Линклар

Янги Конституцияда Сербия ҳудуди яхлит экани таъкидланган

  • Ҳасанжон

28-29 октябрь кунлари Сербияда янги Конституция бўйича референдум ўтказиляпти. Ушбу Конституцияда айни пайтда Сербия ҳукуматига бўйсунмайдиган Косово мамлакатнинг бир қисми экани қайд этилган.

Сербияда икки кун давом этадиган овоз бериш жараёнида фуқаролар “Косово Сербиянинг бир қисми” экани қайд этилган янги Конституцияни ёқлаб ёки унга қарши овоз беради. Сайловчилар 1990 йилда ўша пайтдаги мамлакат раҳбари Слободан Милошевич ҳокимият тепасидалиги даврида қабул қилинган Конституция ўрнига янгисини қабул қилиш учун шунчаки “ҳа” ёки “йўқ”, деб жавоб бериши талаб этилади.

Оддий пенсионер Будимир Петрович 28 октябрь куни янги Конституция учун овоз берди.

“Янги Конституция Сербия ва унинг халқи ҳаётида катта ўзгаришлар ясайди”, - дейди пенсионер “Озодлик”ка берган интервьюсида.

Янги Конституцияда Косово Сербиянинг бир қисми экани қайд этилган бўлса-да, Белград расмийлари Косово аҳолисининг 90 фоизини ташкил этувчи албанлар ўз мустақиллигини эълон қилса, Конституциянинг бу бандини амалга тадбиқ этиш имконсиз эканини тан олган. Косовода яшаётган 100 минг серб янги Бош қонун бўйича референдумда қатнашиши мумкин. Аммо косоволик миллион албан янги Конституция бўйича ўтказилаётган референдумда қатнаша олмайди.

Янги Конституцияда Сербиянинг Европа Иттифоқига қўшилишини ҳам назарда тутилган банд бор.

“Сербия Республикаси серб халқи ва у ерда яшовчи барча фуқароларнинг давлатидир. Бу давлат Европа принциплари ва қадриятларига қатъий риоя қилишга асосланган ҳолда қурилган”, - дейилади ундаги бандлардан бирида.

Сербия собиқ Югославиянинг вориси ҳисобланади. Жорий йил июнь ойида Югославия таркибида бўлган Сербиянинг охирги ҳамкори Черногория ҳам ўз мустақиллигини эълон қилган эди. Шу боис, Сербия референдум ўтказяпти. Янги Конституция қабул қилиниши учун Сербиянинг овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларидан 6 миллион 600 минги уни ёқлаши керак. Мамлакатдаги йирик сиёсий партияларнинг ҳаммаси ўз тарафдорларини Сербиянинг янги Конституцияси учун овоз беришга чақирган.
XS
SM
MD
LG