Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:49

ҲРУ инсон ҳуқуқлари қурбон берилишини истамайди


“Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти Европа Иттифоқи Ўзбекистон билан мулоқот қилиш эвазига инсон ҳуқуқларини қурбон бермаслиги кераклиги ҳақида баёнот берди.

Ташкилотнинг Берлиндаги бўлими раҳбари Мариан Ҳеуген айни пайтда ЕИ томонидан Ўзбекистонга нисбатан жорий этилган санкцияларни бекор қилиш учун асос йўқлигини таъкидлади.

“Ўзбекистон ўтган йили қўйилган талабларнинг биронтасини ҳам бажармади, Андижон қирғини бўйича мустақил тергов ўтказишга рухсат бермади”, - дейди М.Ҳеуген.

Аммо, унинг айтишича, ташкилот Ўзбекистон билан мулоқот ўрнатилишига қарши эмас, фақат бу муайян талаблар асосида бўлиши ва Тошкент ҳукуматининг қуруқ ваъдаларига асосланмаслиги керак.

“Ҳьюман райтс уотч” шу кунларда Марказий Осиё давлатларига сафар қилаётган Германия ташқи ишлар вазири Франк-Вальтер Штайнмайерга очиқ мактуб йўллаб, ўзбек расмийлари билан музокараларда халқаро жамоатчиликни ташвишга солаётган масалалар, жумладан, инсон ҳуқуқлари масаласини ҳам кўтаришни сўраган, Тошкентдаги вакиласи Андреа Бергнинг у билан учрашишига умид боғлаган эди. Штайнмайер Ўзбекистон президенти билан учрашувда қандай масалаларни муҳокама этгани номаълум. Аммо у Андреа Берг хоним билан ҳам учрашмади.

“Мен билан бирга бир неча ташкилотлар вакиллари ҳам вазир билан учрашувга таклиф этилган эдик. Лекин афсуски, вазирнинг вақти бўлмагани боис учрашув қолдирилди. Вазир ўрнига Бундестаг делегацияси билан суҳбатлашишга муваффақ бўлдим”, - деди А.Берг.

Ўзбекистонга белгиланган санкцияларни узайтириш ёки бекор қилиш масаласини ЕИ ушбу ой ўрталарида ҳал қилиши керак. “Ҳьюман райтс уотч”нинг Тошкентдаги вакиласи ташкилотнинг бу борадаги хавотирларини Бундестаг вакилларига билдирган.

ЕИ Ўзбекистонга жорий этган санкцияларни қайта кўриб чиқишда асосий эътибор инсон ҳуқуқлари вазиятига қаратилиши талаб қилмоқда. Аммо Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ўзгаришсиз қолаётганига қарамай, ЕИнинг айрим аъзолари, айниқса, Германия Ўзбекистонга нисбатан жазо сиёсати самарасиз эканини айтиб, Тошкент ҳукумати билан танқидий кўз билан қайта мулоқотни йўлга қўйиш зарурлигини билдиряпти.

Чоршанба куни Тошкентда Германия ташқи ишлар вазири билан учрашишга муваффақ бўлган Ўзбекистондаги ягона инсон ҳуқуқ ҳимоячиси Тамара Чикунова ҳам мулоқот тарафдори эканини таъкидлади.

“Менимча, фақат мулоқот йўли билангина муайян мақсадларга эришиш мумкин. Ҳар қандай вазиятда яхши урушдан кўра ёмон тинчлик афзал. Бу менинг фикрим”, - деди Т.Чикунова.

Брюсселда истиқомат қилаётган ўзбекистонлик инсон ҳуқуқ ҳимоячиси Дилшодбек Тиллахўжаев бу фикрга қўшилмайди. Унинг сўзларига кўра, мулоқот йўли билан авваллари ҳам Ўзбекистонда ўзгаришларга эришилмаган, бу сафар ҳам бирон натижага эрилишиши даргумон.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Жиззаҳ вилояти бўлими раҳбари Бахтиёр Ҳамроев Германия ҳукуматининг Ўзбекистон билан мулоқотни қайта тиклаш хоҳишини геосиёсий манфаатлар билан боғлайди.

Хуллас, Ўзбекистон ҳукумати билан мулоқот қилиш керакми-йўқми, деган савол энг баҳсли муҳокамалардан бирига айланган. Айни пайтда ЕИ бу масала юзасидан барибир бир битимга келади, санкцияларни тўла бекор қилмаса-да, Ўзбекистонга нисбатан жазо чоралари ва ўз сиёсатини юмшатади, деган фикрлар ҳам йўқ эмас.
XS
SM
MD
LG