Линклар

АҚШ президенти Жорж Буш Ироқнинг собиқ президенти Саддам Ҳусайн устидан чиқарилган ҳукмни олқишлади.


“Ироқда қонун ҳукмрон бўладиган ва барча фуқаролар ҳимояланган жамият қуриш учун ҳали кўп иш қилиш лозим, лекин мазкур ҳукм эркин, одил ва яхлит жамият қуриш йўлидаги муҳим ютуқдир”.
Якшанба куни Ироқ олий суди Саддам Ҳусайнни инсониятга қарши жиноятларда айбдор деб топди ва осишга ҳукм қилди. Ироқнинг собиқ президенти ва унинг олти собиқ мулозими 1982 йилда Дужайл қишлоғида Саддам Ҳусайнга қарши уюштирилган суиқасд учун қасос ўлароқ, 148 шиани ўлдиришни буюрганликда айбдор, деб топилди. Ироқ Бош вазири Нури ал-Маликий Ироқнинг собиқ етакчиси Саддам Ҳусайнустидан чиқарилган ҳукмни "у яратган тизим қурбонларининг ғалабаси" ва "қора кунларнинг якуни", деб баҳолади. Ироқликларга қилган мурожаатида ал-Маликий Ҳусайн Ироқ бошига "адолатсизлик, ихтилоф ва беъмани урушларни солган эди", деди.
“Саддам Ҳусайн Ироқ тарихидаги ўғилларимизни ўлдирган энг разил ҳукмдор бўлди. Ўзига ўхшаб унинг БААС партияси ҳам тарихимизнинг 35 йилга чўзилган қўрқинчли даври бўлди. Эндиликда эса, Саддам тарафдорлари ва уларнинг ҳамтовоқлари террористик ҳужумларни уюштирмоқда”, - деди жумладан Ироқ Бош вазири Нури ал-Маликий.
Ироқ Президенти Жалол Талабоний Саддам Ҳусайн устидан ўтказилган суд "адолатли бўлди" деди, лекин ҳукмни шарҳлашдан бош тортди. Британия ташқи ишлар вазири Маргарет Бэккет ҳам Ҳусайн ва унинг шериклари устидан ўқилган ҳукмни олқишлади. Айни пайтда "Халқаро Амнистия" ташкилоти Ҳусайн устидан ўтказилган суд жараёнида "жиддий қонунбузарликлар" кузатилганини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG