Линклар

Журналистни қаматган аёл устидан жиноят иши очилган

  • Ҳурмат Бобожон

Таъмагирлик айби билан 6 йиллик қамалган, кейин эса апелляция суди қарори билан озодликка чиқарилган жиззахлик мустақил журналист Улуғбек Ҳайдаров икки ойлик ҳибсдан сўнг уйига қайтди.

Бу вақт ичида у Ховосдаги тергов изоляторида, Тошкент қамоқхонасида, Навоийдаги колонияда сақланди.

Айни пайтда журналист оёғидаги шиш ва бош оғриғи безовта қилаётганини айтмоқда.

“Қисқа давр ичида 12 килограмм оздим. Эрталаб бешдан кечки 10 гача бўладиган машқлар таъсирими ёки организмим бунга кўникмагани оқибатими, ҳозирча суякларимда, бошимда оғриқ сезяпман”,- деди у.

У.Ҳайдаров тергов давомида унга босим ўтказилгани ва бунинг оқибатида қўйилган айбловларга иқрор бўлишдан бошқа чораси қолмаганини билдирди.

Унинг айтишича, унинг устидан милицияга шикоят қилиб, қамалишига сабабчи бўлган “Баҳодир мармари” фирмаси бошлиғи Раҳима Абдуллаевага қарши жиноят иши очилган.

У.Ҳайдаров айнан Р.Абдуллаевадан таъмагирлик йўли билан пора олганликда айбланиб 14 августда ҳибс этилган эди. Журналист ўша кунни бундай эслайди:

“Мени Р.Абдуллаеванинг шикояти асосида кўчадан ушлаб кетишди. Бу корхона ҳақида 3-4 та танқидий мақола ёзганман. Ўшандан кейин Р.Абдуллаева мен билан кўришиш учун кўп марта телефон қилди, уйимга ҳам бир неча марта келди. Охири кўришишга мажбур бўлдим. 14 сентябрь куни учрашганимизда, бу аёл мана шу ишни (чўнтагига пул тиқиш) қилди. Мени кейин вилоят ички ишлар бошқармасига олиб боришиб, ўша ерда ҳужжатларни расмийлаштиришди. Мен у аёлдан пул олган бўлиб чиқдим. Аёл ариза билан уларга мурожаат қилган экан”.

У.Ҳайдаров журналистика фаолияти билан шуғулланганидан ҳозир ҳам афсусда эмаслигини таъкидлади.

“Журналистикасиз яшай олмайман. Лекин ҳозир соғлиғимни тиклаб олишим керак. Организмимда айрим ўзгаришларни ҳис этяпман. Жиддий даволанишим керак. Журналистика билан шуғулланиш ёки шуғулланмаслигим кейин маълум бўлади”, - деди У.Ҳайдаров.
XS
SM
MD
LG