Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:50

Журналист озодликка чиқадиган бўлди


Бундан бир қанча вақт муқаддам товламачиликда айбланиб олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган жиззахлик мустақил журналист Улуғбек Ҳайдаров озодликка чиқадиган бўлди.

Журналистнинг хотини Мунира Ҳайдарованинг “Озодлик” радиосига айтишича, Жиззах вилояти суди У.Ҳайдаровга қўйилган барча айбларни олиб ташлаган.

У.Ҳайдаров айни пайтда Тошкент қамоқхонасида сақланаётгани айтилмоқда.

Журналистнинг опаси Нортожи Ҳайдарова укаси шу кунларда озодликка чиқишини билдирди.

“Худо хоҳласа, Улуғбек эртага чиқади. Буни қаранг, эртага унинг туғилган куни. Туғилган кунини у билан бирга нишонлайдиган бўлдик”, - деди Нортожи опа.

Ижтимоий ва иқтисодий муаммолар ҳақида мақолалари билан танилган У.Ҳайдаров 14 сентябрь куни ҳибсга олинган, кейинчалик у олти йилга қамалганди. Халқаро ташкилотлар, маҳаллий инсон ҳуқуқ ҳимоячилари журналистнинг қамоққа олиниши профессионал фаолият билан боғлиқ эканини айтиб, унинг зудликда озод этилишини талаб қилиб келаётганди.

Жиззахлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Бахтиёр Ҳамроев фикрича, У.Ҳайдаровнинг озод этилишида айнан халқаро ташкилотларнинг роли катта бўлган.

“Жуда кўплаб халқаро ташкилотлар мурожаат қилди. Иккинчидан, мен ўйлайманки, бу Каримов ҳукуматининг навбатдаги туҳфаси. Эртага Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов Европа расмийлари билан учрашади. 13 ноябрда эса Европа Иттифоқи Ўзбекистонга эълон қилинган санкцияларини қайта кўриб чиқади. Шу сабабли бу Ўзбекистоннинг совғаси, деб ҳисоблайман”, - деди Б.Ҳамроев.

У.Ҳайдаровнинг опаси ҳам укасининг озод этилишида халқаро ташкилотлар ҳиссаси катта бўлганини таъкидлади.

“Тасанно. Минг бор тасаннолар бўлсин халқаро ташкилотларга. Эртага, худо хоҳласа, уйимизда тўй. Бунинг учун халқаро ташкилотларга минг бора раҳмат”, - деди Нортожи Ҳайдарова.

Айни пайтда У.Ҳайдаров ҳисбга олинишидан икки кун олдин бедарак йўқолиб, кейинчалик Самарқанддаги руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирилган яна бир мустақил журналист Жамшид Каримовнинг тақдири мавҳум бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг жияни бўлган бу журналист шифохонада мажбуран муолажа қилинаётгани ҳақида хабарлар бор. Халқаро ташкилотлар Ж.Каримов журналистик фаолияти учун шу куйга солинганини айтган.
XS
SM
MD
LG