Линклар

logo-print

Қирғиз мухолифати яна майдонга чиқди


Эл Мурод 2 ноябрда Қирғизистон мухолифати Бишкекнинг бош майдонида мамлакат президенти Қурманбек Бақиевнинг истеъфоси талаби билан муддатсиз норозилик акциясини бошлади.

Дунё ахборот воситалари митингда 10 мингдан 30 минггача одам иштирок этаётганини хабар қилмоқда.



2005 йил мартда инқилобни бошдан кечирган Қирғизистонда яна бир инқилобий вазиятнинг юзага келиши сабаблари нимада?

2005 йил 24 мартдаги инқилоб Бақиев-Қулов сиёсий жуфтлигини ҳокимият тепасига келтирди. Бугун эса айни шу жуфтликни ҳокимиятга келтирган партиялар ва шахслар унинг мухолифига айланди.

Таҳлилчилар Қирғизистондаги бугунги вазият Қ.Бақиевнинг ўз сайловолди ваъдаларини бажармаганидан, қолаверса, 24 март инқилоби ғояларини амалга оширишга ҳаракат қилмаётганидан келиб чиқаётганини айтмоқда.

“Сиёсий соҳада ҳокимиятнинг барча бўғинларига ваколатларнинг тенг бўлиниши конституциявий ислоҳот ўтказиш билан ҳал қилинади. Конституциявий ислоҳотнинг энг асосий мақсади коррупциялашган оилавий бошқарув тизимини йўқ қилишдир”, - деган эди Қ.Бақиев.



Айни мана шу ғоя Қ.Бақиевни президент курсисига олиб келгани маълум. У сайловолди компанияси пайтида ҳам бир неча ой ичида конституциявий ислоҳот ўтказишни, Қирғизистон миллий телерадиокомпаниясини жамоатчилик телеканалига айлантиришни, ўз оиласининг мамлакат сиёсий ҳаётига ва бизнесга аралашувига йўл қўймасликни ваъда қилган эди.

Мухолифатнинг билдиришича, Қ.Бақиев конституциявий ислоҳотни тез орада ўтказиш тўғрисида олти марта ваъда берган ва ҳар сафар ваъдасидан қайтган. Жумладан, 31 октябрда Қирғизистон мухолифати билан бўлган музокара чоғида президент 2 ноябрь куни Конституция лойиҳасини парламентга топширишини айтган. Аммо маълум бўлишича, президент 2 ноябрь куни парламентнинг конституциявий ислоҳот масаласи муҳокамага қўйилган йиғилишига борган ва Конституция лойиҳасини парламентга топширмаслигини билдирган.

Март инқилобидан сўнг Қирғизистонда конституциявий кенгаш ташкил этилган эди. Бу кенгаш ҳукумат, мухолифат ва фуқаролик жамияти вакилларидан иборат бўлган ҳамда улар Конституция лойиҳасини ишлаб чиққанди ҳам.

Бу лойиҳада президент фақат беш йиллик муддатга бир марта сайланиши ва парламентни тарқатиб юбориш ҳуқуқига эга эмаслиги белгиланган эди. Бундан ташқари, унда Қирғизистон бошқарув тизимини президентлик бошқарувидан аралаш тизимга, яъни парламент-президент бошқарувига ўтиши таъкидланган эди. Аммо Конституция лойиҳаси тайёр бўлган пайтда Қ.Бақиев кенгаш ишини тўхтатиб қўйди.

Мухолифатнинг 2006 йил 29 апрель ва 27 майда ўтказган митинглари сабабли Қ.Бақиев Конституциянинг янги лойиҳаларини тайёрлаш учун мухолифат вакили, парламент депутати Азимбек Бекназаров раҳбарлигида ишчи гуруҳ ташкил этишга мажбур бўлганди. Бу гуруҳ ишлаб чиққан учта лойиҳа 1 август куни президентга тақдим этилган ва халқ муҳокамасига қўйилганди.

Бироқ бу ҳужжатлар ҳам Қ.Бақиевга ёқмади. Айни пайтда Қирғизистон парламентига Конституциянинг 50 дан ортиқ лойиҳаси тақдим этилган. Президент эса парламентга йигирмадан ортиқ лойиҳа жўнатилганини айтади. Бироқ бу лойиҳалардан бирортаси уни қониқтирмаган. Президент ўз лойиҳасини ҳам парламентга топширишни режлаштирган. Бироқ у бу сафар ҳам ўз ваъдасини бажармади ва 2 ноябрда қирғиз парламентида сўзлаган нутқида Конституция лойиҳасини кейинроқ тақдим этишини билдирди.

Мухолифатнинг 2 ноябрда бошланган муддатсиз митинги бу ваъдаларга ишонмаслик белгисидир. Намойишчилар акция Қ.Бақиев истеъфога чиқмагунча давом этишини айтмоқда.
XS
SM
MD
LG