Линклар

logo-print

Чимкент сауналарини “гуллатаётган” ўзбек аёллари


Куни-кеча Жанубий Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида ўтказилган рейд давомида 48 фоҳиша ва қўшмачи қўлга олинди. Уларнинг 16 нафари Ўзбекистон фуқаролари экани айтилмоқда.

Чимкент полицияси ходимларидан бирининг айтишича, эндиликда фоҳишалик қилгани учун ушланган ўзбекистонлик аёллар мамлакатдан чиқариб юборилади. Жорий йилнинг апрель ойида ҳам Чимкентда фоҳишалик билан шуғулланган ўзбекистонлик 16 хотин-қиз мамлакатдан депортация қилинганди.

Жанубий Қозоғистондаги “Сана сезим” нодавлат ташкилоти раҳбари Хадича Абишеванинг “Озодлик” радиосига билдиришича, Қозоғистонда бу каби ҳолатлар кўплаб учрайди. Яқинда ташкилотга тошкентлик 13 ёшли қизнинг отаси мурожаат қилган. Маълум бўлишича, қизча дугонаси билан бир йил аввал бедарак йўқолган. Излашлар оқибатида қизлар Олмаота шаҳрида фоҳишалик билан шуғулланаётгани аниқланган.

Х.Абишева бу каби қизлар, асосан, алдов, товламачилик ва қўрқитув йўли билан фоҳишаликка жалб қилинаётганини айтади.

Кузатувлар шуни кўрсатадики, кўп ҳолларда ўзбекистонлик аёллар фоҳишалик орқасидан пул ишлаш мақсадида Қозоғистонга ўз хоҳиши билан келади. Расмий маълумотларга кўра, сўнгги пайтларда ўзбек аёлларининг Қозоғистонга келиб фоҳишалик қилиш ҳолатлари кескин кўпаймокда.

Х.Абишева бундай аёллар тақдири анча аянчли эканини билдирди. Унинг ҳикоя қилишича, ўзбекистонлик бир ёш қиз Жанубий Қозоғистонга ишлаб пул топиш мақсадида келган. Турли ваъдалар билан алдов йўли билан келтирилган ўзбек қизи Чимкентдаги ҳаммомлардан бирида фоҳишалик қилишга мажбурланган. Ҳужжатларидан айрилган қиз ҳаммом эгасининг қулига айланган. “Сана сезим” ташкилотининг аралашуви натижасида қиз қулликдан озод қилинган. Бироқ у ўз уйига қайтиб кета олмаган. Қизининг фоҳишалик билан шуғулланганидан хабар топган ота-онаси ундан юз ўгирган.

Бугунги кунда Чимкентдаги сауналар ва меҳмонхоналарда ўзбек аёллари фаҳш ишлар билан машғул. Тунги клублардаги стриптиз рақслар ижрочиларининг кўпчилиги ҳам ўзбекистонлик қизлар. Қозоғистонлик маҳаллий ўзбеклар бундай ҳолатлардан уялишини айтади.

”Шу вақтгача ўзбек қизларининг фоҳишалик қилиши биз учун даҳшат бўлиб туюлган. Буюк тарихга эга, иймони мустаҳкам юртнинг қизлари шу қадар тубанликка тушганидан мен жуда қаттиқ ўкинаман. Жуда ҳам нафсониятга тегадиган бундай ҳолат кейинги пайтда кўпайиб кетяпти. Ўзбек аёлини у жойда кўрдим, бу жойда кўрдим, деган жуда ҳам номақбул гап-сўзлар айтилади. Миллат ғурури қаерга кетди?! Бу нарсалар одамни қаттиқ ўйлантириб қўяди”, - дейди чимкентлик ўзбеклардан бири.
XS
SM
MD
LG