Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:34

Германия ва Буюк Британия глобал иқлим исишига қарши биргаликда курашади


3 ноябрь куни Лондонда учрашган Германия канцлери Ангела Меркел ва Буюк Британия бош вазири Тони Блэр глобал иқлим исиши муаммосини кун тартибидаги биринчи масала қилиб белгилашга келишиб олди.

Улар бу муаммонинг олдини олишда бирга ишлашга тайёрлигини билдирди.

Тони Блэр Германия 2007 йил 1 январдан бошлаб “катта саккизлик” гуруҳи ҳамда Европа Иттифоқи раислигини қабул қилиб олгандан кейин бу борада олдинга силжиш бўлишини айтди.

“Сўзлашув чоғида асосий эътибор Германиянинг “катта саккизлик” ва ЕИга раислик қилиши масаласига қаратилди. Биз мулоқотни иқлим ўзгаришининг олдини олиш муҳокамасидан бошладик. Мулоқот жуда яхши, конструктив бўлди. ... Биз халқаро келишувлар доирасида глобал исишнинг олдини олиш бўйича қўлимиздан келган барча ишни қилишимиз керак”, - деди Т.Блэр.

Шу ҳафта бошида Жаҳон банкининг собиқ бош иқтисодиётчиси Николас Стерн иқлим ўзгариши ҳақидаги ҳисоботини эълон қилган эди. Унда айтилишича, иқлим исишининг олдини олиш учун харажатлар дунёда ишлаб чиқарилаётган ялпи маҳсулот ҳажмининг атиги бир фоизини ташкил этади. Агар бу муаммо ўз вақтида тўхтатилмаса, жаҳон иқтисодиётига бундан 20 баробар қимматга тушиши мумкин.

А.Меркел иқлим исиши 21-асрнинг долзарб муаммоси экани ва Европа унга қарши курашда ташаббусни ўз қўлига олиш имкониятига эгалигини таъкидлади.

Икки давлат ҳукуматлари раҳбарлари учрашуви чоғида халқаро масалалар ҳам муҳокама қилинди. А.Меркел Буюк Британиянинг Яқин Шарқ, айниқса, Ливан муаммосини ҳал қилишда Сурияга имконият бериш кераклиги ҳақидаги таклифини қўллаб-қувватлашга ваъда берди.

Ноябрь ойи охирида Латвия пойтахти Ригада НАТОга аъзо давлатлар раҳбарлари учрашуви бўлиб ўтади. Ана шу тадбирга тайёргарлик кўриш доирасида А.Меркел ва Т.Блэр Афғонистон масаласини ҳам муҳокама қилди. Германия ва Буюк Британия ҳарбийлари Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш тадбирларида фаол қатнашмоқда.

А.Меркел Афғонистон муаммосини ҳал қилиш учун фақат ҳарбий кучнинг ўзи етарли эмаслигини билдирди.

“Тинч аҳоли вакилларининг ҳозир вазият қандай ва келгусида нима бўлади, деб савол беришини жуда яхши тушуниш мумкин. Менимча, муаммони ҳарбий куч билан ҳал этиш бир нарса. Аммо, энг муҳими, бу масалани ҳал қилишнинг ягона йўли эмас. Биз бу ҳақда бир хил фикр билдирдик”, – деди Германия канцлери.

Музокара чоғида Тони Блэр ва Ангела Меркел Афғонистондаги ташкилотлар фаолиятини қайта тиклаш ва наркотикларга қарши кураш масалаларини ҳам муҳокама қилди.
XS
SM
MD
LG