Линклар

Штайнмайер журналистлардан уяладими?

  • Алишер Сиддиқ

Марказий Осиё давлатлари бўйлаб илк бор сафар қилаётган Германия федерал ташқи ишлар вазири Франк-Вальтер Штайнмайер Тошкентда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов қабулида бўлди.

Учрашув давомида минтақавий хавфсизлик, Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги иқтисодий-сиёсий ҳамда ҳарбий соҳадаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.


Келаси йилдан бошлаб Европа Иттифоқи раислиги ваколатларини қабул қилиб оладиган Германия тузилманинг Марказий Осиё давлатларига нисбатан янги сиёсатини ишлаб чиқмоқда.


Мазкур янги сиёсат доирасида ЕИ Андижон қирғинидан сўнг бир йил ўтгач, Ўзбекистон ҳукумати билан мулоқотни жонлантириши керак.

Штайнмайернинг Ўзбекистонга илк ташрифи мазкур мулоқотнинг бошланиши сифатида кўрилмоқда.

Сўнгги ярим йил давомида Германиянинг турли давлат мулозимлари ҳамда парламент вакилларининг Ўзбекистонга сон-саноқсиз ташрифлари манзарасида Франк-Вальтер Штайнмайернинг Тошкентга келиши ўзгача аҳамият касб этиши керак. Аммо Тошкентда президент И.Каримов ҳамда ташқи ишлар вазири Владимир Норов билан учрашувдан сўнг Ўзбекистон томонининг илтимосига биноан у матбуот вакиллари олдига чиқмади.

Германия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Памилла Преушенинг маълум қилишича, Штайнмайер Ўзбекистон томони билан мулоқоти давомида Андижон воқеаси ҳамда мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ абгор вазият масаласини четлаб ўтмаган.

“Инсон ҳуқуқлари масаласида айтадиган гапларимиз бор ва албатта, бизнинг вазиримиз бу масалага тўхталади. Бу Андижон ва ЕИ хавотир билдираётган бошқа масалалардир. Аммо Штайнмайернинг қатъий ишончи шуки, мамлакат аҳолисининг аҳволини яхшилаш учун давлат раҳбарларига таъсир қилиш керак. Бунинг учун эса мулоқот зарур бўлади”, - дейди П.Преуше.

Айни пайтда Германия ташқи ишлар вазири инсон ҳуқуқлари борасида айтадиган гапларини нақадар кескин қўйгани маълум эмас. Бироқ масала бу қадар ўткир бўлмаганида эҳтимол матбуот вакиллари билан учрашув ўтказиш ҳам мумкин бўларди.

Остонада эса Штайнмайер Қозоғистон ва Германия муносабатларига доир бир эмас икки матбуот анжуманини ўтказди.

Германия ташқи ишлар вазири Тошкентда президент ва ташқи ишлар вазири билан музокаралар ўтказганидан сўнг Ўзбекистондаги “Оналар ўлим жазоси ва қийноқларга қарши” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Тамара Чикунова билан ҳам 15 минут давомида суҳбатлашди.

Т.Чикунова яқинда Германияда “Инсон ҳуқуқларини бўйича Нюрнберг мукофоти билан тақдирланди.

Т.Чикунова Германия ташқи ишлар вазири билан мулоқоти тафсилотларини ошкор эта олмаслигини билдирди. Аммо у ҳам Германиянинг Ўзбекистонга нисбатан қўллаётган мулоқот ва муроса сиёсатини қўллаб-қувватлайди.

“ЕИ санкциялари кулгули. Ўзбекистоннинг бир неча расмийсига виза чеклови ва мамлакатга қурол-яроғ эмбаргоси жорий этилганидан ҳеч ким ҳеч нарса ютмади. Ўзбекистон изоляция қилинса, бундан фақат шундай ҳам оғир ҳаёт кечираётган оддий одамлар азият чекади. ЕИ Ўзбекистондаги вазиятни яхшилашни истаса, бу давлат билан муносабатларни сақлаб қолиши керак”, – дейди Т.Чикунова.

8 ноябрь куни Брюсселда Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида музокаралар бўлиб ўтади. ЕИнинг айрим аъзолари Ўзбекистонга нисбатан амал қилаётган санкцияларни кучайтириш таклифлари билан ҳам чиқмоқда. Жумладан, ЕИга кириши тақиқланган ўзбек амалдорлари рўйхатига И.Каримов номини ҳам киритиш, уларнинг Европа банкларидаги ҳисоб рақамларини музлатиш таклиф этиляпти.

Аммо ЕИнинг энг қудратли давлатларидан бири Германия Ўзбекистонга нисбатан юмшоқроқ сиёсатни қўллаб-қувватлаётган бир пайтда уларнинг бу таклифи кун тартибига чиқмайдиган кўринади.
XS
SM
MD
LG