Линклар

logo-print

Боймирза Ҳайит вафот этди

  • Абдулла Искандар

31 октябрь куни таниқли ўзбек тарихчи олими ва диссиденти Боймирза Ҳайит салкам 90 ëшида Германиянинг Кёлн шаҳридаги шифохонада оламдан кўз юмди.

Боймирза Ҳайит ëзган “Марказий Осиëда Совет ҳукуматига қарши кураш” китоби совет иттифоқида тақиқлаб қўйилган эди. Совет иттифоқида бу шахсга қарши ҳужжатли фильм суратга олинган бўлиб, унда тарихчи олим Ғарбга сотилган ватан хоини сифатида тасвирланади.



Боймирза Ҳайит узоқ йиллар давомида “Озодлик” радиоси билан ҳамкорликда бўлиб, Марказий Осиё тарихидаги мустақиллик курашлари борасида мунтазам чиқишлар қилди.

ГФР фуқароси бўлган Боймирза Ҳайит 1992 йилнинг ëзида Ўзбекистонга борди, аммо расмий Тошкент уни исталмаган шахс, деб эълон қилди ва унинг 24 соат ичида мамлакатдан чиқиб кетиши талаб қилинди.

Ўзбекистон Фанлар академияси етакчи мутахассиси Қаҳрамон Ражабов “Озодлик” мухбири билан суҳбатда ўзбек тарихчилигида Боймирза Ҳайитнинг ўрни беқиëс эканини таъкидлади.

“Биз ўзбекистонлик тарихчилар Боймирза Ҳайит номини яхши биламиз, аммо унинг бирорта китоби Ўзбекистонда нашр қилинмади. Биз Боймирза Ҳайит ҳақидаги маълумотларни Ўзбекистон Миллий энциклопедиясига киритишга уриндик, бироқ изн берилмади. Қозоғистон Миллий энциклопедиясида Боймирза Ҳайитга кенг ўрин берилган, аммо бизда жим-житлик”, - дейди Қ.Ражабов.

Туркиялик сиёсатчи, собиқ вазир Аҳад Андижонийнинг маълум қилишича, Боймирза Ҳайит илмий мероси учун Истанбулнинг Фотиҳ университети кутубхонасидан махсус хона ажратилди.

Қ.Ражабов ҳам Боймирза Ҳайитнинг илмий мероси Туркияда сақланиш истиқболини маъқуллайди.

“Олдингдан оққан сувни қадри йўқ дейишади, Боймирза Ҳайит адабий мероси Туркияда бўлгани маъқул”, - деди Қ.Ражабов.

Б.Ҳайит тирик пайтида у киши ҳақида баралла гапирган ва ҳатто унга китоб бағишлаган марҳум шоир Рауф Парфи вафотидан бирмунча олдин “Озодлик”ка берган интервьюсида: “Мен бир китобимни Туркистон учун мужодала қилган Боймирза Ҳайитга бағишлаган эдим. Китоб шу бўйи нашр қилинмай йўқолиб кетди. Қўлëзмадан бир нусхасини Боймирза акага бериб юборган эдим”, - деганди.

Боймирза Ҳайит тирик пайтида хорижга қочиб чиққан ўзбекистонлик муҳожирлар билан мунтазам учрашар эди. Халқаро ëзувчилар парламенти аъзоси, собиқ маҳбус Сафар Бекжоннинг билдиришича, Боймирза Ҳайит умр бўйи Ўзбекистонга интилиб яшаган, ҳеч бўлмаса жасади Ўзбекистонда дафн қилинишини истаган.

Истанбулдаги Кўч университети профессори Темир Хўжа Боймирза Ҳайит ўлимига бағишлаб мана бу марсияни ëзди:

Ҳайитсиз қолган ватан,
Олимнинг кўзи очиқ,
Ватансиз ғурбатда.
Халқим жимжит, бағри хун
Азиз ватан зулматда.
Бу мотам куни, лек ман
Йиғламайман Ҳайитга.
Йиғлайман Ҳайитсиз қолган
Мазлум Туркистонга.
XS
SM
MD
LG