашувлар оқибатида ҳам ироқликлар, ҳам Америка ҳарбийлари катта талофат кўраётганини таъкидлади.

Шунга қарамай, у “эркинлик қудрати нафрат ғояси”дан устун бўлишига умид қилиб, ғалабага эришилмагунча Америка ҳарбийлари Ироқни тарк этмаслигини билдирди.

Жорж Буш Ироқда давом этаётган зўравонликлар оқибатида октябрь ойининг 25 куни давомида ўнлаб тинч аҳоли вакиллари, АҚШнинг юзга яқин аскари, шунингдек, Ироқ полицияси ва армиясининг 300 дан ортиқ хизматчиси нобуд бўлганини айтди.

“Ироқдаги ҳозирги вазият аксарият америкаликларни қониқтирмайди. Мен буни биламан. У ердаги вазият мени ҳам қониқтирмайди”, – деди АҚШ раҳбари.

Жорж Буш уруш икки ғоя – бири исёнчилар, бошқаси америкаликлар қўллаб-қувватлаётган ғоялар ўртасидаги тўқнашув эканини таъкидлади.

“Менинг фикрим шу: агар биз мақсадимизга эришмай Ироқни тарк этсак, ютқазган бўламиз. Мен террорга қарши кенг миқёсли урушда, яъни ғоялар тўқнашувида биз мақсадимизга етамиз, деган фикрдаман. Агар имконият берилса, озодлик қудрати ҳар гал нафрат ғояси устидан ғалаба қозонишига ишонаман”, – деди Ж.Буш.

АҚШ президентининг рақиблари Ироқдан Америка қўшинларини олиб чиқиш муддатини белгилашга чақирмоқда. Улар фикрича, агар шундай қилинса, бу Ироқ ҳукуматини мамлакатда хавфсизликни таъминлаш масъулиятини тезроқ ўз зиммасига олишга рағбатлантиради.

24 октябрь куни АҚШнинг Ироқдаги элчиси Залмай Халилзод ва АҚШнинг Ироқдаги кучлари қўмондони генерал Уилям Кейси бир йилдан бери мустақил фаолият юритиб келаётган Ироқ ҳукумати 12-18 ой ичида курашга етакчилик қилиши мумкинлигини айтди.

Жорж Буш Ироққа қўшни бўлган икки давлат – Эрон ва Сурия Ироқдаги мазҳаблараро урушни тўхтатишда ёрдам беришига умид билдирди. Аммо у Эрон уранни бойитиш дастуридан воз кечмагунча Теҳрон расмийлари билан тўғридан-тўғри музокара ўтказилмаслигини маълум қилди.

Оқ уйда ўтказилган матбуот анжуманида ер ости ядровий синови ўтказгани учун БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан санкциялар жорий қилинган Шимолий Корея ҳақида ҳам гап борди. Журналистлардан бири президентдан ана шу халқаро санкцияни амалга тадбиқ этишда қатнашмаслик тўғрисида Шимолий Корея Жанубий Кореяни огоҳлантиргани ҳақида нима дея оласиз, деб сўради. АҚШ раҳбари бу огоҳлантириш уни ташвишга солмаслигини айтди.

“Менимча, Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ир унинг халқи келажаги учун ҳозиргидан кўра яхшироқ йўл борлиги хусусида музокара олиб бораётган беш давлат иродасини синаб кўрмоқчи. У айнан нима деганини аниқ билмайман, аммо бу унинг биринчи марта таҳдид қилиши эмас. Бизнинг мақсад бирга ишлаётган ҳамкорларимизга мазкур муаммони дипломатик йўл орқали ҳал этиш йўлидаги уринишларни давом эттириш кераклигини эслатишдан иборат”, – деди Жорж Буш.

АҚШ раҳбари Шимолий Кореяни ядровий қурол яратиш дастуридан воз кечишга кўндириш учун Пхенян расмийлари билан музокара олиб бораётган АҚШ, Хитой, Япония, Россия ва Жанубий Кореяни назарда тутиб шундай баёнот берди. Президент ўз маъмурияти ва Пхенян расмийлари ўртасида тўғридан-тўғри музокара ўтказилишини қатъиян рад этди.
XS
SM
MD
LG