Линклар

Кўпчилик ҳавас қилган карьера ва унинг якуни

  • Барно Анвар

Норасмий манбалардан олинган ва ҳали расман тасдиқланмаган хабарларга кўра, Тошкент шаҳри ва вилоятининг собиқ ҳокими, бош вазирнинг собиқ ўринбосари Козим Тўлаганов шартли равишда икки йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Шунингдек, Тошкент шаҳри жиноят ишлари судида ўтган жараён вақтида ундан салкам бир миллиард 200 миллион сўм жарима ундирилган.

Расмий Тошкент айни масалада ҳозирча жим турибди. Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раиси Суръат Икромов эса бу суд жараёнини кузатиб боргани, аммо унга қўйилмаганини билдирди.

“Бизни суд жараёнига қўйишмади. Аммо бизга маълум бўлишича, К.Тўлаганов билан бирга жами 6 амалдор суд қилинган. Улар 4 миллион долларга яқин маблағни ўмаришда айбланди. Судланувчилардан бу маблағнинг 2 миллион долларга яқини ундирилган. Ҳозир маълум бўлишича, уларнинг ҳаммасига шартли қамоқ жазоси берилган”, - деди С.Икромов.

Ўзбекистон мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов ҳам бу борада суриштирув олиб боргани айтди.

“К.Тўлаганов устидан суд бораётгани анчадан буён маълум эди. Аммо суд ёпиқ эшиклар ортида, яширинча ўтди ва бизнинг аниқлашимизча, унга икки йиллик шартли қамоқ жазоси берилган. Суд жараёни вақтида ундан 1 миллиард 200 миллион сўмга яқин маблағ ундирилган”, - деди журналист.

Шундай қилиб, шартли жазога тортилган бу судланувчилар энди деярли уй қамоғида сақланади ва мунтазам равишда маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари назорати остида бўлади.

Юқорида айтилганидек, расмий Тошкент бу суд жараёни ҳақида ҳеч нарса маълум қилмаяпти. Эътироф этиш керакки, бу каби катта амалдорларнинг судга тортилиши-ю, улар устидан борадиган суд жараёнлари одатда халқ кўзидан панада ўтказилаётгани айтилмоқда.

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев К.Тўлаганов ўзига яқин доираларда президент Ислом Каримовнинг Андижондаги сиёсатини танқид қилгани ва шунинг учун давлат раҳбарининг ғазабига учраган бўлиши мумкинлиги ҳақида маълумотларга эгалигини билдирди.

“Биласиз, Ўзбекистонда бу каби юқори лавозимли амалдорлар ҳамиша кузатув остида, телефон суҳбатлари ҳам назоратда. Демак, унинг шу гаплари хуш келмаган ва иқтисодий жиноятлар дастак қилиниб, у қамалган бўлиши мумкин”, - деди сиёсатшунос.

Асли касби қурувчи-муҳандис бўлган К.Тўлаганов узоқ йиллар бир неча юқори лавозимларда ишлаган, хусусан, 1994-2001 йиллар давомида Тошкент шаҳри ҳокими, 2001 йилдан 2004 йилга қадар бош вазирнинг биринчи ўринбосари ва 2005 йилдан Тошкент вилояти ҳокими бўлган. Ўзбекистондаги энг нуфузли амалдорлардан бири ҳисобланган.

Шунингдек, у Тошкент шаҳрининг мустақилликдан кейинги қиёфасини ўзгартиришга бош-қош бўлган, “Ўзуйжойқурилишбанк”и ўз вақтида унинг қўл остида эди.
XS
SM
MD
LG