Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:14

Кофи Аннан ҳам Ўзбекистондаги вазиятдан хавотирда


БМТ бош котиби Кофи Аннан Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари қўпол равишда бузилаётгани, айниқса, 2005 йилда Андижонда содир бўлган воқеалар юзасидан хавотир билдирди.

Йил якунида вазифасини тарк этаётган бош котибнинг 2006 йил якунлари юзасидан берган ҳисоботида таъкидлашича, жорий йилда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ўнгланмаган.

“2005 йил май ойининг ўрталаридан бошлаб БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси ва БМТ махсус маърузачилари Ўзбекистонда Андижон воқеалари гувоҳлари, шунингдек, воқеани ёритган, хабар қилган журналистлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг таъқибга олингани, қамалгани ҳақида ишончга сазовор бўлган кенг кўламли ахборот олди. 2006 йил давомида олинган маълумотларга кўра эса бу йил давомида вазият ҳеч қанча ўзгармаган”, - дейилади К.Аннаннинг Бош Ассамблея 3-қўмитаси делегатларига ўқиб эшиттирилган маърузасида.

Айниқса, жаҳон жамоатчилигини ташвишга солган Андижон воқеаларини текшириш юзасидан халқаро комиссия тузиш сўровига Ўзбекистон ҳукумати томонидан жавоб берилмагани ва мамлакатда инсон ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилаётганига оид хабарлар ҳануз тўхтамаётгани БМТ Бош Ассамблеяси инсон ҳуқуқлари бўйича резолюция қабул қилгандан буён Ўзбекистонда соҳада аҳвол яхшиланмаганидан далолатдир, деб ҳисобламоқда К.Аннан.

Ана шу хулосалардан келиб чиққан ҳолда бош котиб Ўзбекистон ҳукуматини халқаро ташкилотларга мамлакатга қайтган сиёсий қочқинлар ва бошпана изловчилар билан, улар қандай шароитда бўлишидан қатъий назар, учрашиш имконини беришга чақирди. Шунингдек, БМТ ташкилотлари билан ҳамкорлик қилаётган Ўзбекистон учун бу ташкилотларнинг хулосавий фикр ва тавсияларини амалга ошириш ҳам муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаб ўтди.

Хўш, БМТ бош котибининг бу баёноти мавжуд вазиятга бирор ўзгартириш киритиши мумкинми? Бу баёнотга Ўзбекистон ҳукуматининг муносабати қандай бўлади?

“Эрк” демократик партияси бош котиби Отаназар Орипов К.Аннаннинг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятга алоҳида тўхталиб билдирган хавотири мутлақ асосли экани, аммо бу чиқиш мамлакатда бирор ижобий ўзгариш ясашига умид йўқлигини айтди.

“Биз Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазияти қачондир ўнгланишидан умидимизни узиб қўйганмиз. Шу вақтгача ҳам шундай хавотирлар билдирилди, Ўзбекистонга нисбатан санкциялар қўлланилди. Аммо биз бу санкцияларни аввалбошданоқ ўта юмшоқ чора эканини айтиб келаяпмиз”, - деди О.Орипов.

Ўзбекистонлик кузатувчи Шуҳрат Аҳмаджонов ҳам айни фикрни тасдиқлар экан, мамлакат ҳукумати ўрнатиб олган ҳозирги сиёсий тизим аслида инсон ҳуқуқлари устиворлиги тушунчасига “бутунлай ёт” эканини билдирди.

“Каримов ҳукумати ўрнатган сиёсий тузум фақат ва фақат куч ишлатиш орқали иш олиб боради. Яъни бу полиция ҳукуматидир. Ҳуқуқ ҳимояси, сўз эркинлиги каби тушунчалар бу тизимга мутлақо ётдир. Шу боис, то Ўзбекистонда президент сайлови бўлиб, бирор ўзгариш юз бермагунча, халқаро ҳажамиятдан ким чиқиб гапирмасин, баёнот бермасин, бунинг Ўзбекистондаги вазиятга таъсири бўлмаса керак”, - дейди Ш.Аҳмаджонов.

Куни-кеча ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Урлаева бир неча халқаро ташкилотлар, Ўзбекистондаги чет эл элчихоналари ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашига мурожаатнома йўллади.

“Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини сиёсий сабабларга кўра таъқиб қилиш давом этмоқда”, - деб бошланади мурожаатнома.

Унда айтилишича, шу кунларда Тошкентда бир йўла 15 та ҳуқуқ ҳимоячиси суд қилмоқда. Улар рўйхатдан ўтмаган ташкилотга аъзолик ва ноқонуний фаолият юритганлик, жамоат тартибини бузганлик ва тинч аҳолига террор хавфини солганликда айбланмоқда.

“Қизиғи шундаки, баъзан судланувчилар суд мажлисига қўйилмаяпти. Яъни биз ўз ҳуқуқларимизни ўзимиз ҳимоя қилишга қодирмиз ва бироқ бунга имкон беришмаяпти. Масалан, бир сафар фуқаролик кийимидаги ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари эрталабдан келиб олиб, мени уйимдан чиқармади. Суд мажлиси кундузги соат 11 га белгиланган эди. Мен эса уй қамоғида қолдим. Суд мажлиси бошлангандан анча ўтиб “Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти вакили келди ва мени аранг уйимдан олиб чиқиб кетди. Мен эса суд йиғилишига келмаганга чиқиб қолдим”, - дейди Е.Урлаева “Озодлик” мухбири билан суҳбатда.

Е.Урлаева кейинги вақтда Ўзбекистонда ишлаш жуда қийинлашиб бораётгани, ҳуқуқ ҳимоячилари кўп ҳолларда уй қамоғида сақланаётгани, бирор шахс ҳимояси юзасидан суд мажлисларига қўйилмаётгани ҳақида гапирди.

“Мисол учун, пикет ўтказмоқчи бўлсак, одатда ҳеч кимга индамаймиз. Айтилган жойга йиғилиб, плакатларни ёзамиз ва талабларимизни билдирамиз. Бироз вақт ўтиб, бундан хабар топган ҳуқуқ-тартибот ходимлари кела бошлайди. Биз эса уларнинг дарагини эшитишимиз билан у ердан қочишга ҳаракат қиламиз”, - дейди Е.Урлаева.
XS
SM
MD
LG