Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:15

ЕИ Ўзбекистонга санкцияларни ўз кучида қолдирди


Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари 2005 йилги Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистонга қарши жорий этилган жазо чораларини ўз кучида қолдиришга қарор қилди.

Ўзбекистонга нисбатан қурол-яроғ эмбаргоси бир йилга, Андижонда тинч аҳолининг ўққа тутилишига масъул кўрилган 12 ўзбек амалдорига нисбатан виза чеклови 6 ойга узайтирилди.

Айни пайтда Европа кенгаши Ўзбекистон ҳукумати амалга оширган ижобий қадамларни ҳам эътироф этиб, Андижон воқеаларини муҳокама қилиш учун шу йилнинг охиригача Европа расмийлари иштирокида Тошкентда учрашув ўтказиш таклифини олқишлади.

ЕИнинг бу қарори Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини инобатга олган ҳолда 3 ойдан кейин қайта кўриб чиқилади.

“Озодлик” мухбири ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Моррелдан ЕИ қарорини изоҳлаб беришни сўради.

П.Моррел: Даставвал бир нарсага аниқлик киритмоқчиман. ЕИ кенгаши санкцияларни кучда қолдириш қарорини эмас, балки ўтган йили қўлланган чораларни қайта кўриб чиқиб, соддалаштирди, яъни айтмоқчиманки, бу масалада муайян силжиш рўй берди.

Мухбир: Лекин нима бўлганда ҳам жазо чоралари жумласидан қурол эмбаргоси ва виза чеклови кучда қолдирилди, шундай эмасми? “Силжиш” деганда нимани назарда тутяпсиз?

П.Моррел: Силжиш ЕИ ва Ўзбекистон ўртасидаги мулоқотнинг тикланиши бўлди. Хабарингиз бор, ўтган ҳафта ЕИ-Ўзбекистон ҳамкорлик кенгаши учрашуви бўлиб ўтди. Бу учрашув натижаси ўлароқ, ЕИ Ўзбекистондаги вазиятни эътиборга олган ҳолда ўтган йили жорий этилган чораларни соддалаштирди. Яъни Ўзбекистон билан техникавий мулоқотни давом эттириш, хусусан, ҳамкорлик келишувини тўла амалга оширишга қарор қилдик. Бу келишув доирасидаги фаолият қисман тўхтатиб қўйилган эди. Бу Ўзбекистон ҳукумати билан мулоқот қилиш имконини беради. Бошқа чоралар ҳам Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятидан келиб чиқиб қайта кўриб чиқилди.

Мухбир: Ўтган ҳафта Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов етакчилигида Брюсселга келган делегация Андижон воқеаларини муҳокама қилиш учун ЕИ мутахассисларини Тошкентга таклиф этди. Келаси уч ой ичида Тошкентда бўлиши кутилаётган бу учрашув халқаро ҳамжамият, жумладан, ЕИ талаб қилган мустақил текширувнинг ўрнини босадими?

П.Моррел: Буни аввалдан айта олмайман, лекин бу учрашув ҳақида келишиб олдик. Ҳозир келишувни бажариш борасида тадбирларни амалга оширяпмиз, яъни мазкур ишчи гуруҳ учрашувини йилнинг охиригача ўтказишга ҳаракат қиляпмиз.

Мухбир: Бу гуруҳ нима иш қилади, Андижонга бориб гувоҳлар билан гаплашадими ёки Тошкентда Ўзбекистон ҳукумати тақдим этган маълумотларни муҳокама қилиб қайтадими?

П.Моррел: Бу қарор ўтган ҳафтадаги учрашув пайтида қабул қилинди. Ўзбекистон расмийлари Европа томони талабларидан яхши хабардор. Ўзбекистон тақдим этган маълумотларни аллақачон кўриб чиққанмиз. Шунингдек, Ўзбекистон ҳукуматига бошқа манбалардан олинган маълумотларимиз ҳам борлигини айтганмиз. ЕИ мутахассислари мазкур нозик масалага турли манбалардан олинган маълумотларга асосланиб баҳо беради ва бу борадаги фикрларини мазкур ишчи гуруҳ учрашувида тақдим этади. Бу учрашув яқин ҳафталар ичида ўтказилишига умид қиляпмиз.

Мухбир: ЕИ 13 ноябрда қабул қилган қарор 3 ойдан кейин Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини инобатга олган ҳолда қайта кўриб чиқилиши айтиляпти. Айтингчи, ЕИ 3 ой ичида Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти яхшиланишига қанчалик ишоняпти?

П.Моррел: Саволингизни яхши тушунаман. Брюсселнинг расмий хабарномасида кўрганингиздек, биз вазиятга аниқ ва реал воқеликка асосланиб баҳо беришга ҳаракат қиляпмиз. Айни пайтда ЕИ кенгашининг қарори Ўзбекистон билан мулоқот учун имкониятларни очиб беради ва у ердаги вазиятни тез муддат ичида яхшилаш учун тезкор чораларни тақозо қилади. Шунинг учун бугунги қарорни уч ойдан кейин қайта кўриб чиқишга қарор қилдик. Бунда, айтиб ўтганимдек, масаланинг барча томонларини, ҳам ижобий, ҳам салбий жиҳатларини инобатга оламиз. Лекин, менимча, мулоқотни тиклаш ва вазиятни яхшилаш борасида тезкор чораларни кўриш вақти келди.
XS
SM
MD
LG