Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:59

Экологияга оид халқаро хабарлар


АҚШ Фанлар академиясига қарашли журналда ўрмонлар ҳақида ўтказилган халқаро тадқиқот натижалари эълон қилинди. Ҳисоботга кўра, сўнгги йилларда дунё бўйича ўрмонлар қайта тикланаётгани ва ҳозирда дунё ўрмонларидаги дарахтлар 200 йил олдингига қараганда анча зич экани билдирилган. Ҳисоботда билдирилишича, охирги 15 йил мобайнида АҚШ ва Хитойда ўрмон ҳудудлари кўпайган аммо Бразилия ва Индонезияда ўрмонлар камайган. Халқаро хисоботда аҳоли жон бошига бир йилда тўрт минг 600 доллардан кўп даромад кўраётган давлатларда охирги бир неча ўн йил мобайнида ўрмон ҳудудларини кенгайтириш лойиҳалари амалга ошириб келинаётгани қайд этилган.

*** *** ***

Аҳлат сифатида Тинч Океанига ташлаб юборилган пластмасса идишлар Гавайи ороли яқинида денгиз ҳайвонларининг ўлишига сабаб бўлмоқда.
Атроф-муҳит ҳимояси билан шуғулланувчи “Greenpeace” ташкилоти тарқатган хабарга кўра, денгиз ҳайвонлари катта ва кичик хажмдаги пластмасса идишларни емоқда ёки бутунлигича ютиб юбормоқда. “Greenpeace” фаолларига кўра, туристлар, балиқчилар ва хар-хил кемалардан сувга ташлаб юборган пластмасса идишлар денгизда бир жойга тўпланиб, қарийб Афғонистон ҳудудидек жойни эгаллаб турибди.

*** *** ***

Кения пойтахти Найробида БМТнинг Иқлим ўзгаришига бағишланган 12-халқаро анжумани иш бошлади. Унда 189 давлатнинг Атроф-муҳитни сақлаш вазирлари, ҳукуматлар вакиллари, шунингдек, ўнлаб халқаро ва маҳаллий ташкилотлар вакиллари қатнашмоқда.

БМТ Атроф-муҳит дастури вакили Ник Наттал анжуманда кўрилаётган масалалар ҳақида Озодлик радиосига бундай деди:

“Иқлим ўзгариши давом этаётган бир пайтда ривожланаётган давлатларнинг шундай шароитга мослашишида уларга қандай қилиб ёрдам бериш анжуманда муҳокама этилаётган муҳим масалалардан биридир ”, – деди БМТ вакили.

Ник Натталга кўра, анжуманида асосий эътибор Африка минтақасига қаратилади. Чунки Африка иқлим ўзгаришидан ҳозирга қадар энг кўп зарар кўрган қитъа ҳисобланади. БМТ вакили йиғилишида бошқа ривожланаётган давлатлар иқтисодиётини глобал иқлим исиши шароитига мослаштиришда, яъни иссиқлик ва қурғоқчиликка чидамли бўлган экин навларини яратиш, янги инфраструктуралар барпо этиш ва бошқа тадбирларни амалга оширишда ёрдам бериш ҳам муҳокама этилишини билдирди.

Иқлим ўзгаришига бағишланган анжуманда чиқиш қилган БМТ Бош котиби Кофи Аннан глобал ҳарорат исишига қарши курашда раҳбарлик сустлигини танқид қилди. Кофи Аннан атмосферага чиқарилаётган зарарли газлари учун халқаро миқёсда солиқ жорий қилишни таклиф этди. БМТ Бош котибига кўра, бундай солиҳдан олинган даромад иқлим ўзгариши оқибатларини тугатиш шларига сарфланади.

Айни пайтда, БМТ Атроф-муҳит дастурининг Молиявий ташаббус гуруҳи глобал иқлим ўзгариши туфайли содир бўлаётган табиий офатлардан кўрилаётган зарар миқдори ҳар 12 йилда икки баробарга кўпайиши ҳақида огоҳлантирди. БМТ маълумотига кўра, 30 – 40 йилдан кейин қурғоқчилик, бўронлар, сув тошқинлари ва бошқа табиий офатлар дунё иқтисодиётига бир триллион доллар миқдорида зарар етказиши мумкин.

*** *** ***

БМТнинг Атроф-муҳит дастури дунё бўйлаб бир миллиард дарахт экиш кампаниясини бошлади. Бу лойиҳа глобал иқлим исишининг олдини олиш чоралари доирасида амалга оширилмоқда. Дунё ҳукуматлари, турли миллат-элатлар, халқаро ва маҳаллий ташкилотлар, атроф-муҳит ҳимоячилари ва бошқалар бу лойиҳада иштирок этиш истагини билдирган. БМТ маълумотига кўра, 2007 йил давомида юзлаб миллион туп дарахт кўчатлари экилиши режаланган. Мазкур лойиҳани дунёга танилган сиёсий арбоблар жумладан Нобел Тинчлик мукофоти лауреати Маатай Вангари, Монако шахзодаси Алберт II ва бошқалар қўллаб-қувватламоқда.
Халқаро ЭКОСАН жамғармаси раҳбари Юсуф Шодиметов Озодлик мухбири билан суҳбатда Ўзбекистонда ҳар йили баҳорда 40 – 50 миллион туп дарахт кўчатлари экилишини айтди.

*** *** ***
XS
SM
MD
LG