Линклар

Демократлар Жорж Бушни аввалгидек сиёсат юргизишга қўядими?

  • Ҳасанжон

Куни-кеча АҚШ Конгрессига бўлиб ўтган сайловдан кейин демократлар ҳар икки палатада назоратни қўлига олгани Жорж Бушнинг аввалгидек кучли сиёсат юргизишига таъсир этиши мумкин.

Жорж Бушнинг ваколат муддати яна икки йилдан кейин тугайди. Шу вақтгача у республикачилар назоратида бўлган Конгресснинг деярли сўзсиз қўллаб-қувватлашига эришиб келаётган эди.

Кортлэнддаги Нью-Йорк давлат университети профессори Роберт Спицер АҚШ президентларининг деярли ҳаммаси президентлик муддатининг охирги бир ёки икки йили давомида маълум қийинчиликларга дуч келганига эътибор қаратди.

“Озодлик” радиоси мухбири билан суҳбатда у америкаликлар ўзи сайлаган президент ва Конгрессдан шунчаки зерикиб кетганини, оммавий ахборот воситалари бошқаларга кўпроқ эътибор қарата бошлаганини айтади.

Конгрессга сайловда республикачилар мағлубиятга учрагандан кейин Жорж Буш ўзининг сиёсий рақиблари бўлмиш демократлар билан ҳамкорликда ишлашга ваъда берди.

Р.Спицер сўзларига кўра, бу ёғига Ж.Бушнинг аввалгидек кучли сиёсат юрита олиши масаласи Демократик партиянинг Конгрессдаги раҳбарлари истагига боғлиқ. Агар президент ва демократлар ўзаро тил топиша олса, Ж.Буш ташаббусни ўз қўлига сақлаб қолиши мумкин. Агар қарама-қаршилик кучайса, унинг оқибати қандай бўлишини олдиндан айтиш қийин.

Р.Спицернинг таъкидлашича, томонларнинг яқин ҳамкорлик қилиши эҳтимолдан йироқ. Чунки ҳозирга қадар Жорж Буш республикачилар назоратида бўлган Конгресс билан ишлаб келган.

“Ироқ уруши туфайли Буш ҳар қачонгидан кўра кўп танқидга учрамоқда. У ички сиёсатда олға суришни истаган ташаббуслар кам. У демократларнинг Конгрессдаги янги раҳбарлари билан ҳамкорликда ишлаш ҳақида гапирди. Аммо бу амалга ошадими ёки йўқ, мен билмайман. Чунки Конгресс билан жуда кам ишлаш президентнинг сиёсий услуби эди. У Конгрессга нимани хоҳлашини айтган ва уни бажаришни талаб қилган. Агар Конгресс унинг айтганларини ёқтирмаса, у ўз мақсадини бошқа йўллар орқали амалга оширишга уринган”, – дейди америкалик таҳлилчи.

Р.Спицернинг фикрича, Ж.Буш сайловда рақиблар ўртасидаги фарқ жуда кичик бўлгани ҳақида бежиз гапирмаган. Бу билан президент ўз тарафдорлари анча экани ва Конгрессни писанд қилмаслиги мумкинлигига ишора қилишга уринган.

Кузатувчилар Конгресснинг ҳокимиятни ўз қўлига олиши эҳтимолдан йироқлигини айтмоқда. Чунки АҚШ ҳукумати тизимида ташқи сиёсат, айниқса, ҳарбийларга қўмондонлик қилиш президент ваколатига киради. Аммо Конгресс аъзолари вазирлик лавозимига тайинланганларни тасдиқлаш, президент тақдим этган давлат бюджети лойиҳасини маъқуллаш ёки рад этиш, шунингдек, федерал маблағ қандай сарфлангани юзасидан текширув ўтказиш ҳуқуқига эга. Улар мана шу масалаларда президентга қарши туриши мумкин.

Р.Спицернинг билдиришича, Демократик партия раҳбарлари бор имкониятдан фойдаланиб, президентни Ироқда юритаётган сиёсатини ўзгартиришга мажбур қилиши мумкин.

Вашингтондаги Демократия институти раҳбари Патрик Башам ҳам Р.Спицер фикрларига қўшилади. У Жорж Буш президентлик муддатининг қолган икки йили давомида эътиборни ташқи сиёсатга қаратиши мумкинлигини тахмин қилди.

“Қайта лавозимга сайланиш ҳуқуқига эга бўлмаган ҳар қандай президент охирги бир ёки икки йил давомида ўзидан кейин қандайдир мерос қолдиришга ҳаракат қилади. Буш эса ўзидан кейин Ироқ урушини мерос қолдирадиган кўринади. Бу масалада яхши ном билан тарихга ёзилиш учун унинг ихтиёрида икки йил муддат бор. Шу боис, у халқаро масалаларга кўпроқ эътибор қаратиш имкониятига эга”, - деди П.Башам.
XS
SM
MD
LG