Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:08

Николай Бордюжа тез-тез Ўзбекистонда меҳмон бўлишни соғиняпти


Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти бош котиби Николай Бордюжа Ўзбекистон ҳукуматининг мазкур ташкилот доирасида олган мажбуриятлари ижроси билан танишиш учун Тошкентга келди.

Н.Бордюжа сўнгги бир неча ой ичида Тошкентга иккинчи сафари давомида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов, мудофаа вазири Руслан Мирзаев ва бошқа расмийлар билан учрашди.

МДҲнинг август ойида ўтган саммитида президент Ислом Каримов Ўзбекистон КХШТга 1999 йилда тўхтатилган аъзолигини қайта тиклаганини эълон қилган эди.

Андижон воқеалари ортидан Ғарб билан муносабатлари совуқлашгандан сўнг Ўзбекистон бу ташкилотга қайтишга мажбур бўлди. Мазкур россияпараст ҳарбий блок таркибига Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон, Арманистон ҳамда Беларус киради.

КХШТ матбуот котиби Виталий Стругавецнинг айтишича, Н.Бордюжанинг Тошкентга сафаридан мақсад тузилмага аъзолигини қайта тиклаган Ўзбекистонда меъёрий-ҳуқуқий тикланиш жараёни қандай бораётганини билишдан иборат.

“Ўзбекистон ташкилот доирасида эришилган ва амалда қўлланилаётган 30дан ортиқ келишувга қўшилиши ва уларда белгиланган талабларни бажариши керак бўлади. Мазкур келишувлар рўйхати Ўзбекистонга тақдим этилган. Ҳозирга қадар Ўзбекистон махсус нота жўнатиб, бир қанча келишувни қўллаб-қувватлагани билдирилди. Ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари учрашувида Ўзбекистонга келишувлардаги барча талабларни бажариб, мамлакат қонунларини уларга уйғунлаштириш учун 2008 йил 1 январга қадар муҳлат берилган”, - деди В.Стругавец.

Унинг сўзларига кўра, КХШТ Ўзбекистон ташкилотнинг барча талабларини белгиланган муддатда бажара олишига умид қилади.

Европа Иттифоқи Ўзбекистонга қурол-яроғ эмбаргоси жорий этган. Шунга қарамай, В.Стругавецнинг билдиришича, Россия икки томонлама алоқалар доирасида Ўзбекистонга қуроллар етказиб беряпти. Ўзбекистон КХШТга аъзолигини тўлиқ тиклагандан кейин ташкилотга аъзо давлатларга имтиёзли нархда қуроллар етказиб бериш Ўзбекистонга ҳам тегишли бўлади.

“Агар сизга керакли нарса қўшнингизда бўлса ва у нисбатан арзон бўлса, океан ортидан уни сотиб олишга ҳожат борми? Россияда ишлаб чиқарилаётган қуроллар сифат жиҳатидан Ғарб давлатлариникидан қолишмайди. Айни пайтда Россия қуроллари Ғарбникига қараганда анча арзон. Шунинг учун Ўзбекистоннинг бошқа давлатдан қурол сотиб олишида мантиқ йўқ. Маълумки, ҳатто НАТОга аъзо баъзи давлатлар ҳам Россиядан қурол сотиб олишни афзал кўради. Масалан, Греция ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини Россиядан сотиб олади. Чунки бу қуроллар Ғарбникидан яхшироқ”, - деди КХШТ матбуот котиби.
XS
SM
MD
LG