Линклар

Исфаралик аёллар ЎИҲга аъзоликда айбланмоқда

  • Садриддин Ашур

Тожикистоннинг Сўғд вилоятида Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзолигида гумон қилиниб беш киши ҳибсга олинди. Уларнинг уч нафари аёллардир. Аёлларнинг ЎИҲга аъзоликда гумонланиб ҳибсга олиниши Тожикистонда илк бора юз бермоқда.

Сўғд вилояти прокурори ёрдамчиси Асадулло Ўриновнинг “Озодлик” радиосига айтишича, бу шахслар ҳуқуқ-тартибот ходимларининг Исфара туманида ўтказган тезкор тадбирлари натижасида ушланган.

“Исфара шаҳрида яшаётган Муҳайё Қаюмова, Мухтасархон Миромонова, Валияхон Ҳасанова, шунингдек, ҳеч қаерда ишламайдиган Абдураҳмон Абдуназаров ва Абдуфаттоҳ Жумаев ҳукумат мансабдорлари жонига қасд қилиш ёки шу жиноятни содир этишда иштирок этганликда айбланмоқда. Ҳибсга олинганларнинг ёши 21 дан 64 ёшгача”, - деди А.Ўринов.

Шу йилнинг 27 сентябрида Қирғизистоннинг Исфарага қўшни Боткен туманидаги Қорабоғ қишлоғида ҳукуматнинг уч мансабдорига қарши суиқасд уюштирилган, бахтли тасодиф туфайли улар омон қолган эди. Исфара кимё заводи директори, вилоят депутати Низомхон Жўраев, маҳаллий ҳукумат раиси ўринбосари Содиқ Рустамов ва консерва заводи директори Содиқ Убайдуллаев минган автомашина автоматлардан ўққа тутилганди. Дастлабки тергов натижалари бўйича бу жиноятни содир этганлар Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзолари экани айтилди.

А.Ўриновнинг билдиришича, мазкур жиноят иши юзасидан ҳозиргача 11 киши ҳибсга олинган.

Сўғд вилояти ИИБ маълумотларига кўра, 26 ёшли Абдуфаттоҳ Жумаевнинг уйи тинтув қилинганда у ердан 19 қоп аммиак селитраси топилган. Селитранинг 95 килограмми портловчи модда ясаш учун тайёрлаб қўйилган.

Сўғд вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосари Эминжон Жалилов ЎИҲ Тожикистон шимолида чуқур илдиз отишга ҳаракат қилаётганини таъкидлади. Хўжанд шаҳрида, Ашт, Панжакент туманларида уларнинг фаолияти фаоллашгани сезилади.

“Энди эса ЎИҲ Исфара туманида томир ёймоқчи. Бу минтақада ҳаракатнинг аъзолари бор. Лекин ходимларимиз бунга йўл қўймаяпти”, - деди Э.Жалилов.

Жорий йил давомида Тожикистонда диний эстремистик ташкилотларга аъзоликда гумонланиб 50 дан ортиқ киши ҳибсга олинди. Ўтган 9 ой давомида Сўғд вилоятида ўнга яқин одам ЎИҲга аъзоликда айбланиб 9 йилдан 19 йилгача муддатларга озодликдан маҳрум этилди. Лекин судланган бу йигитларнинг яқинлари уларга барча айблар қийноқлар воситасида юкланганини айтмоқда.

“ЎИҲга аъзоликда гумонланиб суд қилинган йигитларнинг ҳаммаси суд жараёнида бу ҳаракатга умуман алоқаси йўқлигини билдирди. Уларга бу айблов қийноқлар воситасида тан олдирилган. Судда улар токка қўйилгани, қаттиқ калтаклангани ҳақида гапириб берди. Уларнинг ЎИҲга аъзолигини тасдиқловчи бирорта гувоҳ ҳам келтирилмади”, - дейди судланганларнинг яқинларидан бири.
XS
SM
MD
LG