Линклар

Аргентиналик судья Эроннинг собиқ президентига қарши

  • Ҳасанжон

Аргентина федерал судьяси Рудолфо Каникоба Коррал Эроннинг собиқ президенти Акбар Ҳошимий Рафсанжоний ва унинг ҳукуматида ишлаган 8 собиқ амалдорни ҳибсга олишга санкция берди.

“Уларни ҳибсга олишга Интерполни жалб этиш учун биз, бир томондан, қўлга олиш ҳақидаги ордер механизмини ишга туширдик. Иккинчи томондан, маълум шахсларни ҳибсга олиш учун дипломатик соҳада ҳам қатъий ирода кўрсатиш керак бўлади”, - деди санкция ҳақида эълон қилган Р.Коррал.

Аргентиналик судья Эроннинг собиқ расмийларини 1994 йилда Буэнос-Айресдаги яҳудийлар марказида содир этилган портлашга алоқадорликда айбламоқда. Марказ жойлаган бинода портловчи модда ортилган юк машинаси портлатилиши оқибатида етти қаватли иморат қулаб тушганди. Оқибатда 85 киши ҳалок бўлган, 200 дан ортиғи жароҳатланганди.

Мазкур ҳужум юзасидан олиб борилган текширув жараёнида ҳозиргача ҳеч ким қўлга олинмаган. Бироқ Аргентина, Исроил ва АҚШ расмийлари Эрон ҳукумати қўллаб-қувватлаган “Ҳизбаллоҳ” гуруҳи аъзоларини ҳужум учун масъулликда айблаб келмоқда.

Теҳрон расмийлари Буэнос-Айресдаги ҳужумга алоқадор экани ҳақидаги иддаони рад этмоқда. Эроннинг Аргентинадаги элчиси Муҳсин Баҳорванд ўз мамлакати аргентиналик судьянинг санкциясини тан олмаслигини билдирди. У Аргентина адлия тизимини ҳужумни уюштирган шахсларни топа олмай, айбни Эрон ва бошқаларга юклаётганликда айблади.

“Аргентина расмийлари мазкур ҳужумни уюштирган шахсларни топишнинг уддасидан чиқа олмаётгани, шунингдек, АҚШ ва Исроил дунёга Эрон ва Исломдан қўрқиш уруғини сочгани боис, 12 йил олдин содир этилган жиноят учун яна Эрон ва “Ҳизбаллоҳ”ни айблади”, - деди М.Баҳорванд.

Муҳсин Баҳорванд бу айбловлар сиёсий асосга эгалигини айтди.

Аргентиналик судья Интерполга тақдим этган санкцияга Эроннинг собиқ президенти Акбар Ҳошимий Рафсанжонийдан ташқари собиқ разведка вазири Али Фаллаҳаний, собиқ ташқи ишлар вазири Али Акбар Вилоятий, инқилоб посбонлари кучлари собиқ қўмондони Муҳсин Ризай ҳамда Эроннинг Аргентинадаги элчихонаси уч собиқ ходими исмлари ҳам киритилган.

Аргентина полицияси “Ҳизбаллоҳ” гуруҳининг хавфсизлик масалалари бўйича собиқ раҳбарига ҳам қидирув эълон қилган.

1989-97 йилларда Эронга раҳбарлик қилган Акбар Ҳошимий Рафсанжоний бир вақтнинг ўзида бир неча юқори лавозимларни эгаллаган. У раҳбарлик қилган ҳукумат ўнлаб одамлар қурбон бўлган ҳужумларга алоқадорликда биринчи марта айбланаётгани йўқ.

1992 йилда Берлиндаги ресторанда содир этилган портлаш оқибатида эронлик курд диссидентлар ҳалок бўлган эди. 1997 йилда Германиядаги суд курд диссидентлари Эроннинг махфий операциялар бўйича махсус қўмитаси буйруғига биноан ўлдирилгани ҳақида қарор чиқарган. Эрон президенти ва ҳукуматнинг уч юқори лавозимли расмийси ҳам ўша қўмитанинг аъзоси бўлган.
XS
SM
MD
LG