Линклар

Германия ташқи ишлар вазири Франк-Вальтер Штайнмайер шу кунларда Марказий Осиё мамлакатлари бўйлаб сафар қилмоқда


"Озодлик" Тошкентдаги Германия элчихонасининг маълум қилишича, жаноб Штайнмайер Ўзбекистонга чоршанба куни келади. Маълумки, Германия келаси йилдан Европа Иттифоқига раислик қилиш галини қабул қилиб олади. Жаноб Штайнмайернинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйлаб сафари ҳам айнан Германиянинг Европа Иттифоқига раислик қилишига тайёргарлик кўриш ишлари доирасида амалга ошмоқда.

Музокаралар давомида Франк-Вальтер Штайнмайер минтақа давлатлари, айниқса Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига риоя қилиш масалаларини ҳам кўтариш ниятида. Келаси ойда Европа Иттифоқи Ўзбекистонга жорий этган санкцияларни қайта кўриб чиқишда асосий эътибор инсон ҳуқуқлари вазиятига қаратилиши айтилмоқда.

Аммо, шу ой бошларида Тошкентда бўлиб қайтган Германия парламенти делегацияси Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ўзгаришсиз қолаётгани ва Ўзбекистонга санкциялар бекор этилиши учун асос йўқлигини билдирган. Ҳамкасбим Ҳурмат Бобожон ушбу делегацияга раҳбарлик қилган Бундестаг депутати Холгер Ҳайбаҳ билан суҳбатда бўлди.

Холгер Хайбаҳ Германия парламенти депутати, айни пайтда Бундестагнинг инсон ҳуқуқлари қўмитаси раҳбари муовини ҳамдир. Шу ой бошларида Ўзбекистонда беш кун бўлиб, инсон ҳуқуқлари ва демократия масалаларини ўрганиб қайтган Хайбаҳ ўз таасуротлари билан ўртоқлашар экан Марказий Осиёнинг бу давлатида Андижон воқеаларидан кейин яхшиланиш кузатилмаганини айтади.

Холгер Хайбаҳнинг айтишича, у билан бирга Ўзбекистонда бўлиб қайтган Германия парламентининг бошқа депутатлари ҳам шу фикрда. Маълумки Европа Иттифоқи келаси ой Ўзбекистонга бир йил аввал жорий этилган санкцияларни ўз кучида қолдириш ёда уларни бекор қилиш борасида бир қарорга келиши керак. Аммо, Германия парламенти депутати Холгер Ҳайбаҳ санкцияларнинг бекор қилиниши учун асос кўрмаётганини айтади.

"Санкциялар Ўзбекистон ҳукумати вазиятни яхшилаймиз деётган пайтда эмас, балки бу билан боғлиқ сезиларли ўзгаришлар кузатилгандан кейин бекор қилиниши керак. Сабаби вазиятни яхшилаймиз деб айтилиши вазият яхшиланганини англатмайди. Ўзбекистонда кўрганларимдан шундай хулосага келдикки, санкцияланинг бекор қилинишига асос йўқ", - дейди Холгер Ҳайбаҳ.

Эслатиб ўтамиз, 2005 йилдаги Андижон воқеаларидан кейин Европа Иттифоқи Ўзбекистон билан ҳарбий ва савдо-сотиқ соҳасида ҳамкорликка чеклов жорий этганди ҳамда бу мамлакат ҳукуматининг ўн икки юқори лавозимли аъзосига Европага киришни таъқиқлаб қўйганди. Аммо орадан бир йил ўтиб, санкциялар кучайтирилиши ҳақидаги чақириқларга қарамай Иттифоқнинг айрим аъзолари, айниқса Германия Ўзбекистон билан мулоқот қайта йўлга қўилиши зарурлигига ишора эта бошлаган. Ўзбекистонда ҳаво базасига эга бўлган Берлин ўз геосиёсий манфаатлари йўлида Тошкент расмийлари билан яқинлашишга тиришмоқда. Аммо Бундестагнинг кўпгина депутатлари эса Ўзбекистонга санкциялар сақлаб қолиниши тарафдори. Ўзбекистонда яқинда бўлиб, инсон ҳуқуқлари ва демократия масалаларини ўрганиб қайтган Бундестаг ва Германиянинг Европарламентдаги депутатлари бу масалани Европа Иттифоқида энг юқори даражада кўтармоқчи эканларини билдирганлар.

"Мен ҳам кўпроқ мулоқот тарафдориман. Қани эди Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасида талабалар алмашинуви ва бошқа дастурлари қайта йўлга қўйилса. Мен ҳам шуни тарафдориман. Лекин Ўзбекистон бунга арзигулик иш қилдимикин, инсон ҳуқуқларини яхшилаш сари қадам ташладимикин. Менимча мана шу соҳада ўзгаришлар кузатилганидан кейин санкциялар бекор қилиниши керак. Ўзбекистонга мен билан бирга борип қайтагн бошқа немис депутатлари ҳам мени фикримга қўшилади ва менимча бу масалада ҳали тортишилади", - деди Холгер Ҳайбаҳ.

Шундай экан ноябрь ойида ЕИ томонидан муҳокама қилинажак Ўзбекистонга нисбатан санкцияларни кучайтириш ёки ундан жазо чораларини олиб ташлаш масаласи энг баҳсли муҳокамалардан бири бўлиши кутилмоқда. Айни пайтда Европа Иттифоқи бу масала юзасидан барибир бир битимга келади, санкцияларни тўла бекор қилмаса-да, Ўзбекистонга нисбатан жазо чоралари ва ўз сиёсатини юмшатади, деган фикрлар ҳам йўқ эмас.
XS
SM
MD
LG