Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:54

Ўзбекистон яна “алоҳида ташвиш уйғотмоқда”


АҚШ Ўзбекистонни диний эркинликлар қўпол равишда бузилаётган давлатлар сирасига қўшди. Бу ҳақдаги ҳисоботда у Эрон, Хитой, Мьянма, Саудия Арабистони, Шимолий Корея ва Эритрея қаторида турибди.

АҚШ Давлат департаменти эълон қилган мазкур ҳисоботда улар диний эркинликлар борасида “алоҳида ташвиш уйғотувчи” давлатлар экани таъкидланади.

Давлат департаметида диний эркинликлар масаласи билан шуғулланувчи элчи Жон Ҳэнфорднинг айтишича, Ўзбекистонда “мусулмонлар аҳволи ёмонлашишда давом этгани учун” бу мамлакат шу рўйхатдан ўрин олган.

Ж.Ҳэнфорд Ўзбекистоннинг дин тўғрисидаги қонуни халқаро меъёрларга зид бўлиб, ҳукумат бу ҳужжатни мусулмонларга ҳам, насронийларга ҳам қарши қўллаб келаётганини билдирди.

“Эрон, Шимолий Корея, Саудия Арабистони, ва Хитой билан бир қаторда Ўзбекистоннинг ҳам диний эркинликлар топталаётган ва алоҳида ташвиш уйғотаётган давлатлар рўйхатига киритилиши у ердаги вазият билан боғлиқ”, - деди элчи.

“Ўзбекистонда диний эркинликнинг поймол этилиши жуда жиддий ва кенг тарқалган ҳамда бу вазият сўнгги йил давомида янада ёмонлашган”, - дейилади ҳисоботда.

Диний эркинлик масалалари билан шуғулланувчи “Форум 18” ташкилоти таҳлилчиси Феликс Корли ҳам ҳисоботдаги хавотирлар ўринли эканини айтади.

“Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги барча дин вакилларига нисбатан қўпол сиёсат юргизиб келмоқда. Мусулмон бўладими ёки бошқа диний жамоалар, ҳукумат улар устидан назорат ўрнатиб олган”, - дер экан Ф.Корли Ўзбекистонда Андижон исёнидан сўнг мусулмонларга нисбатан тазйиқлар кучайгани ва кўпгина ноҳукумат ташкилотлар уйдирма сабаблар билан ёпилганини қўшимча қилди.

Ўзбекистон ҳукумати эса бу чоралар хавфсизлик мақсадида олиб борилаётгани ва жиноий жавобгарликка тортилган мусулмонлар мамлакат конституциявий тузумига қарши бўлган турли экстремистик радикал гуруҳлар аъзолари эканини айтиб келади.

Ф.Корли Ўзбекистон ҳукуматининг бу хавотирлари ўринли экани, аммо экстремист сифатида қамалаётганларнинг кўпчилиги унинг назарида оддий фуқаролар эканини таъкидлади.

“Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан радикал гуруҳлар таҳдиди мавжуд. Бу тўғри. Лекин ҳукумат ўта хавфли ислом ақидапарастлари сифатида кўрадиган одамларнинг аксари, балки ҳаммасидир, радикал гуруҳлар ишига тўғридан-тўғри аралашган одамлар эмас”, - дейди Ф.Корли.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси вакили Беҳзод Муҳсинович АҚШ Давлат департаменти ҳисоботи билан танишиб чиқмагани учун мавзу юзасидан муносабат билдира олмаслигини маълум қилди.

АҚШ президенти Жорж Бушнинг Ханойда ўтадиган Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамжамияти саммитида иштирок этишидан олдин эълон қилинган ҳисоботда диний эркинликлар соҳасида эришган муваффақиятлари учун Вьетнам “қора рўйхат”дан чиқарилган. АҚШ қонунчилигига кўра, бу рўйхатга киритилган давлатларга қарши иқтисодий чекловлар жорий этилиши мумкин.

АҚШ Европа Иттифоқи инсон ҳуқуқлари борасида ташвиш билдириб, Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистонга қарши жорий этилган санкцияларни узайтирганини ҳам олқишлади. Шу билан бирга, АҚШ Ўзбекистон ва ЕИни ўзбек халқининг фаровонлиги йўлида ҳамкорликни давом эттириш ва ўзаро муносабатларни яхшилаш йўлларини излайверишга чақирди.
XS
SM
MD
LG