Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:09

Тожикистон ёшлари нега ўз жонига қасд қилади?


Тожикистонда ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Жорий йилнинг дастлабки 9 ойи давомида биргина Сўғд вилоятида 130 дан ортиқ одам ўз жонига қасд қилди.

Расмий маълумотларга кўра, ўтган 9 ой ичида Хўжанд шаҳрининг ўзидагина 32 та ўз жонига қасд қилиш ҳолати қайд этилган. Шулардан 15 таси ўлим билан якун топган. 17 ҳолатда эса ўз вақтида кўрсатилган биринчи тиббий ёрдам туфайли худкушларнинг жони сақлаб қолинган. Ўз жонига қасд қилганларнинг асосий қисмини ёшлар ташкил этади.

Ўзини ўлдиришда худкушлар турли йўлларни танламоқда. Маълум бўлишича, ўзини ўзи осиш худкушликнинг энг кенг тарқалган усулидир. 8 йигит ва 8 хотин-қиз ўлиш учун шу йўлни танлаган. Заҳар ёки заҳарли моддалар ичиб 9 киши ўз жонига қасд қилган бўлиб, уларнинг фақат биттаси эркакдир. Бундан ташқари, 3 йигит ва 2 аёл ўзини сувга ташлаб ғарқ қилган. Бир аёл эса ўзини баландликдан ташлаб жон таслим қилган.

Хўжанд шаҳри прокурорининг катта ёрдамчиси Саломат Қурбонова одамларнинг ўз жонига қасд қилиш сабаблари иқтисодий шароитнинг оғирлигига бориб тақалишини айтади.

“Аксарият одамлар иқтисодий шароитнинг оғирлигидан асабийлашиб турли руҳий касалликларга йўлиқади. Оиладаги иқтисодий қийинчиликдан чиқиш йўлини топа олмай, кейин ўз жонига қасд қилади. Баъзи ҳолатларда аёлларнинг эрларнинг зуғуми ва тазйиқи натижасида ўз жонига қасд қилади”, - дейди С.Қурбонова.

Хўжанд шаҳрида ўз жонига қасд қилганлар орасида балоғат ёшига етмаган 4 бола ҳам бор. Хусусан, ёш келиннинг икки норасида гўдаги билан ўзини Сирдарёга ташлаши ҳам оиладаги зўравонлик оқибати сифатида эътироф этилмоқда.

Хўжанддаги “Гулрухсор” аёллар маркази олти ой давомида худкушликлар сабабини ўрганиб чиқди.

“Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, ўз жонига қасд қилиш 26 ёшдан 30 ёшгача бўлган хотин-қизлар ўртасида кўп учрайди. Жамоатчилик фикри бўйича энг хавфли вақт 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган даврдир. Иккинчи хотин бўлиб эрга теккан ёлғиз аёлларда ҳам бу ҳолат кўп учрайди”, - дейди марказ раҳбари Дилбар Исмоилова.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги пайтларда ўз жонига қасд қилиш эркакларга нисбатан хотин-қизлар ўртасида кўпаймоқда.

“Бунинг сабаблари кўп. Қашшоқлик, эрларнинг оилада болаларга ва хотинларига нисбатан зўравонлиги. Биз сўров ўтказган оилаларнинг ҳар тўрттасидан бири қашшоқлик чегарасида яшаётгани маълум бўлди. Худкушликнинг асосий қурбонлари носоғлом оилада яшаётгани аниқланди. Ўз жонига қасд қилганларнинг ҳар ўнтадан биттаси ўгай ота ёки ўгай она билан яшаган. Сўров ўтказилган оилаларнинг 37 фоизида қизлар жуда қаттиқ назоратда бўлган. Бу оилалардаги эркинлик оталар ва акалар томонидан чегаралаб қўйилган”, - деди Д.Исмоилова.

Хўжанддаги “Ёшлар ва тамаддун” жамоатчилик институти директори Абдусамад Султонов ёшларнинг худкушликка қўл уришига, энг аввало, жамиятни айблади.

“Ёшларнинг жамиятда ўз ўрнини топа олмаётгани, ишсизлик, қашшоқлик худкушликни келтириб чиқараётган сабаблардандир. Ёшлар фаолиятини, уларнинг турмуш тарзини тўлалагича қамраб оладиган ҳукумат дастури йўқ. Қисқа вақт оралиғида 30 дан ортиқ кишининг ўз жонига қасд қилиши жуда нозик ва эътиборли масала эканини фақат нодавлат ташкилотлар эмас, ҳукумат ҳам яхшилаб ўйлаб кўриши керак”, - деди А.Султонов.
XS
SM
MD
LG