Линклар

Ироқ АҚШ сиёсатида муҳим масала бўлиб қолмоқда

  • Ҳасанжон

АҚШ Конгрессига 7 ноябрь куни бўладиган сайлов олдидан Конгрессда назоратни қўлга олишга интилаётган икки партиянинг сайловолди кампаниясида Ироқ энг муҳим масала бўлиб қолмоқда.

Шу ҳафтада АҚШ президенти Жорж Буш ва 2004 йилги президент сайловида унга рақиб бўлган демократ Жон Керри АҚШ қўшинлари талафоти ким учун қадрлироқ экани ҳақида тортишди. Шундан кейин сайловолди кампанияси давомида Ироқ масаласи янада муҳим аҳамият касб этди.

30 октябрь куни университет талабалари олдида чиқиш қилган Жон Керри: “Агар яхши ўқисангиз, уй вазифаларини бажарсангиз ва астойдил ҳаракат қилсангиз ақлли бўласиз. Агар бу ишни қилмасангиз Ироқда тиқилиб қоласиз”, - деган гапларни қилди.

Жон Керрининг айтишича, бу гапни у АҚШ қўшинлари Саддам Ҳусайнни 2003 йилда ҳокимиятдан ағдарганидан кейин Ироқ хусусида президент Жорж Бушнинг аниқ режаси бўлмаганини назарда тутиб гапирган.

Бироқ Жорж Буш Жон Керрини Америка қўшинлари разведкасини ҳақорат қилишда айблаб, таниқли демократдан кечирим сўрашни сўраяпти.

“АҚШ ҳарбийлари жуда ақлли ва жасур. Массачуссетс штатилик сенатор улардан кечирим сўраши керак”, – дея баёнот берди президент.

Аммо Жон Керри айтган гаплари учун кечирим сўрашдан бош тортди.

“Мен президент ва унинг муваффақият қозонмаган сиёсатини танқид қилганим учун ҳеч кимдан узр сўрамайман. Аслида президент ва унинг атрофидагилар, АҚШ Конгрессида кўпчиликни ташкил этган республикачилар ўз беқарор сиёсатлари туфайли қўшинларимиз ва уларнинг оила аъзоларига жароҳат етказгани учун кечирим сўраши керак”, - деди Жон Керри.

7 ноябрда ўтказиладиган сайловда Жорж Буш ва Жон Керри қатнашмайди. Аммо улар ўз партиялари номзодлари учун кампания олиб бормоқда. Бундай тортишувлар маҳаллий даражада ҳам бўлиб ўтмоқда. Конгресс аъзолигига номзод бўлган республикачилар президентнинг Ироқда юритаётган сиёсатини ҳимоя қилмоқда.

Кузатувчиларнинг билдиришича, икки йил олдин ўтган сайловда бундай воқеалар кузатилмаган.

Вашингтондаги Пью институти ўтказган сўров натижаларига кўра, сўралган америкаликларнинг 60 фоизи Ироқдаги уруш ҳақида салбий фикр билдирган. Шунингдек, респондентлар Ироқда фуқаролар уруши бошланган ва АҚШ қўшинлари уруш алангаси ичида қолган, деган фикрда.

Республикачилар партиясининг сиёсий маслаҳатчиси бўлган ва Конгресснинг собиқ республикачи аъзоси Вин Вебер “Озодлик” радиоси мухбири билан суҳбатда Оқ уй расмийлари сўров натижаларини диққат билан кузатиб бораётганини айтди.

Унинг фикрича, агар демократлар 7 ноябрда ўтказиладиган сайловдан кейин Конгресснинг битта ёки иккала палатаси назоратини қўлга киритса ҳам АҚШ президенти ўз сиёсатида жиддий бурилиш ясамайди.

Кузатувчилар АҚШ Конгрессига ўтказиладиган сайлов натижасини башорат қилиш учун вақт ҳали эрта, деган фикрда. Улар сўзларига кўра, агар демократлар Конгрессда кўпчиликни ташкил этса, улар Оқ уйнинг Ироқда юритаётган сиёсати борасида баҳслашиши мумкин.
XS
SM
MD
LG