Линклар

Польша Россиянинг оёғидан чалишга уриняпти

  • Ҳурмат Бобожон

Польша Европа Иттифоқи ва Россия ўртасида шериклик муносабатлари тўғрисидаги шартномага вето қўйгани бу ҳужжатнинг келаси ҳафтада Хельсинкида ўтадиган саммитгача тайёр бўлишига халақит бериши мумкин.

Польша бу шартномани ратификация қилиш эвазига Россиядан ЕИнинг Энергетика хартиясини имзолаш ва озиқ-овқат маҳсулотлари импортига чекловларни олиб ташлашни талаб қилмоқда. Аммо ЕИнинг ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси Ҳавьер Солана “Озодлик” мухбири билан суҳбатда бу шартномага эришилишига шубҳа йўқлигини ва масала Польша билан муҳокама этилаётганини билдирди.

“Польша томони музокараларда Россия Энергетика хартиясини қабул қилишини истаяпти. Россия хартия фалсафасига қарши эмаслигини кўп бор билдирган. Аммо уни ҳозирги аҳволда қабул қила олмаслигини айтган. Россия билан бу масалани кейин яна муҳокама этишга келишганмиз ва аминманки, Польша буни яхши тушунади”, - деди Ҳ.Солана.

Россия президенти Владимир Путин ЕИнинг ўтган ой Финляндияда бўлган норасмий учрашувида Энергетика хартиясини имзолашдан бош тортган эди. Бу ҳужжат бошқа бир қатор масалалар баробарида Россияни энергетика сиёсатини эркинлаштиришга мажбурлайди. Аммо В.Путин мазкур масала ЕИ аъзолари билан алоҳида муҳокама этилишини айтган ва бу Россия энергия манбаларига қарам бўлган ЕИнинг айрим давлатлари эътирозига сабаб бўлган эди. Шунга қарамай, ЕИга раислик қилаётган Финляндия ташқи ишлар вазири Эркки Туомоа тузилма давлатлари Россия билан шериклик шартномаси борасида бир тўхтамга кела олишига умид билдирди.

“Биз шериклик тўғрисидаги шартнома устида ишларни давом эттирамиз. Бунга ЕИ-Россия саммитидан олдин эришилиши керак”, - деди Э.Туомоа.

ЕИнинг айрим давлатлари, жумладан, Литва ҳам Польшанинг Россия энергетика сиёсати борасида тутаётган позициясини қўллаб-қувватламоқда.

Литва ташқи ишлар вазири ўринбосари Зигмантас Павиллионис сўзларига кўра, Литва бу борада Польша билан масалаҳатлашган ҳолда иш кўрмоқда.

“Сентябрь ойидан бошлаб Литва Россия-ЕИ шериклигига оид барча масалаларни ўзининг стратегик шериги Польша билан маслаҳатлашган ҳолда кўриб чиқмоқда. Нафақат Польша стратегик ҳамкоримиз бўлгани учун, балки манфаатларимиз, айниқса, энергетика соҳасида бир-бирига мос келгани учун шундай қилинмоқда”, - деди Литва дипломати.

Айни пайтда Россия Польша ветоси асоссиз эканини айтмоқда. Россия президентининг ЕИ билан алоқалар бўйича махсус вакили Сергей Ястржембский Польшани ўз ички муаммоларини Европа даражасида дастурхон қилаётганликда айблади. Шунингдек, Москва ЕИ кенгайиши Брюссель учун хавфли элемент бўлиши мумкинлиги ҳақида аввалги огоҳлантирувлари бугун асосли бўлиб чиқаётганига ҳам ишора қилган.
XS
SM
MD
LG