Линклар

Ўзбекистондан келаётган мужда ЕИни яна нималарга мажбур қилади?

  • Фаррух Юсуфий

Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Морел ҳам, унга Тошкент сафари давомида ҳамроҳлик қилган расмийлар ҳам Ўзбекистон меҳмони бўлиб қайтганини тан олмоқда-ю, нега боргани ҳақида гапиришни истамаяпти.

Эслатиб ўтамиз, ЕИ делегациясининг Тошкентга сафари хуфёна, яъни эълон қилинмасдан куни-кеча амалга оширилган эди.

ЕИ ташқи сиёсат мутасаддиси Ҳавьер Солананинг матбуот котиби Кристина Галлаҳ “Озодлик” билан суҳбатда ташриф сир тутилганини тушунтиришга уринар экан: “Ўзингиз яхши биласиз, ЕИ махсус вакилининг ташрифлари сир тутилмайди. Лекин бу ташриф ҳақида эълон қилинмаганида ғайриоддийликни кўрмаслигимиз керак. Айни пайтда дипломатик музокаралар олиб борилаётганда маълум даражада хуфёналик бўлиши табиий ҳол эканини биласиз. Лекин Пьер Моррелнинг Тошкентга сафари сир тутилмаган, фақатгина у ҳақда ҳеч қаерда эълон қилинмади”, - деди.

Унинг сўзларига кўра, Пьер Морел етакчилигидаги делегация Тошкентда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов ва бошқа расмийлар билан учрашган. Ташрифдан асосий мақсад ЕИ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик кенгашининг келаси ойга режалаштирилган учрашуви олдидан Ўзбекистондаги вазиятни ўрганиш бўлган.

“Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистон билан муносабатларимизда маълум қийинчиликлар мавжуд, буни яширишнинг ҳожати йўқ. Ҳозир Ўзбекистон расмийлари билан Брюсселда учрашишга тайёрланяпмиз. Шунинг учун Пьер Морелнинг Тошкентга дипломатик сафари бу учрашувдан олдин Ўзбекистондаги вазиятни ўрганишдан иборат эди”, - дейди Кристина Галлаҳ.

У келаси ойга белгиланган учрашув айнан қачон ва қайси форматда бўлиши ҳақида тўхталмади.

Пьер Морелл билан Тошкентга борган унинг сиёсий маслаҳатчиси Гинтс Аппалс “Озодлик” билан суҳбатда бу учрашув 8 ноябрь куни ЕИ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик ва шериклик келишуви кенгаши доирасида ўтказилишини айтди.

Андижон воқеаларидан кейин Европа Иттифоқи Ўзбекистон билан ҳамкорлик кенгаши доирасидаги алоқаларни қисман тўхтатган. Шунга қарамай, Тошкентга нисбатан жорий қилинган санкцияларнинг тугашига ва уларни кучда қолдириш ёхуд бекор қилиш масаласи Европа комиссиясида муҳокама қилинишига бир ҳафта қолганда Ўзбекистон ҳукумати вакиллари иштирокидаги мазкур кенгаш учрашувининг ўтказилиши маълум хулосаларга ишора қилади.

Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳининг ЕИ билан алоқалар дастурлари раҳбари Алба Ламберти ЕИ мулозимининг Тошкентга хуфёна сафари ва 8 ноябрь кунга белгиланган учрашувга Ўзбекистондан келаётган муждалар сабаб бўлганини айтади.

“Билишимизча, ЕИ вазирлари кенгаши доирасида Ўзбекистонга нисбатан санкцияларни кучда қолдириш ёки бекор қилиш масаласи бўйича сўзлашувлар бошланган. Баъзи аъзо давлатлар, хусусан, тузилмага раислик қилаётган Германия ташаббуси билан 8 ноябрь куни ЕИ-Ўзбекистон ҳамкорлик кенгашининг учрашуви ўтказиладиган бўлди. Бизга маълум бўлишича, Ўзбекистон ЕИ билан, жумладан, инсон ҳуқуқлари масаласи хусусидаги мулоқотни тиклашга тайёрлигини билдирган. Шунинг учун Германия ва Европа комиссияси бу учрашувни ўтказишга қарор қилди. Лекин мазкур учрашувнинг Тошкентга нисбатан санкциялар масаласи ҳал этилишидан 1-2 ҳафта аввал ўтказилаётгани бироз ноқулай вақтга тўғри келмоқда”, - дейди Алба Ламберти.

“Албатта, бу икки масала бир-бирига боғлиқ бўлмаслиги лозим ва кенгаш доирасидаги муҳокамалар санкциялар борасидаги муҳокамаларга таъсир ўтказмаслиги керак, - сўзларини давом эттирди у. -Лекин шу нарсани ҳам биламизки, ЕИнинг баъзи аъзо давлатлари мазкур кенгаш учрашуви воситасида бошқа аъзоларни санкцияларни бекор қилишга кўндиришга уринмоқда”.

ЕИ вакиласи Кристина Галлаҳ хоним санкциялар тақдирига оид саволга жавоб берар экан: “Ўзбекистон билан ЕИ ўртасидаги жорий муносабатлар, жумладан, санкциялар масаласи ҳам ўрганилмоқда. Шунинг учун бу ҳақда бирор баёнот беришдан ўзимни тийган бўлардим. Бир нарсани айтишим мумкинки, Ўзбекистон ҳукуматига инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш борасидаги ЕИ тамойиллари ҳақида гапиришда давом этишимиз керак. Ана шу тамойиллар контекстида Ўзбекистонда рўй бераётган сўнгги воқеаларни ўрганмоқдамиз ва вақти келганда тегишли хулосларни чиқаришимиз мумкин”, - деди.

ЕИ Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистон ҳукуматига инсбатан жорий қилган санкциялар масаласи келаси ойнинг ўрталарида ҳал этилади. Бунда Европанинг баъзи аъзолари, хусусан, Германиянинг Ўзбекистоннинг энергия бойликларидан баҳраманд бўлиш нияти муҳим роль ўйнаши мумкинлигини айтмоқда сиёсатшунослар.

Юқорироқда Тошкентга борган Европа расмийлари сафида Гинтс Аппалс ҳам бўлгани айтилган эди. Гинтс Аппалс асли Болтиқбўйи республикаларининг биридан чиққан, собиқ иттифоқ фуқароси сифатида совет армиясида хизмат қилган. Унинг таржимаи ҳолидан бу фактни эслашга сабаб бор. Шу йилнинг 13 майида Европа парламентида Андижон воқеаларининг бир йиллиги муносабати билан ўтказилган йиғилишда Г.Аппалсга унинг совет армиясидаги тажрибаси қўл келди.

“Г.Аппалснинг ўша учрашувдаги сўзларини мен бир умр эслаб қоламан. 2005 йил 13 майда Андижонда рўй берган воқеалар, яъни аёллар ва болаларнинг отманг, деб қичқиргани ва бунга жавобан пулемётдан отилган ўқлар, портлашлар овози ёзилган аудиотасмани эшитиб бўлгач, жаноб Апалс совет армиясида хизмат қилганини айтиб, ўқ товушлари пулемётники эмас, Калашников автоматиники, деб эътироз билдирганди. Яъни унинг айтишича, аёллар ва болаларни пулемётда эмас, автоматлар билан ўлдирса бўлаверади. Бундан ташқари, у ЕИ Тошкентга нисбатан санкциялар қўллагани, бошқа давлатлар эса қўлламаганидан энсаси қотиб гапирган эди”, - дейди Европа парламентидаги йиғилишда иштирок этган журналист Галима Бухорбоева.
XS
SM
MD
LG