Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:38

Саддам Ҳусайн ўлимга ҳукм қилинди


Ироқ Олий суди мамлакатнинг собиқ президенти Саддам Ҳусайн ва унинг икки мулозимини шиаларга қарши амалга оширилган оммавий қатағонларда айбдор топди ва осиб ўлдиришга ҳукм қилди.

Суд ҳукми ўқилаётган пайтда Бағдод ва унинг яқинидаги шаҳар ва қишлоқларда зўравонликларнинг олдини олиш мақсадида хавфсизлик чоралари кучайтирилган эди.

Суд раиси Рауф Абдураҳмон Саддам Ҳусайн ва у билан қора курсида ўтирганларнинг иккитасини 1982 йилда Дужайл қишлоғида Саддам Ҳусайнга уюштирилган суиқасдга қасос ўлароқ, 148 шианинг ўлдирилишида айблади ва ўлимга ҳукм қилди.

Суд раиси ҳукмни ўқир экан, Ҳусайн унинг гапини бўлишга уринди ва “Аллоҳу Акбар” ва “Яшасин халқ”, деб қичқирди.

“Яшасин халқ! Яшасин Ироқ халқи! Сотқинларга ўлим! Босқинчиларга ўлим! Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар! Яшасин Ироқ халқи! Судга лаънат”, - деб бақирди Ҳусайн.

Ҳусайн билан осишга ҳукм қилинганлардан бири Барзан Иброҳим ал-Тикритийдир. У Ҳусайннинг ўгай укаси ва Ироқ разведка хизматининг собиқ бошлиғи бўлган.

Осилишга маҳкум бўлган яна бир мулозим Ироқ инқилобий суди собиқ раиси Ауад Аҳмад ал-Бандердир.

Ироқнинг собиқ вице-президенти Таҳа Ёсин Рамаданга бир умрлик қамоқ жазоси белгиланди.

“Баас” партиясининг уч собиқ расмийсига 15 йилгача қамоқ жазоси берилди. “Баас”нинг яна бир аъзоси далиллар етишмагани боис оқланди.

Суд давом этган бир неча ой давомида Саддам Ҳусайн ва унинг адвокатлари Ироқнинг собиқ етакчиси Дужайл қишлоғида оммавий қатлни буюрмаганини таъкидлаб келди.

Саддам Ҳусайн шу йилнинг март ойида суд мажлисида қилган чиқишида: “Мен Дужайлдаги экин далаларини пайҳон қилдим. Бу ҳақда бошқалардан сўраб-суриштиришингизга ҳожат йўқ. Мен уларни йўқ қилганман. Лекин бу мен шахсан булдозерга ўтириб уларни яксон қилганман, дегани эмас. Биз менга суиқасд уюштирганликда айбдор бўлганларни аниқлаб, уларга тегишли экинларни йўқ қилишга келишганмиз ва мен буйруққа қўл қўйганман”, - деган эди.

Ҳусайнга ўқилган ҳукм қачон ижро этилиши ноаниқ қолмоқда. Ҳукмда унинг тезроқ ижро этилиши айтилган, лекин Саддам Ҳусайн ҳукм юзасидан шикоят қилишга ҳақлидир.

Айни пайтда Ҳусайн устидан инсониятга қарши жиноятлар ва уруш жиноятлари борасидаги айбловлар бўйича ҳам суд давом этмоқда. Бу судда Ироқ шимолида минглаб курдларнинг ўлдирилиши борасидаги иш кўриб чиқилмоқда. Бу оммавий қатл 1988 йилда олти ой мобайнида амалга оширилган “Анфал” операцияси пайтида содир этилган.

Ҳукм эълон қилинаётган пайтда эҳтимолий зўравонликларнинг олдини олиш учун Бағдод ва унга яқин қишлоқларда хавфсизлик чоралари кучайтирилди ва коммендантлик соати жорий қилинди.

Ироқнинг собиқ президентини мамлакатдаги озчиликни ташкил этувчи ва асосан марказий Ироқда яшовчи сунний араблар қўллаб-қувватлайди. Ҳусайннинг тарафдорлари жангарилар орасида, жумладан, исломий жангари гуруҳлар ва ўзини миллатчи, деб атовчи гуруҳлар орасида ҳам бор.

Ҳусайн ўзи босқинчи АҚШ қўллаб-қувватлаган Бағдод режимининг қурбони эканини таъкидламоқда. У ўзига ўлим жазоси белгиланишини билгани ва осилишдан кўра отувга ҳукм қилинишни исташини айтиб келган.

“Эсингизда тутинг, Саддам Ҳусайн ҳарбийдир ва ўлим ҳукми оддий жиноятчидек осиш орқали эмас, ҳарбий томонидан отув орқали ижро қилиниши керак”, - деган эди Ҳусайн шу йилнинг июль ойида.

Ироқнинг марказий минтақаларида хавфсизлик чоралари кучайтирилган бир пайтда мамлакат шимолидаги курдлар яшайдиган ва жанубдаги шиалар истиқомат қиладиган ҳудудларида Саддам Ҳусайн устидан ўқилган ҳукм байрам қилинмоқда.

Саддам Ҳусайн устидан ҳукм АҚШда Конгресс сайловига бир неча кун қолганда ўқилди. Мазкур сайловда эса Вашингтоннинг Ироқда олиб борган сиёсати таназзулга учрагани номзодлар орасидаги баҳсларнинг асосий мавзуси бўлмоқда.

АҚШ расмийлари Саддам адвокатларининг ҳукм атайин сешанба кунга белгиланган сайловдан аввал ўқилгани ҳақидаги таъкидини инкор қилди.
XS
SM
MD
LG