Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:00

Жанубий Осетия яна бир бор Грузиядан “мустақил” бўлди


12 ноябрь куни Жанубий Осетияда ўтказилган референдумда айирмачи республика аҳолисининг 99 фоизи Жанубий Осетия Грузиядан мустақил бўлиши учун овоз берди.

Референдумнинг дастлабки натижалари 12 ноябрдан 13 ноябрга ўтар кечаси эълон қилинди. Кўпчилик референдумда Грузиядан ажралишни маъқуллагани хабар қилингач, тун бўлишига қарамай, Жанубий Осетия пойтахти Цхинвалида тантаналар бошланди.

“Аҳолининг 90 фоиздан ортиқроғи, деярли юз фоизга яқини республикамиз мустақиллиги учун овоз берди”, - деди референдумнинг аниқ натижаларини 13 ноябрь куни эълон қилган Жанубий Осетия Марказий сайлов комиссияси раисаси Белла Плиева.

Жанубий Осетиянинг Грузия таркибидан чиқиш ҳаракатлари 1991 йилда бошланган эди. Бу ҳаракат Грузия ва Жанубий Осетия ўртасида уруш бошланишига олиб келди. Бир йил давом этган урушда юзлаб одам ўлди, ўн минглаб одам эса бошқа мамлакатлардан бошпана излашга мажбур бўлди. Уруш якунлангач, 1992 йилда ўтказилган референдумда ҳам жанубий осетияликлар мустақиллик учун овоз берганди.

“Биз 1992 йилги референдум натижаларини яна бир бор тасдиқладик. Биз жуда тўғри қарор қабул қилдик, деб ҳисоблайман. Бу референдумни жуда кўп хорижлик кузатувчилар ва журналистлар кузатди. Ўйлайманки, улар жаҳон оммасига жанубий осетияликлар ўз мустақилликларини нақадар эъзозлаши ҳақида етказади”, - деди референдумда қатнашган Жанубий Осетия раҳбари Эдуард Кокойта.

Россияни истисно этганда референдум натижалари халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаслиги мумкин. Европа Иттифоқи расмийси Терри Дэвис Жанубий Осетияда ўтказилган референдумни “кераксиз, адолатсиз ва самара бермайдиган уриниш”, деб баҳолади. Унинг айтишича, ЕИ овоз бериш натижаларини тан олмайди.

Расмий Москва эса Жанубий Осетия халқининг хоҳиш-иродаси ҳурмат қилиниши лозимлигини таъкидлаб келмоқда.

Жанубий Осетия аҳолисининг 30-40 фоизини ташкил этадиган этник грузинлар ҳам референдум натижаларини тан олмаслигини билдирмоқда. Овоз беришда иштирок этганлар Жанубий Осетия паспортига эга бўлиши шарт эди. Айирмачи республикада яшаётган этник грузинлар бундай паспортга эга эмас. Шу боис, улар референдумда иштирок эта олмаган.

Улар осетинларнинг мустақиллик референдуми куни муқобил овоз бериш ўтказди. Расмий Цхинвали расмий Тбилиси билан музокараларни давом эттириши керакми, деган масала юзасидан ўтган бу муқобил референдумда қатнашганларнинг 88 фоизи Жанубий Осетия Грузия таркибида қолиши кераклигини билдирган.

Грузия Жанубий Осетиядаги мустақиллик референдумини ноқонуний, деб эълон қилган.

“Бугунги зиддиятли вазиятда овоз бериш натижалари қонунийдир, деган гап ноўриндир. Жанубий Осетияда муқобил овоз бериш ўтказилган ва унинг натижаларига таяниб айтиш мумкинки, кўпчилик Э.Кокойтининг жиноий режимига қаршидир. Цхинвали аҳолиси Россия томонидан таъсир ўтказилаётганига қаршидир. Жанубий осетияликларнинг кўпчилиги тинчликни истайди. Улар зиддият муроса йўли билан бартараф этилиши тарафдорларидир”, - дейди Грузия парламентининг Европага интеграцияланиш қўмитаси раҳбари Давид Бакрадзе “Озодлик” мухбири билан суҳбатда.

Жанубий Осетияда ўтказилган референдум оқибатида Россия ва Грузия муносабатлари яна муракаблашгани хабар қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG