Линклар

Конгресс демократлар назоратига ўтади

  • Ҳурмат Бобожон

АҚШ Конгрессига ўтказилган сайлов натижасида сўнгги 12 йил ичида илк маротаба демократлар Вакиллар палатаси ҳамда Сенатдаги кўпчилик ўринни эгаллашга муваффақ бўлди.

Сўнгги маълумотларга кўра, Виржиния штатида ўтказилган сайловда демократлар вакили Жим Уэбб республикачи рақибидан устун келган. Агар бу расман тасдиқланса, Сенатда демократлар 51 та ўринни эгаллайди.

Сайловда демократлар ғалабаси, асосан, Ироқдаги муваффақиятсизликлар билан боғлиқ экани айтилмоқда. Таҳлилчилар фикрича, Ироққа қарши урушга нисбатан омма фикри ўзгариб бораётгани овоз бериш натижасига таъсир кўрсатган бўлиши мумкин.

АҚШ президенти Жорж Буш сайловда ўзи мансуб бўлган республикачилар енгилганини тан олди ва демократлар ғалабасига Ироқдаги мувафақиятсизликлар туртки бўлганини эътироф этди.

Сайлов эҳтирослари тугамай туриб, Оқ уй раҳбари мудофаа вазири Доналд Рамсфелдни истеъфога чиқарди. У бу ҳақда эълон қилар экан, Д.Рамсфелднинг “буюк саркарда” ўлароқ ўзгаришлар даврида, ўта мураккаб бир даврда мамлакат учун қилган хизматларини олқишлади.

Д.Рамсфелднинг истеъфоси дунёда турлича қаршиланди. АҚШ сиёсати тарафдорларидан бири бўлмиш Австралия бош вазири Жон Ҳовард Д.Рамсфелдни ҳурмат қилишини айтар экан, уни кўп мунозараларга сабаб бўлган мудофаа вазири сифатида таърифлади.

“Бағдод қулагандан кейин (Д.Рамсфелднинг) Ироқ армиясини тарқатиб юбориш ҳақидаги қарори кўпчилик томонидан танқид қилинган. Бу қарор Д.Рамсфелд қабул қилган қарорларнинг бири сифатида кўриларди. Лекин энди бу ўтмишнинг гапи, энди бу масала АҚШ президентига ҳавола”, - деди Жон Ҳовард.

Беш йил аввал Афғонистонда “Толибон” тузумини ағдаришга қаратилган амалиётлар арафасида Ўзбекистон ва Қирғизистонга АҚШ ҳаво базалари жойлаштирилиши устида ҳам айнан Д.Рамсфелд турганини эслаш жоиз. Аммо Андижон қирғинидан кейин Американинг Ўзбекистонни танқид қилиши кучайиши ортидан Ислом Каримов ҳукумати АҚШ қўшинларини Ўзбекистондан чиқарди. Тошкент буни Афғонистонда ҳарбий амалиётларнинг фаол босқичи ниҳоясига етгани билан изоҳлади.

Афғонистон раҳбари Ҳомид Карзай “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Д.Рамсфелдни “Афғонистоннинг дўсти”, деб атади.

“Рамсфелд истеъфоси АҚШ раҳбариятининг қарори ва биз бу қарорни ҳурмат қиламиз. Айни пайтда Д.Рамсфелд Афғонистоннинг дўстидир. Мен уни яхши иттифоқчи ва террорчиликка қарши курашда шижоат кўрсатган доно шахс сифатида биламан, у билан дўст бўлганимдан фахрланаман”, - деди Ҳ.Карзай.

АҚШда мухолифат саналган Демократлар партияси кўп вақтдан буён айнан Д.Рамсфелднинг истеъфосини талаб қилиб келаётган эди. Улар ўзларининг талаби ижро бўлганини олқишлади.

Жорж Буш сиёсатининг ашаддий танқидчиларидан бири бўлган Венесуэла президенти Уго Чавес Д.Рамсфелд истеъфосини “каллалар кесилмоқда”, дея ўзига хос таърифлади.

Айни пайтда Америка тарихида илк бор Конгресснинг Вакиллар палатасига аёл киши спикер бўлиши кутилаётир. Келаси йил январдан демократлар назоратига ўтадиган Вакиллар палатасига 66 ёшли демократ Нэнси Пелоси раислик қилиши айтилмоқда. Оқ уй раҳбарининг ашаддий танқидчиларидан бўлган Н.Пелоси чоршанба куни Ж.Буш билан телефон орқали мулоқатда бўлди.

“Президент Буш билан гўзал суҳбат қилдим. У мени табриклади. Мен у билан бирга ишлашни интиқлик билан кутаётганимни ва президентнинг муваффақияти мамлакат учун фойда бўлишини айтдим ва Америка халқи учун биргаликда хизмат қила олишимизга умид билдирдим”, - деди Н.Пелоси.
XS
SM
MD
LG