Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:56

Яқин Шарқ бўҳрони бошқа можароларга ҳам сабаб бўлмоқдa


Исроил армияси қисмлари Фаластин ҳудудларида ҳарбий амалиётларни давом эттириб, Наблус шаҳри шимолида жойлашган “Бит Илма” қочқинлар лагерида рейд ўтказди.

Фаластин хавфсизлик хизмати маълумотига кўра, отишмалар пайтида Фаластин озодлик ҳаракатининг “Абу Али Мустафо” қуролли гуруҳига аъзо бўлган Баха Хатарий ҳалок бўлган. Шунингдек, Исроил армияси Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида ўтказган амалиёт давомида 16 фаластинлик ҳибсга олинган.

“Франс-пресс” ахборот агентлиги хабарига кўра, 2000 йилда Исроилга қарши исёнлар бошлангандан бери 5563 одам, асосан, фаластинликлар ҳалок бўлган.

Дунёга таниқли сиёсатчилар ва дин арбоблари Исроил-Фаластин можароси шунчаки минтақавий эмас, балки халқаро миқёсдаги муаммо эканини таъкидламоқда.

Туркия ва Испания раҳбарлари ташаббуси билан 12-13 ноябрь кунлари Истанбулда БМТ ҳомийлигида “Маданиятлар иттифоқи” номли халқаро анжуман бўлиб ўтди. Унда дунёнинг ўнлаб таниқли сиёсий арбоблари ва етакчи мутахассислари маъруза қилди. Хусусан, йиғилишда сўзга чиққан Испания бош вазири Хосе Луис Родригес Сапатеро Яқин Шарқ можароси бошқа можароларга сабаб бўлаётганини таъкидлади.

“Мен Фаластиндаги вазият аянчли эканини айтиб ўтмоқчиман. “Маданиятлар иттифоқи” ҳисоботида Яқин Шарқ можароси батафсил ўрганиб чиқилди. Бу можаро бошқа можаролар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. ... Дунё ҳукуматлари ва халқаро жамоатчилик бу муаммони ҳал этишда зудлик билан чоралар кўриши керак ”, - деди Испания бош вазири.

Анжуманда сўзга чиққанлар Исроил ва Фаластин можаросининг ҳал этилиши экстремистлар кўпайиши жараёнини тўхтатишда муҳим аҳамиятга эгалигини билдирди.

“Улар, яъни экстремистлар мусулмон дунёси ғазабини қўзғаётган Араб-Исроил можаросига эътибор қаратиб, ўз сафларини кенгайтиришга уринмоқда”, – деди анжуман ташкилотчиларидан бири Эммануэл Каттан.

Анжуманда Исроил ва Фаластин можаросининг ҳал этилиши Ғарб ва мусулмон дунёси муносабатлари яхшиланишида муҳим рол ўйнаши таъкидлаб ўтилди.

Бироқ 14 ноябрь куни Фаластиндаги ҳукмрон “Ҳамас” гуруҳи мухториятнинг шу ой охирида тузилиши кутилаётган янги бирлик ҳукумати Исроилни тан олмаслигини маълум қилди.

Тўққиз ой олдин Фаластинда ўтказилган сайловда радикал “Ҳамас” гуруҳи ҳокимият тепасига келганидан сўнг Европа Иттифоқи ва АҚШ мухториятга кўрсатилаётган молиявий ва бошқа ёрдамларини тўхтатиб қўйган эди. Улар халқаро ёрдам давом этиши учун Фаластин ҳукуматидан Исроил давлатчилигини тан олишни, зўравонлик сиёсатидан воз кечишни ва Фаластин-Исроил ўртасида илгари имзоланган барча келишувларга риоя қилишни талаб этмоқда.

15 ноябрь куни Миср пойтахти Қоҳирада Яқин Шарқ тинчлик жараёни ҳомийлари, яъни АҚШ, ЕИ, Россия, БМТ ва Ғарб давлатлари дипломатлари учрашуви бошланади. Араб давлатлари Исроил ҳарбийларининг Фаластинда тўрт ярим ойдан бери давом этаётган босқинини кескин танқид қилмоқда. Йиғилишда ана шу масала муҳокама этилиши кутиляпти.
XS
SM
MD
LG