Линклар

Қирғизистон парламенти – Жўғўрқу Кенеш конституциянинг ҳокимият ва мухолифат ўзаро келишиб тайёрлаган лойиҳаси муҳокамасини бошлайди.


Парламент мажлисида президент Курманбек Бакиев ва бош вазир Феликс Қуловларнинг иштирок этиши кутилмоқда. Мухолифатнинг норозилик акциялари қарийб бир ҳафта давом этди. Сешанба куни президент тарафдорлари ҳам кўчага чиқиб, тўқнашувлар юз берди. Бир неча киши тан жароҳати олди. Қирғизистон конституциясининг ҳокимият ва мухолифат ўзаро келишиб тайёрлаган лойиҳаси мухолифат ва ҳукумат тарафдорлари бўлган депутатларнинг сешанба куни парламент биносида ўтказган сўзлашувлари натижасидир. Қарийб бир ҳафтадан буён президент Бакиевнинг истеъфосини талаб қилиб келган "Ислоҳотлар учун" ҳаракати лидерларидан бири Азимбек Бекназаров бундай деди:
“Агар чоршанба куни Конституция лойиҳаси қабул қилинса, митинглар тўхтатилади, деб ўйлайман. Биз, мухолифатчилар аввал-бошданоқ конституция қабул қилиниши биланоқ норозилик акциялари тўхтатилади, деб айтиб келганмиз”.
Сешанбага ўтар кечаси мухолифатчи 39 депутат (Қирғизистон парламентида шу кунда 71 депутат бор) янги Конституция лойиҳасини қабул қилган эди. Бироқ мамлакат президенти Қурманбек Бақиев бу ҳужжатни тан олмади ҳамда парламентни тарқатиб юборишга ишора қилди.
“Парламентни тарқатиб юбориш мақсадим йўқ, аввал ҳам бўлмаган. Мен бу ҳақда кўп марта таъкидлаганман. Бироқ Конституцияда менга бундай йўл тутишга рухсат берилган. Агар вазият шу тарзда давом этаверса, томонлараро тортишув тўхтамаса, унда президент нима қилиши керак? Бундай бебошликка қараб тура олмайман. Бирор қарор қабул қилишимга тўғри келади”, - деди Қ.Бақиев.
XS
SM
MD
LG