Линклар

АҚШда сайловолди кампанияси қизимоқда

  • Ҳасанжон

7 ноябрь куни АҚШ Конгрессига бўлиб ўтадиган сайловда Республикачилар партиясининг парламентдаги назоратни ўз қўлида сақлаб қолиш-қолмаслик масаласи ҳал бўлади.

Бу сайловнинг аввалгиларидан фарқи шундаки, унда мамлакат ташқи сиёсати, жумладан, Конгресс аъзолари халқаро терроризмга қарши кураш йўналишини бергилашда президент Жорж Бушга қандай қилиб рухсат бергани алоҳида аҳамиятга эга бўлмоқда. Бошқача айтганда, Жорж Буш ўз президентлик муддатининг қолган даврида қандай салоҳиятга эга бўлишини ҳам ушбу сайлов натижаси белгилайди.

Айни пайтда республикачилар назоратида бўлган Конгресс раҳбарларининг турли жанжалларга алоқадор бўлгани ҳам сайловолди вазиятини янада мураккаблаштирди. Масалан, Республикачилар партиясидан Вакиллар палатасига аъзо бўлган Рэнди “Дюк” Каннингҳэм федерал ҳукумат билан ишлаган компаниялардан 2,4 миллион доллар қийматидаги турли совғалар, пул ва бошқа кўринишда пора олишда айбдор топилиб, жорий йил март ойида саккиз йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

“Мен ҳаётим давомида жуда кўп яхши ва ёмон кунларни бошдан кечирдим. Энди эса шармандалик нималигини биляпман”, – деган эди собиқ конгрессмен Р.Каннингҳэм.

Бу воқеадан кейин АҚШда Конгресс аъзолари иштирокида яна бир неча шов-шувли жанжал юзага чиқди. Жумладан, Вакиллар палатасидаги республикачи депутатлар раҳбари ноқонуний хатти-ҳаракати ва пора олганлик воқеаларига унинг алоқаси борлиги ҳақидаги иддаолар сабаб истеъфога чиқди. Бундан ташқари, Вакиллар палатаси аъзоси республикачи Марк Фолей электрон почта орқали ўсмирларга ҳаёсиз мактубларни очиқчасига ёзгани ошкор бўлгани янги жанжалга сабаб бўлди.

Мухолифатдаги Демократик партия аъзолари республикачилар раҳбариятини бундай воқеаларни яшираётганликда айблаб, уларни болаларни ҳимоя қилишдан кўра, партиянинг Конгрессдаги мавқеини сақлаб қолишдан кўпроқ манфаатдорликда айблади.

Бу воқеалар сайловчиларга таъсир этаётган кўринади.

Демократик партия вакили Кристофер Ван Ҳоллен республикачи Марк Фолей иши юзасидан кўтарилган жанжал демократларнинг Конгрессда ёки ҳеч бўлмаса Вакиллар палатасида назоратни ўз қўлига олишига ёрдам беришини айтди.

Республикачилар партиясининг сайловолди кампанияси олиб борувчи қўмитаси раиси Томас Рейнолд эса сайловчилар Конгресснинг фаолиятига паст баҳо бериши мумкинлигини тан олди. Айни пайтда у Конгресс қандай фаолият юритишидан қатъий назар сайловчилар ўз вакилларини доим қўллаб-қувватганини таъкидлади. Шунингдек, Т.Рейнолд фуқаролар Конгресс аъзоларини халқаро эмас, балки маҳаллий масалалар бўйича сайлаб келганини билдирди.

Вашингтондаги Демократик институт раҳбари Патрик Башам “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Марк Фолей атрофида кўтарилган жанжал республикачилар дуч келаётган муаммонинг муҳим қирраси эканини таъкидлади.

Унинг фикрича, М.Фолейнинг беҳаё мактублари оммага ошкор бўлгунича ҳам фақат сиёсат билан қизиққан фуқаролар республикачиларнинг коррупция билан боғлиқ олдинги жанжалларга эътибор қаратган. Аммо ҳаёсиз мактублар воқеаси ошкор бўлиши кенг жамоатчилик эътиборини республикачиларнинг олдинги жанжалларига ҳам қаратган.

“Фолей муаммосини ҳамма тушунади. У халқ эътиборини ўзига қаратди. Одамлар республикачилар раҳбарияти масъулиятни ўзидан соқит қилиш учун бундай воқеаларни яшираётганини тушунди. Менимча, бу воқеа жанжалга сабаб бўлмаса-да, жанжаллар юзага чиққанида амалдорлар кўпинча қандай йўл тутишига ёрқин мисол бўла олади”, - дейди П.Башам.

Сўнгги ҳафталар ичида АҚШдаги оммавий ахборот воситаларида асосий мавзу сайлов масаласи бўлиб келмоқда. Кўпчилик демократлар сайловда ғалаба қозониб, ҳеч бўлмаганда Вакиллар палатаси назоратини ўз қўлига олишини айтмоқда.

П.Башам эса сўнгги пайтлардаги жанжалли воқеалар ҳақидаги хабарлар одамлар ҳафсаласини пир қилиб, сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг оз қисми қатнашиши мумкинлигини айтди.

“Агар шундай бўлса, республикачилар Конгресснинг иккала палатаси назоратини ўз қўлида сақлаб қолиши мумкин”, - дейди П.Башам.
XS
SM
MD
LG