Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:36

ЕИ санкциялар масаласида Ўзбекистоннинг ўзи билан маслаҳатлашади


Европа Иттифоқи Ўзбекистонга жорий этган санкцияларини бекор қилиш ёки уни яна бир йилга кучда қолдириш масаласини расмий Тошкентнинг ўзи билан маслаҳатлашган ҳолда ҳал қилмоқчи.

ЕИ мутасаддиси Фишер Боелнинг билдиришича, ЕИ Ўзбекистонга нисбатан жорий этган санкциясини узайтириш ёки узайтирмаслик масаласини 14 ноябрга қадар ҳал қилади.

“Аъзо давлатларнинг Ўзбекистондаги вазият ҳақида тўлиқ ва тафсилий маълумот олиши учун ноябрь ойи бошида Ўзбекистонда (ЕИ билан) ҳамкорлик кенгаши йиғилиши бўлиб ўтади. Бундан ташқари, ушбу кенгаш Андижон воқеаларидан кейин юзага келган хавотирларимизни бевосита Ўзбекистон ҳукуматига вазирлик даражасида етказиш имкониятини яратади”, - деди ЕИ мутасаддиси.

ЕИга аъзо айрим давлатлар, айниқса, Германия Ўзбекистонга жорий этилган санкциялар натижа бермаётган сабабли айни пайтда Тошкент билан мулоқот зарурлигини айтиб келади. Шу ой ўрталарида ЕИнинг Марказий Осиё ва бошқа минтақалар бўйича комиссияси бошлиғи Хьюго Мингарелли Ўзбекистонга қарши жорий этилган жазо чоралари қайта кўриб чиқилиши мумкинлигини билдирган эди. Шунингдек, ЕИ Ўзбекистонга нисбатан бир йил аввал жорий этилган санкциялар енгиллаштирилиши мумкинлигига ҳам ишора қилган.

Аммо кўплаб ташкилотлар, жумладан, Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи ҳам ЕИ талабини бажармаётган Ўзбекистонга қарши санкциялар кучайтирилиши лозимлигини, хусусан, ЕИга кириши маън этилган ўзбек амалдорлари рўйхати кенгайтирилиб, унга Ўзбекистон президенти номи ҳам киритилиши кераклигини айтиб келмоқда.

“Ўтган йили ЕИ Ислом Каримов режимига қарши санкциялар жорий этганда Ўзбекистондан икки нарса - Андижон воқеалари юзасидан мустақил тергов ва Андижон билан боғлиқ судларни кузатишга рухсат сўраган эди. Ўзбекистон на унисини, на бунисини бажарди. Аксинча инсон ҳуқуқлари фаоллари, ўзгача фикрловчиларга нисбатан тазйиқлар кучайди. Ўзбекистонда сўнгги бир йил ичида вазият яхшиланмаган экан, ЕИ Ўзбекистонга нисбатан чораларни кучайтириши, жумладан, ЕИга кириши тақиқланган Ўзбекистон расмийлари рўйхатини кенгайтириши, у ерга Ўзбекистон президенти Ислом Каримов номини ҳам киритиши керак”, - деганди Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳининг Европа билан алоқалар дастури раҳбари Алба Ламберти.

Аммо пайшанба куни Европарламентнинг Ўзбекистонга оид қабул қилинган резолюциясида ЕИга кириши тақиқланган ўзбек амалдорлари рўйхатини кенгайтириш ва бу рўйхатга Ўзбекистон президенти Ислом Каримов номини ҳам қўшиш чақириқлари қисман рад этилган.


Жорий ҳафта бошида ЕИнинг Пьер Морел етакчилигидаги делегацияси Тошкентда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов ва бошқа расмийлар билан учрашди. ЕИ ташқи сиёсати мутасаддиси Ҳавьер Солананинг матбуот котиби Кристина Галлаҳ ташрифдан асосий мақсад ЕИ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик кенгашининг келаси ойга режалаштирилган учрашуви олдидан Ўзбекистондаги вазиятни ўрганиш бўлганини айтади.

“Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистон билан муносабатларимизда маълум қийинчиликлар мавжуд, буни яширишнинг ҳожати йўқ. Ҳозир Ўзбекистон расмийлари билан Брюсселда учрашишга тайёрланяпмиз. Шунинг учун Пьер Морелнинг Тошкентга дипломатик сафари бу учрашувдан олдин Ўзбекистондаги вазиятни ўрганишдан иборат эди”, - дейди К.Галлаҳ.

Аммо Галлаҳ хоним келаси ойга белгиланган учрашув айнан қачон ва қайси форматда бўлиши ҳақида тўхталмади. Пьер Морел билан Тошкентга борган унинг сиёсий маслаҳатчиси Гинтс Аппалс эса “Озодлик” билан суҳбатда бу учрашув 8 ноябрь куни ЕИ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик ва шериклик келишуви кенгаши доирасида ўтказилишини билдирди.
XS
SM
MD
LG