Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:26

Ўзбекистон – “ўта хавотирли давлат”


Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги томонидан 2006 йилда инсон ҳуқуқлари борасида эълон қилинган ҳисоботда Ўзбекистон “ўта хавотир уйғотаëтган давлатлар” рўйхатига қўшилган.

Ўзбекистон рўйхатда Зимбабве, Мьянма (Бирма) ва Шимолий Корея каби инсон ҳуқуқлари ўта даражада оëқости қилинаëтган мамлакатлар қаторида турибди.

Ҳисоботга кўра, 2005 йил май ойида Андижонда ҳукумат қилган қатлиомдан кейин вазият яхшиланмаган, балки ëмонлашган.

Ҳужжатда Ўзбекистон ҳукумати шубҳали судлар ўтказиш баробарида нодавлат ташкилотлар ва мустақил журналистларга қарши кенг кўламда тазйиқлар ўтказгани айтилади.

Ҳисобот эълон қилиниши олдидан ўтказилган матбуот анжуманида Буюк Британия ташқи ишлар вазири Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича вазият ëмонлашганини таъкидлаб, Андижон воқеаларидан кейин қамоққа олинган Саиджаҳон Зайнобиддинов тақдирини ҳам эслаб ўтди.

Лондонда яшаётган тадқиқотчи Алишер Илҳомов Буюк Британияда эълон қилинган бу ҳисобот Европа Иттифоқидаги Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари масаласини хаспўшлашга уринаëтган бошқа давлатлар учун хавотирли сигнал эканини айтади.

“Ҳисобот ЕИ давлатларида Ўзбекистондаги сиëсий вазиятга нисбатан ëндашувда бирлик йўқ эканини кўрсатди. У ЕИдаги давлатларга ўзига хос хавотир муждасини юбормоқда. Ҳисобот муаллифлари Ўзбекистонга нисбатан Андижон қирғинбаротидан кейин жорий қилинган санкциялар ҳеч бир ҳолатда бекор қилинмаслиги, балки кучайтирилиши зарурлигини ЕИдаги бошқа давлатлар, хусусан, янги йилдан тузилма раҳбарлигига киришадиган Германияга уқтириб қўймоқчидай”, - дейди А.Илҳомов.

А.Илҳомов сўзларига кўра, айни пайтда Германия ичида ҳам Ўзбекистонга муносабат борасида ҳисобот муаллифлари билан ҳамфикрлар бор.

“Яқинда Ўзбекистонга бориб келган Германия парламенти делегацияси расмий Тошкентга нисбатан ўта танқидий қарашда. Буюк Британия ҳисоботи ЕИ ичидаги ана шундай қарашларни бирлаштиришга хизмат қилади”, - деди А.Илҳомов.

А.Илҳомов бу ҳисобот ўз вақтида эълон қилинган зарур ҳужжат экани, у расмий Тошкентнинг ЕИ Андижонни унутди, деган таъмаси асоссизлигидан далолат бўлишини билдирди.

Ҳисоботда таъкидланишича, Буюк Британиянинг мақсади ЕИдаги ҳамкорлари ва БМТ, ЕХҲТ билан биргаликда Андижон воқеалари айбдорларини жазолашдир.

“Бу масалада ЕИ иккига ажралган, - дейди Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррей “Озодлик” мухбири билан суҳбатда. - Бир нарсани англашимиз керак, ЕИ ичида Ўзбекистонга нисбатан олиб борилаëтган сиëсатда жиддий бўлиниш бор. Буюк Британия Ўзбекистонга нисбатан жазо чоралари кучайтирилишини билдираётган бир пайтда Германия бунинг тескарисини айтмоқда”.
XS
SM
MD
LG