Линклар

Чилпикқалъадан динозаврларга тенгдош дарахт қолдиғи топилди

  • Абдулла Искандар

Қорақалпоғистоннинг Амударё тумани ҳудудида жойлашган Чилпикқалъа қадимий ёдгорлиги ёнидан қадимий дарахтнинг тошга айланган қолдиғи ва лаванинг темирга айланган бўлаклари топилди.

Бу ноёб топилмаларни топганлардан бири уста кулол Султонмурод Абдураҳмоновнинг айтишича, халцедон, кварц ва опал минераллари жамланган тош дарахтнинг ёши 65-70 миллион йилга тенг. Бу топилма тупроқнинг мезозой даври, яъни динозаврлар эндига йўқ бўлган замонларга оид қатламидан ковлаб олинган.

“Лаванинг катта босими дарахтнинг тошга айланишига шароит яратиб берган. Геологик даврлар билан ҳисоблаб, унинг ёшини 65-70 миллион йил, дейиш мумкин. Радиоизотоплар ёки рентген анализлар ёрдамида фикримиз тўғрилигини бемалол исботлаш мумкин. Бу темирли кварцитга айланиб кетган дарахт. У ёшларимизга ўтмишимизни ўргатишда муҳим ҳужжат бўлади”, - деди С.Абдураҳмонов.

“Олтин мерос” халқаро хайрия жамғармасининг Хоразм вилояти бўлими раиси Комил Нуржоновнинг билдиришича, у шу йил август ойида Чилпикқалъага Урганч давлат университетида кимёгарларга кулоллик сирларини ўргатувчи уста Султонмурод Абдураҳмонов, жамоатчи фахрий Альберт Салимгареев ва яна бир неча кишидан иборат экспедиция уюштирган. 25 октябрда ноёб топилма – қайрағоч-гужум дарахтининг минерал тошга айланган узунлиги 1,32 метр, диаметри 90 сантиметрлик қолдиғи топилган.

“Унинг мармар тошдан, кристаллдан ҳеч қандай фарқи йўқ. Худди шундай топилма Санкт-Петербург шаҳридаги тоғ институда, АҚШнинг Аризона штатидаги табиат музейида сақланади. Ўзимизнинг Тошкентдаги табиат музейида бундай топилманинг тўрт нусхаси бор экан. Чилпикқалъа бундан 2300-2400 йиллар муқаддам курилган. Ўйлашимизча, жуда қадим замонларда Чилпикқалъа ўрнида вулқон бўлган. У аллақачон сўнган. Лекин излари кўриниб турибди. Оташпараст ота-боболаримиз вулқон қолдиқлари ва шу ердан чиқиб турган олов атрофида қалъа қурган ва бу қалъа ёнида ибодатхона бунёд этиб, оловга сажда қилган. Чилпикқалъадан 1,5 км пастроқдан қум барханлари орасидан топилган дарахт ва ва лава қолдиғининг бир-биридан деярли фарқи йўқ. Иккови ҳам қаттиқ, иккови ҳам қадимий, иккови ҳам жумбоқ. Уундан аёлларнинг безаклари, пичоққа даста, сувенирлар ясаш мумкин. Бирор бир бино пештоқларига қўйиш мумкин. Санъат асарлари, зебу зийнат учун буни ишлатса бўлади. У қиймати жиҳатидан александрид, кристалл, гавҳар тошлардан қолишмайди”, - дейди К.Нуржонов.

Унинг сўзларига кўра, ўзбекларнинг олтин мероси дунёнинг 34 мамлакатига ёйилиб кетган. Берлин, Истанбул, Париж, Лондон, Америка Конгресси кутубхоналарида хоразмликларнинг қўлёзма китоблари бор. Уларни қайтариш “Олтин мерос” жамғармаси зиммасидадир. Жамғарма бўлимлари Ўзбекистоннинг 6 вилоятида ишлаб турибди. Бироқ уларнинг бирортасида Хоразмдагидек ўлкашунослик музейи йўқ. Вилоятдаги “Олтин мерос” музейида 2 мингдан ортиқ ноёб экспонат сақланмоқда. Давлат бюджетидан маблағ оладиган Хоразм Маъмун академияси ва бошқа ташкилотлар бюджетдан бир тийин олмайдиган бу жамғарма каби кенг кўламли иш қила олмаяпти.

“Хоразм Маъмун академиясини таъмирлаш, унга компьютерлар олиб бериш, олтмишдан зиёд илмий ходимини ойлик маош билан таъминлаб туриш учун ўтган ўн йил давомида жами 3 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланди. Урганч давлат университетига ҳам шу даражада сарф-харажатлар қилинди. “Олтин мерос” жамғармамиз эса давлатдан, бюджетдан бир тийин ҳам олмасдан ўз кучи, ҳомийлар, хайр-саховат кўрсатаётган бой-бадавлат кишилар ёрдамида экспедициялар ташкил қиляпти, китоблар чоп қилдиряпти, музейларни бойитяпти”, - дейди К.Нуржонов.
XS
SM
MD
LG