Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:54

Буюк Британия Сурия ва Эрон билан музокараларга чақиряпти


Буюк Британия раҳбарияти Ироққа нисбатан сиёсатини қайта кўриб чиқиш ҳаракатларини бошлади. Конгрессга ўтказилган сайловдан кейин АҚШ ҳам шу қарорга келган эди.

Конгрессга ўтказилган сайловда Жорж Бушнинг Республикачилар партияси мағлубиятга учрагач, Оқ уй маъмурияти Ироққа нисбатан янги стратегия ишлаб чиқишга киришганди.

Ҳозир республикачилар ва демократлар ўз эътиборини Ироқ борасида янги муштарак сиёсат ишлаб чиқишга қаратмоқда. Шу боис, АҚШ Конгрессида икки партия вакиллари иштирокида махсус комиссия тузилди. “Ироқни ўрганиш гуруҳи” номини олган бу комиссияга собиқ давлат котиби Жеймс Бейкер бошчилик қилмоқда. Гуруҳ Ироққа оид ўз тавсияларини келаси ой бошида эълон қилиши кутиляпти.

Оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, 10 аъзодан иборат бу комиссия АҚШ қўшинларини Ироқдан босқичма-босқич олиб чиқиш ҳамда Эрон ва Сурия билан мулоқот бошлашни таклиф қилишни мўлжаллаяпти.

Комиссия аъзолари душанба куни Жорж Буш билан учрашиб, дуч келинаётган қийинчиликлар ва бошқа масалаларни муҳокама қилди. Учрашувдан сўнг Ж.Буш Америка қўшинларини Ироқдан олиб чиқиш бу мамлакатдаги хавфсизлик вазиятига боғлиқ эканини айтди.

“Мен Ироқ ҳақида тавсиялар тайёрлаётганлар Америка ҳарбийларни олиб чиқиш муддатини белгилашда у ердаги хавфсизлик вазиятини ҳисобга олиши жуда муҳим, деб ўйлайман”, - деди АҚШ раҳбари.

Айни пайтда президент Ироқ ва бошқа масалаларда Эрон билан музокара ўтказишни хоҳлашини, аммо бу Теҳрон расмийлари уранни бойитиш дастурини тўхтатишига боғлиқ эканини билдирди.

“Агар эронликлар музокараларни хоҳласа, биз уларга бунинг йўлини кўрсатдик, яъни уранни бойитиш ишлари тўхтатилиши кераклигини айтдик”, - деди Жорж Буш.

Республикачилар партияси ва Конгресс назоратини қўлга киритган демократлар қандай келишувга эришиши ҳозирча маълум эмас. Аммо бу кўп жиҳатдан Жорж Бушнинг Европадаги яқин иттифоқчиси бўлган Буюк Британия бош вазири Тони Блэрга ҳам боғлиқ.

13 ноябрь куни Т.Блэр Эрон ва Сурия билан сўзлашув ўтказишга чақирди. Унинг фикрича, Ироқда содир бўлаётган зўравонликлар мамлакат ташқарисидаги бир гуруҳ экстремистларнинг бевосита таъсири натижасидир.

“Ироқ муаммосининг ечими мамлакат ичида эмас, балки унинг ташқарисида, бутун минтақада. Глобал терроризмнинг илдизларини, экстремизм гуллаб-яшнаётганини айнан шу минтақада кузатиш мумкин. Ташвиқотлар сохта бўлишига қарамай, аксарият араб давлатларида унга қулоқ солинмоқда. Бу бутун Яқин Шарқ стратегиясидир”, - деди Т.Блэр.

У Эронни минтақада барқарорлик ўрнатишда ёрдам беришга чақириб, акс ҳолда ёмон оқибатлар келиб чиқиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Вашингтон расмийлари Ироқ борасида янги сиёсат ишлаб чиқариш устида ишлаётган бир пайтда мутахассислар Ироқ муаммосини минтақадаги бошқа бўҳронлардан айри ҳолда ҳал қилиб бўлмайди, дея фикр билдирмоқда.
XS
SM
MD
LG