Линклар

logo-print

Афғонистонда толиблар фаоллиги ошиб боряпти

  • Барно Анвар

29 октябрга ўтар кечаси Афғонистоннинг Урузғон вилоятида ҳукумат қўшинлари ва НАТО кучлари билан толибларнинг катта гуруҳи ўртасида қаттиқ тўқнашув рўй берди.

НАТО қўмондонлиги тарқатган маълумотларга кўра, НАТОнинг Урузғондаги ҳарбий қисмига толибларнинг 150 га яқин жангчиси ҳужум қилган. НАТО қўшинлари расмийси Люк Ниттинг НАТО бошчилигидаги қўшин толибларга қарши бир неча соат давомида жанг қилгани ва бу жанг ҳаракатларида ҳарбий вертолёт ҳамда самолётлардан фойдаланилганини маълум қилди.

“НАТО қўшинлари 150 кишидан иборат исёнчилар гуруҳи билан жангга киришди. Улар кейинчалик чекиниб, Урузғон вилояти шимолида яширинмоқчи эди. Биздаги маълумотларга кўра, улардан 70дан ортиғи ўлдирилган”, - деди НАТО расмийси.

Мамлакатда толиблар хуружининг ортиши НАТО қўшинлари уларга қарши ҳаво ҳужумларини кучайтираётган бир вақтга тўғри келмоқда. Афғонистон жанубидаги ана шундай ҳаво ҳужумлардан сўнггиси оқибатида тинч аҳоли вакилларидан 12 киши нобуд бўлди. Бироқ айрим норасмий манбалар ўлган кишилар сони 60 дан ортиқ экани ҳақида хабар тарқатмоқда.

НАТО бош қўмондони, Америка денгиз қўшинлари генерали Жеймс Жонс шанба куни Афғонистон президенти Ҳомид Карзай билан учрашди. Кобулда ўтган учрашувда генерал Афғонистон жанубида тинч аҳолидан қурбон берилгани учун афғон президентидан шахсан узр сўради.

“Мен содир бўлган воқеа учун шахсан узр сўрадим ва бу борада президент Карзайга ўз хавотирларимни билдирдим. Биз бу вазиятга жуда жиддий ёндашамиз, сабабларни яхшилаб ўрганамиз. Биз ҳамиша оддий бегуноҳ одамларни жанг ҳаракатларидан сақлаш учун ҳамма имкониятларни ишга соламиз”, - деди генерал учрашувдан сўнг журналистларга.

Ж.Жонснинг сўзларига кўра, воқеа тунда бўлгани сабабли ҳарбий ҳаракатлар чоғида кутилмаган тартибсизликлар рўй берган.

“Баъзида тун ярмидаги юқори ҳарорат туфайли туман ичидаги жангларда ҳарбийларни ажратиш имконсиз бўлади. Бироқ ўша жойнинг ўзида қарор қабул қилишга тўғри келади. Шу вақтда бегуноҳ одамлар ҳам қурбон бўлганидан, жароҳатланганидан чуқур афсусдамиз ва бу борада текширув ишларини бошладик”, - деди Жеймс Жонс.

Унинг айтишича, Афғонистоннинг Покистон билан чегара ҳудудларида толиб жангчилари сони ортаётгани аломатлари кузатилмоқда. Афғонистон қўшинлари эса ҳануз уларга қарши курашда етарли имконият ва кучга эга эмас.

НАТОга аъзо айрим давлатлар, жумладан, Германия иттифоқчи қўшинлар Афғонистоннинг нисбатан хавфсиз шимолий ҳудудларида қолиши тарафдори. Италия ташқи ишлар вазири эса Вашингтонни Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатлар натижаси ёмонлашиб бораётганида айблади. Унинг таъкидлашича, АҚШ ҳукумати асосий эътиборни Ироққа қаратиб, Афғонистонда тинчликни сақлаш ҳаракатларини назардан четда қолдирмоқда.
XS
SM
MD
LG