Линклар

Ўзбекистон парламенти комиссияси хулосаси қандай бўлди?

  • Абдулла Искандар

Ўзбекистон парламенти комиссияси Андижон воқеаларини текшириш ишини якунлади. Депутат Маҳамадилҳом Йўлдошев бошчилигидаги бу комиссия 2005 йил 13 майдаги қонли воқеалардан кейин тузилганди.

Бу ҳақда хабар тарқатган Ўзбекистондаги “Veritas” инсон ҳуқуқлари гуруҳи депутатларнинг 1,5 йиллик текширувидан келиб чиқиладиган асосий хулосалар ва ҳисобот мазмуни зудлик билан оммавий ахборот воситаларида эълон қилинишига чақирилган баёнот тарқатди.

Шу йилнинг 13 октябрида Андижон вилояти халқ депутатлари кенгашида маъруза қилган президент Ислом Каримов Андижондаги фожеали воқеалардан кейин илк бор бу норозилик чиқишининг асосий сабаби оғир ижтимоий-иқтисодий вазият эканини билвосита тан олган эди.

“Veritas”нинг билдиришича, бу фикрлар расмий Тошкент ўтган йили Андижонда содир бўлган воқеаларга нисбатан ўз позициясини бироз юмшатишга қарор қилгани ҳақида билвосита гувоҳлик беради.

13 октябрь куни И.Каримов вилоят ҳокими Сайдулло Бегалиевни, жумладан, Андижондаги қонли воқеалар келиб чиқишида ҳам айбдор топган ва ишдан бўшатганди. Андижон вилоятининг ундан олдинги ҳокими, маҳаллий аҳоли ўртасида оммавий норозиликнинг кучайишига кўп жиҳатдан сабаб бўлган Қобилжон Обидовга нисбатан ҳам жиноят иши очилгани ҳақида хабарлар берилди.

Шунга қарамай, “Veritas” “ҳокимлар ва бошқа раҳбарларни қурбонликка келтириш” Фарғона водийси аҳолиси оммавий норозилигининг асосий сабабларини бартараф эта олмайди, деб ҳисоблайди.

“Озодлик” мухбири комиссия ҳисоботи борасида Олий Мажлис вакиллари фикрини ўрганишга ҳаракат қилди. Парламент матбуот котиби комиссия таркибида Қонунчалик палатаси аъзолари ва сенаторлар бўлгани, куни-кеча улар ўз ишини якунлаб, парламентга ҳисобот берганини айтиш билан чекланди.

Парламент текширувининг якунлангани 2005 йилнинг 13-14 май кунлари ҳалок бўлганлар рўйхати эълон қилиниши борасида ҳам умид уйғотмоқда.

13 май куни Андижондаги қонли воқеалар гувоҳи бўлган немис журналисти Маркус Бенсманн Ўзбекистоннинг “чўнтак комиссияси”дан ҳеч нарса кутмаëтганлигини таъкидлади.

“Ислом Каримовнинг чўнтак парламенти ҳозирлаган ҳужжатдан ҳеч нарса кутмайман. Андижон қирғини халқаро комиссия томонидан тафтиш қилиниши керак. Парламентнинг бир оз таҳрир қилинган, озгина бўлса ҳам ҳақиқатга яқинлаштирилган бу ҳужжати Германия ташқи ишлар вазири Штайнмайернинг Тошкентга ташрифи олдидан ҳозирланган туҳфадир. Аммо Андижон воқеаларини бир стакан сут тўкилиши каби жўнлаштириб, кечирасиз, шундоқ бўлиб қолибди, дейиш инсофсизликдир. Андижон қирғини Тошкент режимининг маҳсулидир. Бу ҳақиқатни Ўзбекистон парламенти айта олмаслигини биламан. Таҳрир қилинган ҳужжат эса Ғарб мулозимларини ҳовуридан туширишга аталган бир воситадир”, - дейди М.Бенсманн.

2005 йил 13 майда Андижондаги Бобур майдонига йиғилган намойишчилар ҳукумат қўшинлари томонидан ўққа тутилгани оқибатида ўлганлар сони ҳали ҳам номаълум қолмоқда.

Расмий Тошкент Ғарбнинг Андижон воқеалари юзасидан мустақил текширув ўтказиш талабларини рад қилиб келяпти.
XS
SM
MD
LG