Линклар

logo-print

“Озодлик” микрофони Самарқандда

  • Сарвар Усмон

“Озодлик” самарқандикларнинг бугунги кайфиятини ўрганишга ҳаракат қилди. Аввалига бир-бирига алоқаси йўқдек туюладиган қуйидаги гаплар нафақат самарқанликлар, балки барча ўзбекистонликларнинг ҳам дилидаги гаплар бўлса, не ажаб!

“Озодлик”ка гапирган биринчи самарқандлик аёл ортда қолган дам олиш куни тўғрисида айтиб берди:

- Ўзим учун дам оламан, дейману лекин иложини қила олмайман. Кеча, дам олиш кунида онамни кўриб келдим. Бугун кўча айланиб келдим. Ҳозир, мана, овқат қиляпман.

Самарқанд сайёҳлар шаҳри. Лекин шаҳарликларнинг ўзи ҳам баъзи-баъзида сайёҳга айланиб туради.

- Шаҳардаги қадамжоларни зиёрат қилиб туришга ҳаракат қиламиз. Оиламиз билан борамиз. Меҳмонлар келади: Тошкентдан, Жалолободдан... Улар билан айланамиз шаҳарни.

Ўз уйинг - ўлан тўшагинг. Самарқандликлар бу нақл замиридаги ҳикматни жуда яхши илғайди.

- Гапнинг рости, Самарқандсиз яшаб бўлмайди. Бирор жойга борар бўлсак ҳам тездагина қайтгимиз келиб қолади.

Тошкент яхши, лекин Самарқанд яхшироқ:

- Тошкентда борганман, у ерда 5 йил яшаб, ўқиганман. Лекин ҳозир борсам, яна тезда Самарқандга қайтгим келади.

Шаҳар гўзалу, лекин самарқандликлар жамоат транспортидан хотиржам фойдаланишдан чўчиб туради.

- "Дамас"ларни тажрибасиз ёш йигитлар ҳайдайди. Тиббий кўрикдан ўтадими-йўқми, билмайман. Шунинг учун ёшлар ҳайдайдиган машинага чиқмасликка ҳаракат қиламан. Қўрқаман.

Бунинг устига йўллар ҳам яхши эмас. Мана бу самарқандлик йигит бунинг сабабини ўзича изоҳлайди:

- Йўлсозлар айбдор бўлса керак. Катта ишхоналарнинг ҳам айби бор – солиқларни вақтида тўламайди. Энг асосий сабаб маблағ етишмаслигида, деб ўйлайман.

Президент Каримовнинг келиб чиқиши самарқандлик экани сезилиб туради, дейди самарқандликлар.

- Президент 21-мактабда ўқиган. Шу мактабни жуда таърифлашади. Ўқитувчилари билан гаплашганман. Уларнинг айтишича, президентимиз зиёрат қилиб кетар экан мактабини. Болалар уйи ҳам бор. Унгаям Каримовнинг эътибори яхши.

Ислом Каримов нафақат ўқиган мактаби ва болалар уйини, балки ёшлигининг ёрқин хотираларидан бири кинотеатрни ҳам яхшилаб таъмирлатган, дейди самарқандликлар.

Умуман, самарқандликлар ўзларининг энг таниқли юртдошини ҳурмат қилади, президентни бобомиз, деб атайди. Лекин бунинг лекини ҳам бор:

- Ҳар ким ҳам, президентми у ёки завод директорими, бундан қатъи назар, дастлаб жуда ишчан, талабчан бўлади. Бора-бора унинг ҳафсаласи совийдими, ҳар ҳолда ишларни ташлаб қўяди. Менимча, Каримов бобомиз чарчадилар. Ёшроғи, чаққонроғи келса, яхши бўлармиди. Ҳай, Каримов ҳам баъзи соҳаларни яхши уддалаяпти. Масалан, чет эл билан алоқаларимиз жуда яхши бўлиб кетди. Балки оддий халқнинг ичига кириб кўрсалар бўлармиди? Қишлоқ жойларда ҳаёт жудаям оғир.
XS
SM
MD
LG