Линклар

logo-print

Ҳуқуқ ҳимоячилари виждон тутқунларини озод қилишга чақирди

  • Барно Анвар

Ўзбекистондаги виждон тутқунларини ҳимоя қилиш қўмитаси фаоллари 29 октябрь куни Ўзбекистон Олий мажлиси Сенати биноси ёнида пикет ўтказди. Унда ўнга яқин ҳуқуқ ҳимоячиси ва мухолифат вакили иштирок этди.

Қўмитанинг бу ҳақда “Озодлик” радиосига маълум қилган фаоли, “Озод деҳқонлар” партияси раҳбари Нигора Ҳидоятованинг билдиришича, пикет атиги 20 дақиқа давом этган.

“Пикетда, асосан, маҳбусларга нисбатан инсоний муносабатда бўлиш, сиёсий маҳбусларни озод қилиш ва ҳукумат истеъфоси талаб қилинди. Аммо пикет 20 дақиқача давом этди ва кейин ҳуқуқ-тартибот вакилларининг дараги эшитилиши билан улар пикет жойидан кетишга мажбур бўлди”, - деди Нигора Ҳидоятова.

Пикет муваффақиятсиз ўтганидан сўнг - 30 октябрь куни қўмитаси халқаро ҳамжамиятга мурожаат йўллаб, “Мўътабар Тожибоева, Норбой Холжигитов, Санжар Умаров, Саиджаҳон Зайнобиддинов, Аъзамжон Фармонов, Улуғбек Ҳайдаров, Ёдгор Турлибеков ва бошқа сиёсий маҳбусларни унутмайлик!” деган чақириқ билан чиқди. Мурожаатда номи тилга олинган шахслар Ўзбекистонда сўнгги икки йил ичида авжига чиққан қатағон сиёсатининг бегуноҳ қурбонлари, деб аталган.

Қўмита раҳбари Баҳодир Намозовнинг айтишича, ташкилот сўнгги бир йил ичида асосий эътиборни шу каби маҳбусларнинг ҳимоясига қаратмоқда.

“Бизда бир одат бор. Кимдир ноҳақ қамаладиган бўлиб қолса, бирдан унинг ҳимоясига киришамиз, ҳаракат қиламиз, шовқин соламиз. Аммо қамалгандан сўнг эса нари борса ярим ойда мутлақо унутиб юборамиз. Ваҳоланки, қамоқда ётган сиёсий маҳбуслар ҳам ҳимояга, бизнинг қўлловимизга муҳтож. Шу боис, биз қўмита ташкил қилдик ва мана бир йилдан буён Ўзбекистондаги виждон тутқунларини ҳимоя қилиш, уларнинг яқинларига моддий ва ҳуқуқий ёрдам бериш билан шуғулланяпмиз”, - деди Б.Намозов.

Нигора Ҳидоятова эса Ўзбекистондаги ҳозирги шароитда уларнинг ҳимоясига қаратилган ҳар қандай ҳаракат борган сари самарасиз бўлаётгани ва бу жуда жиддий хавотир уйғотаётганини таъкидлайди.

“Мисол учун, Мўътабар Тожибоева ёки Санжар Умаровни олайлик. Биз уларнинг қамоқхонадаги аҳволи ҳақида сўнгги икки ой ичида бирорта маълумот ола олмадик. Бу маҳбуслар ёнига адвокат ҳам қўйилмаяпти. М.Тожибоеванинг яқинлари унинг соғлиғи жуда оғирлигини айтмоқда. С.Умаров эса ҳозирга қадар беш маротаба жазо изоляторига ташланди. Бироқ унинг соғлиги, нима учун жазо изоляторига ташлангани ҳақида бизда маълумот йўқ. Лекин аҳвол бу тариқа давом этиши мумкин эмас”, - дейди Н.Ҳидоятова.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда ҳозир ҳукумат раъйига қарши фикр билдириш, норозилик ифодасининг бор имкони шу - то ҳуқуқ-тартибот органлари келгунча 10-20 дақиқа пикет қилиш ва электрон оммавий ахборот воситалари орқали дунё аҳлига мурожаат билан чиқиш бўляпти, холос.
XS
SM
MD
LG