Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:45

Автобус юкхонасидаги ўзбеклар


Қозоғистон махсус хизматлари Олмаота вилоятининг “Узун оғоч” чегара постида 4 та автобус юкхонасида кетаётган ўзбекистонлик 26 нафар ноқонуний меҳнат мигрантини қўлга олди.

“Kazakhstan Today” ахборот агентлигининг маълум қилишича, ушланганларнинг 13 тасида ҳеч қандай ҳужжат бўлмаган. Қолганларида эса Қозоғистон ҳудудига кириш ҳуқуқини тасдиқлайдиган ҳужжатлар бўлмаган.

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси матбуот хизмати маълумотига кўра, ўзбек гастарбайтерлари доимий равишда автобус юкхоналарида ташиб келинган. Бу иш билан шуғулланувчи махсус кишилар шаҳарлараро қатновчи автобуслардан фойдаланган. Айниқса, ноқонуний меҳнат мигрантларини Қозоғистон орқали Россияга ўтказишда бу усул қўл келган.

Айни пайтда мазкур ҳолат бўйича суруштирув-тергов ишлари олиб борилмоқда.

Айни пайтда Қозоғистоннинг ўзида ҳам юз минглаб ўзбекистонлик гастарбайтерлар меҳнат қилмоқда. Улар тирикчилик ғамида ҳар қандай шароитларда ишлашга рози бўлмоқда.

“Эрталаб соат 6.00да турамиз. Чой, шакар, нон ва бир буханка нон икки одамга бўлиб берилади. Кейин соат 14 да тушлик бўлади. Овқатда бир бўлак кичкина гўшт бўлади. Бетонда ётиб туришга тўғри келади. Еб-ичиш қуруқ сувдан иборат. Кўпинча оддий сувга гуручни қайнатиб беради. Яшаш шароитимиз санитария-гигиена қоидаларига умуман жавоб бермайди. Ювинишга шароит йўқ. Икки ой бўлди ювинмаганимизга”, - дейди Чимкентдаги Нусрат шаҳарчасида ишлаётган ўзбек гастарбайтерлари “Озодлик” мухбири билан суҳбатда.

Маҳаллий кузатувчиларнинг билдиришича, юзлаб ўзбекистонликлар қул қилиб сотилмокда ёки жуда ночор аҳволда ишлаяпти. Рўзғор боқиш ташвишида бўлган одамлар эса Ўзбекистонда оила тебратиш имкони йўқлиги, шу сабабли мажбурликдан Қозоғистонга келганини айтади.

Қайтмас овулида ишлаётган жиззахлик бир гуруҳ усталар ҳам ўз юртида иш йўқлиги учун Қозоғистонга келган.

”Қозоғистонга бола-чақа боқиш учун пул ишлагани келганмиз. Ўзбекистонда иш йўқ. Иш бўлса ҳам пул бермайди”, - дейди жиззахлик усталар.

Кузатувлар шуни кўрсатадики, кўп ҳолларда воситачи шахслар гастарбайтерлар маҳаллий миграция полициясида қонуний рўйхатга олиниб, расман ишлашини хоҳламайди. Чунки бундай ҳолатда улар қўшимча солиқ тўлаши ва ишга ёлланаётганларга шарт-шароит яратиб беришига тўғри келади. Ҳеч қандай ҳуқуққа эга бўлмаган ишчилар эса аксарият ҳолларда меҳнат ҳақини ола олмайди.

“Ҳозирги кунда ҳам бировдан пулимни ололмай юрибман. 400 минг танга пул бериши керак. 7-8 марта шундай пулимни умуман ололмаган кунларим бўлган”, - дейди фарғоналик Суҳроб исмли йигит.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Муҳиддин Қурбонов Қозоғистонда бундай ҳолатлар тез-тез учрашини билдирди.

“Чимкентдаги Нурсат шаҳарчасини, асосан, ўзбек гастарбайтерлари қуряпти. Яқинда шундай бир ҳолат бўлди: Иш берувчи қозоғистонлик шахслар мингга яқин одамни бир йил давомида ишлатиб, меҳнат ҳақини бермасдан миграция полициясини чақириб топшириб юборган. Олмаотага яқин жойда араблар паррандачилик фабрикасини қуряпти. У ерда ҳам, асосан, ўзбекистонликлар ишлаяпти. Уларнинг аҳволи ҳам ўта аянчли”, - дейди М.Қурбонов.

Жорий йилнинг 1 августидан Қозоғистонда ноқонуний меҳнат мигрантлари фаолиятини қонунийлаштиришга қаратилган тадбирлар ўтказилмоқда. Шу кунгача 100 мингдан зиёд гастарбайтер мамлакатда қонуний ишлаш ҳуқуқига эга бўлди. Уларнинг асосий қисми, аниқроғи 70 фоизи ўзбекистонликлардир. Улар Қозоғистонда ҳуқуқий ҳимояга эга ҳолда 3 йил давомида ишлаши мумкин. Лекин айни пайтда Қозоғистонда бундан ўн баробар кўп гастербайтер ишламоқда. Уларнинг тақдири не кечиши эса ҳозирча номаълум.
XS
SM
MD
LG