Линклар

Наркокурьерлар Ўзбекистондан ўтган


Ўзбек-қозоқ чегарасида, Жанубий Қозоғистоннинг Мақтаорол туманидаги Отакент овулида наркотик моддалар транзити билан шуғулланадиган халқаро гуруҳ қўлга олинди.

Жанубий Қозоғистон ички ишлар департаменти гиёҳвандликка қарши кураш бўлими маълумотига кўра, ушланган уч наркокурьернинг бири Ўзбекистон, иккитаси эса Тожикистон фуқаросидир. Улар ёнидан 7 килограмм героин топилган. Жиноятчилар героинни Тожикистондан харид қилганини айтган.

Тожикистонлик наркокурьернинг билдиришича, улар героиннинг ҳар килограммини Тожикистонда 2500 доллардан сотиб олган ва Қозоғистонда 3 минг доллардан сотишни мўлжаллаган. Улар героинни Ўзбекистон орқали олиб ўтган. Наркотик модда харидорлари билан Тошкентда танишиб, савдолашган. Гиёҳвандлик моддасини ўзбек-қозоқ чегарасидан олиб ўтишда уларга ўзбекистонлик шахс ёрдам берган. Ўзбекистон фуқароси героинни ўзининг “Камаз” машинасига беркитган. Тожикистонликлар унга бу ёрдами учун беш юз доллар ваъда қилган.

Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши очилиб, тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбек-қозоқ чегараси учун наркотик моддалар контрабандаси янгилик эмас. Биргина ўтган йили қозоқ чегарачилари Ўзбекистон орқали ўтаётган 220 килограмм наркотик моддани мусодара қилган.

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Чегара хизматининг “Онгтустиқ” ҳудудий бошқармаси бошлиғи генерал-майор Талгат Есетов чегаранинг бу қисми мамлакат учун энг муаммоли ҳудуд эканини айтади.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон билан чегара ҳудудида экстремизм ва терроризм хавфи мавжуд. Бу ҳудуд наркотраффик, ноқонуний миграция ва контрабанда билан шуғулланиш учун қулай жой ҳисобланади. Бу минтақада уюшган жиноий гуруҳлар кенг фаолият олиб боради.

Т.Есетовнинг таъкидлашича, Чимкентда бирор жиноят қилган одам бемалол Тошкентда яшириниши мумкин. Ўзбекистонлик жиноятчилар эса Чимкентда бекиниб юриш имконига эга. Шунинг учун Ўзбекистон билан чегарада назоратни кучайтириш шарт.
XS
SM
MD
LG