Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:40

Жанубий Осетия ўз мустақиллигини қонунийлаштиришга уриняпти


12 ноябрь куни Грузиянинг айирмачи Жанубий Осетия Республикасида референдум ўтказилди. Референдум билан бир қаторда республика президенти сайлови ҳам бўлиб ўтди.

Референдумда қатнашган жанубий осетияликларнинг аксарияти мустақиллик учун овоз бериши аввалдан кафолатланган бўлса-да, овоз бериш натижалари қандай сиёсий оқибатларга олиб келишини башорат қилиш қийин.

Грузия Жанубий Осетиядаги сайлов ноқонуний эканини билдириб, республикани ўз таркибига қайтаришга ваъда бермоқда.

Жанубий Осетия президенти, сайловдан кейин ҳам ўз лавозимида қолиши тахмин қилинаётган Эдуард Кокойти Цхинвалидаги сайлов участкаларидан бирида овоз бериб, республика мустақиллиги учун курашни тинч йўллар билан давом эттиришини маълум қилди.

“Биз 1992 йилда ўтказилган референдум натижаларини яна бир бор тасдиқламоқчимиз, холос. Биз тўғри қадамни қўйяпмиз, деб ҳисоблаймиз. Бу ерга кўплаб хорижий кузатувчилар, турли мамлакатлардан матбуот вакиллари келган. Улар жанубий осетияликлар ўз мустақиллигини қанчалар қадрлаши ҳақида ўз томошабин ва муштарийларига етказади, деган умиддамиз”, - деди Э.Кокойти.

Жанубий Осетия 1992 йилги қисқа урушдан кейин Грузиядан мустақиллигини эълон қилган эди. Ўшанда юзлаб одам ўлган ва минглаб аҳоли ўз жойларини ташлаб кетишга мажбур бўлганди.

Цхинвалида овоз бераётган осетияликлар Грузиядан мустақил бўлиш шартлигини айтмоқда.

“Мустақиллик биз учун, Жанубий Осетия учун омон қолиш демакдир. Аввал мустақиллик, кейин эса Россияга қўшилиш мақсадидамиз”, - дейди “Рейтер” мухбири билан суҳбатлашган цхинвалилик Нодар Кочиев.

Айирмачи республикада россияпарастлик кайфияти жуда кучли. Жанубий осетияликларнинг аксарияти Россия фуқаролигига эга ва асосий валюта сифатида Россия рубли ишлатилади. Цхинвалида Жанубий Осетия миллий байроғи билан бир қаторда Россия байроғи тикилганини кўриш мумкин.

Бироқ Жанубий Осетияда ҳамма ҳам россияпараст эмас. Минтақа Грузия пойтахтидан атиги 100 километр узоқликда жойлашган бўлиб, у ерда этник грузинлар яшайдиган кўплаб қишлоқлар бор. Улар айирмаси ҳукумат ўтказаётган референдумни инкор қилиб, ўзлари муқобил Марказий сайлов комиссияси ташкил этган.

Урузмаг Каркусов раислигида ташкил этилган муқобил МСК Эредви қишлоғида жойлашган. У.Каркусовнинг айтишича, Жанубий Осетия ҳукумати назорат қилмайдиган ҳудудларда ўтказилаётган муқобил овоз беришда сайловчилар фаол қатнашган. Муқобил сайловда республиканинг баъзи ҳудудларида сайловчиларнинг 60 фоиздан кўпроғи овоз берган.

Жанубий Осетиядаги сайлов Москва ва Тбилиси ўртасидаги дипломатик кескинлик пайтига тўғри келди. Сентябрь ойида Грузия тўрт рус зобитини жосусликда айблаб ҳибсга олгандан кейин Россия Тбилисига нисбатан транспорт қатнови чеклови жорий этган, Грузияга сотиладиган газ баҳосини икки баробар ошириш нияти ҳақида маълум қилганди.

Россия Ғарб мамлакатлари Косовонинг Сербиядан мустақил бўлишини қўллаб-қувватлаётган бир пайтда Жанубий Осетиянинг мустақиллигини тан олмаслик мантиққа тўғри келмаслигини айтиб келади.

Шунга қарамай, халқаро ҳамжамият Жанубий Осетиядаги референдум натижаларини тан олмаслиги ҳақида огоҳлантирди. Жумладан, НАТО бош котиби Яап де Ҳооп Схеффер референдум минтақадаги вазиятни янада тарнглаштириши мумкинлигини билдирди.
XS
SM
MD
LG