Линклар

logo-print

Ўзбекистон Интернетнинг ашаддий душманлари қаторида

  • Барно Анвар

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти эълон қилган “Интернет душманлари” номли ҳисоботда Ўзбекистон Интернет устидан жиддий цензура ўрнатган давлатлар қаторида тилга олинган.

Интернетнинг ашаддий душманлари сифатида санаб ўтилган 13 давлат орасида Ўзбекистондан ташқари Беларус, Хитой, Шимолий Корея, Эрон, Туркманистон, Куба, Тунис кабилар бор.

Ҳисобот муаллифларидан бири Жулиян Пейннинг айтишича, Ўзбекистон Интернетнинг мана шу 13 ғаними орасида ҳам юқори ўринни эгаллайди.

“Биз Ўзбекистонда Интернет қандай ишлаши, ҳукумат уни қандай назорат қилиши, онлайн тизимида ишлайдиган журналитларга муносабатлар борасида мамлакат ичида ва ташқарисида тўпланган ахборотларга эгамиз. Шу маълумотларга таянган ҳолда хулоса қилиш мумкинки, Ўзбекистонда Интернет устидан қаттиқ назорат ўрнатилган ва аксар сайтлар беркитиб қўйилган”, - дейди Жулиян Пейн.

Унинг сўзларига кўра, Интернет устидан назорат ўрнатишнинг икки йўли бор ва Ўзбекистон бунинг ҳар иккисидан ҳам фойдаланади.

“Биринчиси, фуқароларга Интернетдан фойдаланиш имконини бермасликдир. Одамлар исталган вақтда, масалан, уйидан туриб Интернетга кира олмайди. Бунинг учун, албатта, бирор Интернет кафега бориш керак. Ўзбекистонда ҳозир ҳар 100 одамдан фақат 4 таси Интернетдан фойдаланиш имконига эга. Бу эса Папуа-Янги Гвинея ва Африка қитъасининг айрим камбағал мамлакатлари билан тенгдир. Интернетни назорат қилишнинг иккинчи йўли эса муайян сайтларни беркитиб қўйиш. Ўзбекистон бу услубларнинг ҳар иккисидан ҳам фойдаланади. 2006 йилда мамлакатда жуда кўп ахборот сайтлари тўсиб қўйилгани ва бир қанчаси ёпиб ташлангани ҳақида маълумотлар бор”, - деди Ж.Пейн.

Унинг билдиришича, Ўзбекистонда, асосан, мухолифатдаги партиялар ва ҳаракатлар сайтларига тўсиқ қўйилган. Бироқ ҳозир очиқ-ошкора маълумотлар тарқатидиган ахборот сайтлари ҳам тўсилади.

“Масалан, “Tribune-uz.info” ахборот сайти ёпиб қўйилди. Биз унинг муаллифи Аъло Хўжаев фаолияти билан ҳам танишмиз. Бундан ташқари, 2006 йилнинг июнь-июль ойлари давомида “Centrasia.ru”, “Ferghana.ru” ахборот сайтлари очилмади”, - дейди Ж.Пейн.

Хуллас, “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг навбатдаги ҳисоботига кўра, Интернетнинг ашаддий душманлари сафидан ўрин олган Ўзбекистон Интернетдан фойдаланувчилар сони бўйича Тинч океанининг узоқ жанубий қисмида жойлашган ва кўпчилик тасаввурида одамхўр туб аҳоли – папуаслар ҳақидаги қиссалар билан муҳрланган Папуа-Янги Гвинеядан ҳам ортда экан.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Маъмуржон Азимов ҳам мамлакатда мухолифатдаги сайтлар ва мустақил ахборот сайтларига тўсиқ қўйилганини тасдиқлади.

“Айниқса, “Centrasia.ru”, “Ferghana.ru” ва мухолифат сайтларини очиш жуда қийин. Интернет тизимини яхши биладиган уста йигитлар қанақадир бошқа сайтлар орқали очади, холос. Оддий одамлар бу сайтларга кира олмайди. Миллий хавфсизлик хизматининг махсус бўлимлари бор бу иш билан шуғулланадиган. Кўп ҳолларда улар бизнинг электрон мактубларимизни ҳам текширади. Бир гал электрон почтадан жўнатилган ва ҳали Интернет сайтларида эълон қилинмаган мақола матни учун мени оқшом олиб кетиб, уч соат сўроқ қилишган. Мақолани қаердан олганини сўрасам, Интернетдан олганини айтади. Ҳали Интернетга бермаганимизни айтсам ҳам шу гапини қайтаради. Уларга бир нарсани исботлаш қийин. Лекин шундан кейин тушундимки, электрон мактублар ҳам назорат қилинади”, - дейди М.Азимов.

Ўзбекистон расмий манбалари мамлакатда Интернетдан фойдаланувчилар сони 1 миллиондан ортганини маълум қилмоқда. Демак, 26 одамдан биттасида Интернетдан фойдаланиш имкони бор. Бироқ бу маълумотнинг ҳақиқатга мос келишига ишонувчилар оз.

Ўзбекистонлик журналистлардан бири касбий фаолияти туфайли Интернетдан фойдаланишга жуда эҳтиёж сезиши, аммо одатда бунинг имкони жуда озлигини айтади.

“Ўзбекистонда бир миллион одам Интернетдан фойдаланишига шубҳа қиламан. Ҳатто 100 минг ҳам денг. Чунки пойтахтдаги йирик-йирик ишхоналарда Интернет муаммо бўлиб тургандан кейин... Мен ишлайдиган жойда 30-40 киши учун фақат битта компьютерда Интернет бор, холос. Мен эса радиода ишлайман. Бунинг устига, бизда сиёсий-мухолиф сайтлар, хорижий оммавий ахборот воситаларининг сайти умуман очилмайди. Оддий ахборот сайтларини ҳам баъзида оча олмаймиз. Шу боис, Ўзбекистонда Интернетдан фойдаланувчилар сони ортганига ишониш қийин. Аммо фойдаланишни истовчилар сони ортган бўлиши мумкин”, - деди журналист.
XS
SM
MD
LG