Линклар

logo-print

Ўқитувчи ўз ўқувчиларини ўлдирди


Жанубий Қозоғистоннинг Мақтаорол туманидаги Фирдавсий овулида яшовчи 43 ёшли ўқитувчи Ҳабиба Холова 8 ва 9 ёшли икки ўқувчисини қийнаб, пичоқлаб ўлдирди.

Полиция маълумотига кўра, 20 йилдан бери маҳаллий мактабда ишлаб келган Ҳ.Холова томонидан пичоқланган 9 ёшли Гулжаҳон ва 8 ёшли Зебогул Ибодовалар Мирзакент шаҳри шифохонасига оғир аҳволда олиб келинган ва ҳушига келмасдан вафот этган. Қизларнинг юрак, буйрак ва жигар қисмларига пичоқ билан кўплаб жароҳатлар етказилган.

Маълум бўлишича, Ҳ.Холованинг қизи тўйига икки кун қолганда севган йигити билан қочиб кетган. Бу йигит Гулжаҳон ва Зебогулнинг катта акаси бўлган. Бунга қасдма-қасд Ҳ.Холова йигитнинг сингилларини гаровга олган.

Ҳ.Холова Гулжаҳон ва Зебогул ўқийдиган Фирдавсий номидаги мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаган ва қизларни мактабда эмлаш баҳонасида алдаб олиб кетган. У қизларнинг ота-онасидан қочиб кетган қизини қайтариб беришни талаб қилган. Талаби бажарилмагач, икки қизнинг жонига қасд қилган.

Айни пайтда тергов-суриштирув ишлари давом этмоқда. Полиция Ҳ.Холова ўзини ақлдан озган қилиб кўрсатишга уринаётганини айтмоқда.

Қотил ўқитувчи ўлдирилган қизларнинг яқин қариндошидир. Қизларнинг отаси Мухтор Ибодов ўз холаси бўлган Ҳ.Холова умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилишини талаб қилмоқда.

Айни пайтда Фирдавсий овулидаги ота-оналар ўз фарзандларини мактабга жўнатишга қўрқиб қолган. Текширувлар овул мактабида директордан бошқа бирорта ўқитувчи махсус педагогик маълумотга эга эмаслигини кўрсатган. Мутасаддилар бу ҳолатни мактабларда педагог кадрлар етишмаслиги билан изоҳламоқда.

Жанубий қозоғистонлик 78 гўдакнинг одам иммун танқислиги вирусини юқтиргани вилоятдаги соғлиқни сақлаш соҳасидаги камчиликлар ошкор бўлишига олиб келганди. Икки ўқувчи қизнинг ўлими эса таълим соҳасидаги муаммоларни ҳам юзага чиқарди.
XS
SM
MD
LG