Линклар

logo-print

Ёдгора опа ватанни соғинибди

  • Абдулла Искандар

2005 йил 13 май куни Андижонда юз берган исён раҳнамоси экани айтилаётган Акрам Йўлдошевнинг АҚШдан бошпана олган рафиқаси Ëдгора опа юртга қайтиб кетиш борасида узил-кесил қарорга келмаганини билдирмоқда.

АҚШдаги андижонлик қочқинларни бориб кўрган қозоғистонлик журналист аëлнинг “Озодлик”ка айтишича, айни пайтда Ëдгора Йўлдошева Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасидан қайтиш ҳақидаги муждани интиқлик билан кутмоқда.

Қозоғистонлик журналист Ё.Йўлдошева билан бирга яна 65 қочқин Ўзбекистонга қайтмоқчи эканини маълум қилди.

Бироқ Ё.Йўлдошева “Озодлик” мухбири билан суҳбатда бу гапларни рад этди.

“Бу гаплар ҳаммаси ёлғон. Мен қандай қилиб барча қочқинларни олиб кета оламан? Тасаввур қилинг, фарзандингиз баъзи ҳолларда гапингизга кирмайди-ку! Мен қандай қилиб шунча одамни кетишга кўндира оламан? Бу осон иш эканми?”, - дейди Ёдгора опа.

Ë.Йўлдошева Интернет нашрларида бот-бот пайда бўлаëтган бу тахлит гаплар қочқинлар ҳаëтини мушкуллаштираётганидан шикоят қилди.

“Шу гап чиққандан сўнг бу ерда катта тўполон бўлиб кетди, биз билан ишлайдиган муҳожирлик хизмати вакиллари нега уларни огоҳлантирмаётганимизни баҳона қилиб, бизга бериладиган моддий ёрдамни қисқартириб ташлади”, - дейди Ёдгора опа.

У қайтиш ҳақида Ўзбекистон элчихонасига мурожатнома ëзганидан тонмайди.

“Қайтиш ниятимиз бор, - дейди Ёдгора опа. - Уч ой олдин ариза бериб қўйганмиз элчихонага. Қайтамиз, мен оилам билан қайтаман, деганман. Мен билан бирга ўғлим бор, қизим бор, қайнопам бор, опам бор, иккита жияним бор”.

“Ўзньюс.нет” сайти ҳам Ë.Йўлдошеванинг Ўзбекистон элчихонасига ëзган мактуби юзасидан ўзбек дипломати билан суҳбатлашган. Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси мулозими қайтишни истаган қочқинларнинг ҳужжатлари синчиклаб текширилаётганини маълум қилган.

1,5 йилдан буён муҳожирликда яшаётган андижонлик қочқинларнинг қайтишига айни пайтда Ўзбекистон қамоқхонасида сақланаётган Акрам Йўлдошевнинг мактуби сабаб бўлгани кўп бор такрорланди. Аммо Ёдгора опа бу иддаоларни рад этмоқда. У эри билан 2 йилдан буён алоқада эмаслигини, ундан ҳеч қандай хабар йўқлигини айтаётир.

Ўзбекистон телевидениесида эса Акрам Йўлдошевни бадном қилиш кампанияси давом этмоқда. Бу ҳақдаги фильмда А.Йўлдошев ўзини барча айбларда гуноҳкор ҳисоблайди.

Ўз исмини ошкор этишни истамаган манбанинг билдиришича, Ўзбекистон телевидениеси юртга қайтиб борган андижонлик қочқинлар иштирокида яна бир фильмни тасвирга олмоқда.

Қочқин мақоми билан Европа давлатларида яшаётган андижонликлар Ўзбекистонга қайтган шериклари билан алоқалари йўқлигини таъкидламоқда. Халқаро ташкилотлар эса қайтган қочқинлар тақдиридан хавотир билдиряпти. Бу хавотирларга Ўзбекистонга қайтиб келган икки қочқин ҳибсга олингани ҳақидаги хабарлар сабаб бўлаётир.
XS
SM
MD
LG