Линклар

logo-print

Текин ва тансиқ... заҳар


Жанубий Қозоғистонда қўзиқориндан заҳарланиш сабабли сўнгги 8 кун ичида қирқдан зиёд одам шифохонага мурожаат қилди. Айни пайтда уларнинг икки нафари оламдан ўтган, 7 киши вилоят шифохонасида оғир аҳволда ётибди.

Вилоят санитария эпидемиология департаменти бўлими бошлиғи Марияш Сейталиеванинг билдиришича, ўлганлардан бири Тулибей туманилик 22 ёшли йигит, бошқаси чимкентлик 28 ёшли аёлдир.

Қўзиқориндан заҳарланиш ҳолати Жанубий Қозоғистонда илк бор 6 ноябрь куни қайд этилди. Ҳозир вилоят шифохонасининг токсикология бўлимига ҳар куни қўзиқориндан заҳарланган 4-5 киши мурожаат қилмоқда.

“Бугун тунда яна 5 киши шифохонага ётқизилди. Учтаси Тулибей туманидан, 2 бемор Чимкент шаҳридан”, - дейди М.Сейталиева.

Аксарият ҳолларда беморлар шифохоналарга ўта оғир аҳволда олиб келиняпти. Қўзиқориндан заҳарланаётган орасида 7 ёшдан 60 ёшгача бўлганлар одамлар бор.

Маълум бўлишича, кўп ҳолатларда қўзиқориндан тайёрланган овқатни истеъмол қилиш натижасида оилавий заҳарланиш кузатиляпти. Масалан, Қайнарбулоқ овулида яшайдиган икки оила бирга қўзиқорин териб, ундан тайёрланган овқатни егани сабабли бирданига 8 киши шифохонага тушган.

9 ёшли Виталик ҳам уйида қўзиқориндан тайёрланган кечки овқатдан заҳарланган. У билан бирга оиланинг барча аъзолари ҳам шифохонага ётқизилган. Айни пайтда Виталикнинг онаси жонлантириш бўлимида ётибди.

“Мен қўзиқоринли таомларнинг ишқибозиман. Ҳар доим шундай овқат тайёрлаб ердик. Лекин ҳеч қачон бунақа вазият бўлмаганди”, - дейди Виталикнинг отаси.

Жанубий Қозоғистонда қўзиқориндан оммавий заҳарланиш бундан 20 йил аввал ҳам кузатилган. Ўшанда ҳам анча-мунча одам заҳарланишдан вафот этганди.

М.Сейталиеванинг айтишича, қўзиқориндан заҳарланиш ҳолатларининг 50-60 фоизи ўлимга олиб келади. Бемор 2-3 кун ичида оламдан ўтиши мумкин. Қўзиқориндан заҳарланганда қоринда оғриқ пайдо бўлиб, кўнгил айнийди. Бундай ҳолатда дарҳол шифокорга мурожаат қилиш керак.

Сўнгги кунларда Жанубий Қозоғистонда ёмғир кўп ёғиб, куз ҳавосининг илиқлиги боис қўзиқорин кўп бўляпти. Одамлар орасида эса қўзиқоринли овқатларга ишқибозлар анчагина. Мутахассислар эса ахборот-тушунтириш ишлари олиб борилса-да, натижа бўлмаётганидан ташвишда.

Сўнгги икки ой ичида Жанубий Қозоғистонда нарх-наво анча қимматлади. Озиқ-овқат маҳсулотлари баҳоси икки баробар ошиб кетди. Кўпчилик ўзини қиммат маҳсулотлардан тийишга мажбур бўлмоқда. Кузги ёмғирдан кейин пайдо бўлаётган қўзиқорин эса аксарият оилалар учун текин ва тансиқ таомдир.
XS
SM
MD
LG