Линклар

logo-print

Қирғизистондаги воқеалар ахборот агентликлари назарида

  • Сарвар Усмон

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги мамлакатдаги 2-4 ноябрь кунларидаги сиёсий-ижтимоий вазиятни барқарор, деб баҳоламоқда. Бу ҳақда “Тазар” Интернет газетаси вазирлик матбуот хизмати тарқатган маълумотга таяниб хабар қилди.

Унда айтилишича, митинг ўтказилган дастлабки 2 кунда мамлакат бўйича 112 жиноят қайд этилган. 2005 йилнинг худди шу кунларида эса 333 та жиноят рўйхатга олинган эди.

Вазирлик маълумотномасида Бишкек шаҳри ишчи ишлар бошқармаси шахсий таркиби митинг бўлаётган кунларда ўз хизматини кучайтирилган тартибда ўтаётгани, уларнинг тартиббузарлик қилмагани таъкидланган.

2 ноябрь куни Бишкекда бошланган митингни Қирғизистон пойтахти аҳолиси катта ташвиш билан кутган, митинг арафасида дўкондорлар савдо шаҳобчалари талон-тарож қилинишидан қўрқиб, товарларини хавфсиз жойларга кўчирган эди.

“Қабар” ахборот агентлиги эса 5 ноябрь куни Қирғизистондаги конструктив кучлар қурултойи ўтказилишини хабар қилди.

Анжуманни Демократик ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш миллий форуми ва 15 сиёсий партия ҳамда 40 дан зиёд нодавлат ташкилотини бирлаштирган “Қутти Қирғизстан” (“Қутлуғ Қирғизистон”) бирлашмаси уюштирмоқда.

Қурултойда президент Қурманбек Бақиев, Жўғўрқу Кенеш раиси Марат Султонов, бош вазир Феликс Қулов, парламент депутатлари, ҳукумат аъзолари, нодавлат ташкилотлар вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.

Қурултой ташкилий қўмитаси унинг иштирокчиларига Қирғизистоннинг янги Конституциясини қабул қилиш юзасидан референдум ўтказиш ва Жўғўрқу Кенешни тарқатиб юборишни таклиф қилмоқчи.

Қирғизистондаги воқеалар тўғрисида мамлакатнинг собиқ президенти Асқар Ақаев қандай фикрда?

Амалдан тушганидан буён Россияда яшаётган А.Ақаев 3 ноябрь куни “Новости” ахборот агентлиги мухбири саволларига жавоб берар экан, ҳокимият ва мухолифат ўртасидаги қарама-қаршиликнинг сақланиб қолиши кутилмаган, фожеали оқибатларга олиб келиши мумкинлигини айтди.

“Жорий вазиятда ҳокимият мухолифат талабларига эътибор қаратиб, муросага олиб борувчи йўлни излаши ва жараённи тинч якунлашга интилиши лозим”, - деди собиқ президент.

Унинг фикрича, мухолифат илгари сураётган талаблар орасида Қ.Бақиев ва Ф.Қуловнинг сайловолди ваъдалари доирасидан ташқарига чиқадиган ҳеч гап йўқ.

“Мамлакат учун барқарорлик, ривожланиш учун тинчлик керак. Менимча, янги инқилоб халқ учун янги кулфат бўладики, унинг оғирлиги оддий халқ зиммасига тушиб, ижтимоий-иқтисодий вазиятни янада оғирлаштиради”, - деди А.Ақаев.
XS
SM
MD
LG